Тожикистон-Афғонистон чегарасида қуролли тўқнашув. Қурбонлар бор

13:10 25 Декабрь 2025 Дунё
312 0

Фото: «Reuters»

2025 йил 24 декабрга ўтар кечаси Тожикистон ва Афғонистон чегарасида қуролли тўқнашув юз берди. Бу ҳақда Тожикистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси хабар берди.

Маълум қилинишича, 23 декабрь куни соат 23:30 да Афғонистон ҳудудидан уч нафар террорчи Тожикистон ҳудудига ноқонуний равишда кириб келган. Улар Шамсиддин Шоҳин туманида жойлашган 0341-сонли «Сарчашма» чегара отрядига қарашли «Боғ» номли 5-сонли чегара кузатув пости ҳимоя ҳудудини бузиб ўтган.

Тезкор-қидирув чора-тадбирлари натижасида 24 декабрь куни соат 11:15 да террорчиларнинг Тожикистон ҳудудидаги жойлашув манзили аниқланган. Улар чегарачиларнинг таслим бўлиш ҳақидаги талабига бўйсунмасдан, қуролли қаршилик кўрсатган. Қайд қилинишича, қуролланган шахслар Давлат хавфсизлик қўмитаси Чегара қўшинларининг чегара постларидан бирига ҳужум уюштиришни режалаштирган.

Қуролли тўқнашув давомида уч нафар террорчи ҳам йўқ қилинган. Ҳодиса жойидан М-16 русумли милтиқ, Калашников автомати, 3 та хорижда ишлаб чиқарилган товуш сўндиргичли тўппонча, 10 та қўл гранатаси, тунги кўриш қурилмаси, портловчи моддалар ва бошқа ҳарбий анжомлар мусодара қилинган.

“Афсуски, террористик ҳужумнинг олдини олиш вақтида Тожикистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси Чегара қўшинларининг икки нафар ҳарбий хизматчиси — Наврўзбеков Зиреҳбон Нағзибекович ва Қурбонов Исматулло Ғуломович ҳалок бўлди”, дейилади хабарда.

Таъкидланишича, бу охирги бир ой ичида Афғонистон томонидан Тожикистон ҳудудига ноқонуний кириш ва қуролли ҳужум уюштириш билан боғлиқ учинчи ҳолатдир. Тожикистон Чегара қўшинлари мамлакат давлат чегараси хавфсизлиги тўлиқ таъминланганини билдириб, вазият ҳозирча барқарор эканини маълум қилди. Ҳодиса юзасидан тергов ишлари давом этмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер