Тошкентда «Туркий дунё аёл ҳунармандлари» халқаро кўргазмаси очилди

Фото: Давронбек Эрназаров / «Халқ сўзи»
2025 йил 21–25 апрель кунлари Тошкент шаҳридаги Ўзбекистон тасвирий санъат галереясида «Туркий дунё аёл-ҳунармандлари» халқаро кўргазмаси бўлиб ўтмоқда. ТУРКСОЙ ва Ўзбекистон Бадиий академияси ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур маданий тадбир туркий мамлакатлар ўртасидаги ижодий алоқаларни мустаҳкамлаш, анъанавий ва замонавий санъат намуналарини оммалаштиришга хизмат қилмоқда.

Кўргазмага Ўзбекистон Бадиий академияси академиги, санъатшунослик фанлари доктори, профессор, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Камола Акилова кураторлик қилмоқда. Лойиҳанинг ҳаммуаллифларидан бири — санъатшунос Гулнора Эшмуродова.

Кўргазма ғояси илк бор 2023 йил апрель ойида Тошкентда ўтказилган ТУРКСОЙга аъзо давлатлар рассомлари кўргазмаси доирасида шаклланган. Лойиҳа сайёр кўргазма форматида ташкил этилган бўлиб, унинг дастлабки таҳрири 2024 йилда Бишкек шаҳрида муваффақиятли ўтказилган эди.

Кўргазмада Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон, Туркия ва Ўзбекистон каби давлатлардан келган рассом аёлларнинг асарлари намойиш этилмоқда. Экспозицияда анъанавий ҳунармандчилик турлари — гилам тўқиш, каштачилик, намат босиш билан бирга, замонавий тасвирий санъатнинг турли йўналишларида яратилган асарлар ҳам ўрин олган.

Ташкилотчиларнинг таъкидлашича, кўргазманинг мақсади туркий мамлакатлар санъаткор аёллари ўртасида ижодий мулоқот ва ҳамкорликни кучайтириш, санъат орқали умуминсоний ва маданий қадриятларни ёритишдан иборат. Тадбир доирасида махсус каталог ҳам нашр этилган.

Мазкур кўргазма нафақат туркий халқларнинг «генетик хотира»сини ўзида мужассам этган бадиий намуналар билан танишиш, балки умумий маданий бирлик ва маънавий яқинликни ҳис қилиш имконини ҳам тақдим этмоқда.












Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Саудия Арабистонида «Ўзбекистон маданияти кунлари» давом этмоқда
- Супер ой: Бугун Ернинг табиий йўлдоши одатдагидан анча катта кўринмоқда
- Самарқандда ЮНЕСКОнинг 43-сессиясига тайёргарлик авжида
- Аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тартиби белгиланди
- Марказий Осиё педагоглари Нукусда жам бўлди
- Ҳудудларда 34 та юқори технологияли саноат лойиҳалари амалга оширилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг