Тошкентда сабзавот экинлари уруғчилиги бўйича тренерлар тайёрлаш тренинги ўтказилди

Бугун, 25 июнь куни Тошкентда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) томонидан Сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий-тадқиқот институтида сабзавот экинлари уруғчилиги бўйича Тренерлар тайёрлаш тренинги ўтказилди.
Тадбир БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти «Кичик фермерлар барқарор аграр озиқ-овқат экотизимларига эришиш учун қишлоқ хўжалигидаги инноваторлар сифатида» лойиҳаси доирасида ташкил этилди. Мазкур лойиҳа ташкилотнинг Мослашувчан Ихтиёрий Ҳисса механизми орқали молиялаштирилган бўлиб, ҳозирда Қирғизистон ҳамда Ўзбекистонда муваффақиятли амалга оширилмоқда.
Ушбу тренингда Сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий-тадқиқот институтининг етакчи олимлари, жумладан, Доктор Рафикжон Хакимов «Ўзбекистонда нав чиқариш ва уруғ сертификатлаштириш тизимлари», доктор Мирзаосим Мирзасолиев «Ўзбекистонда сабзавот уруғчилиги бўйича умумий шарҳ» ҳамда доктор Фаҳриддин Расулов «Ўзбекистонда ўз-ўзини чанглатувчи сабзавот экинлари (помидор-қалампир) ҳолати ва ишлаб чиқариши» мавзуларидаги ўз тақдимотлари билан иштирок этишди.
Шунингдек, БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти маслаҳатчиси, халқаро боғдорчилик ва иқлимга мослаштирилган қишлоқ хўжалиги бўйича мутахассиси, доктор Ҳамдино Аҳмад асосий тақдимотчи сифатида сабзавот экинлари уруғчилиги бўйича замонавий ишлаб чиқариш технологиялари, иқлим ўзгариши шароитида етиштириш амалиётлари ва сабзавот экинларини кўпайтириш ҳамда сифат стандартларини сақлаш бўйича кенг қамровли назарий ва амалий дарслар ўтказди.
Интерфаол сессиялар давомида фермерлар ва иссиқхона эгалари кўчатлар яшовчанлигини ошириш, ўғитларни қўллаш ва фойдали биоинокулянтлардан фойдаланиш бўйича замонавий усуллар билан таништирилиб, мунозаралар давомида иссиқхонада соғлом ўсимлик ўсиши учун ҳарорат ва намлик назоратини таъминлашнинг аҳамияти ҳам таҳлил қилинди.
Тренинг якунида семинар иштирокчилари тадбир давомида кўриб чиқилган барча масалалар ва уларнинг мавжуд ечимларини иссиқхоналарда кенг жорий қилишга келишиб олдилар. БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти тренерлар тайёрлаш тренинги фермерлар, томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш ва билим бериш ташаббуслари орқали Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги ривожланишига ўз ҳиссасини қўшади. Халқаро ва маҳаллий билимлар ўзаро уйғунлаштирилиши натижасида ушбу дастур мамлакатда барқарор ва маҳсулдор сабзавот уруғчилиги учун пойдеворни мустаҳкамлаши кутилмоқда.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Саудия Арабистонида «Ўзбекистон маданияти кунлари» давом этмоқда
- Тошкентда «Ўзбеккосмос» ва «NASA» агентликлари ҳамкорлигида «NASA Space Apps Challenge 2025» Ҳакатон тадбири ўтказилмоқда
- Супер ой: Бугун Ернинг табиий йўлдоши одатдагидан анча катта кўринмоқда
- ЖССТ: Ғазода бирорта шифохона тўлиқ ишламаяпти
- Аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тартиби белгиланди
- Марказий Осиё педагоглари Нукусда жам бўлди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг