Тошкентда қиймати 150 млн долларлик тиббиёт кластери ташкил этилади

22:54 20 Октябр 2025 Жамият
299 0

Фото: ССВ

Тошкент шаҳрида Корея Эксимбанки билан ҳамкорликда замонавий тиббиёт кластери ташкил этилади, деб хабар бермоқда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати.

Маълум қилинишича, жорий йилнинг 19 октябрь куни Кореянинг Иқтисодий ривожланиш ва ҳамкорлик фонди (EDCF) иштирокида Катталар учун кўп тармоқли замонавий тиббиёт марказини барпо этиш лойиҳасини амалга ошириш бўйича бош пудратчи сифатида танланган “Kyeryong” консорциуми раҳбари ва Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазири ўртасида шартнома имзоланган ҳамда қурилиш ишларига расман старт берилган.

Фото: ССВ 

Мазкур лойиҳанинг умумий қиймати 149,8 млн АҚШ долларини ташкил этиб, шундан 124 млн доллар — Корея Эксимбанки орқали EDCF кредит маблағлари, 25,8 млн доллар эса — Ўзбекистоннинг улуши ҳисобланади.

Лойиҳанинг амалга оширилиши билан жаҳон стандартларига мос келадиган, IV даражали, қуввати 300 ўринли бўлган янги шифохона биноси барпо этилиб, бу ерда 700 нафардан ортиқ ходим учун янги иш ўринлари яратилади.

“Муҳими, 130 нафар ўзбекистонлик тиббиёт ходимларини малака ошириш учун Корея Республикасига юбориш, 32 нафар кореялик юқори малакали мутахассисларни юртимизга жалб этиш кўзда тутилган”, дейилади ССВ хабарида.

Қайд этилишича, шифохонада йилига 8,5 мингта юрак қон-томир хирургияси, трансплантология, нейрохирургия, реабилитация, орқа мия ва бўғим оғриқлари билан боғлиқ юқори технологик жарроҳлик оперaцияларни ўтказиш имкони бўлади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?