Тошкентда нурли диагностика соҳасидаги сўнгги ютуқлар муҳокама қилинди

00:32 01 Апрель 2023 Жамият
465 0

Тошкент шаҳридаги М. Федорович номидаги клиник санаторийда «Ўзбекистон Республикасида нурли диагностика ривожланишининг долзарб масалалари» мавзусида халқаро илмий-амалий конференцияси ўтказилди.

Тадбирда Ўзбекистон, Россия, Нидерландиядан компьютер томографияси (КТ) ва магнит-резонанс томографияси (МРТ) соҳасидаги мутахассислар иштирок этди. Икки кунлик тадбир давомида иштирокчилар замонавий нурли диагностиканинг назарий жиҳатларини муҳокама қилибгина қолмай, юксак технологик жиҳоз қандай ишлашини амалда кўришга ҳам муваффақ бўлдилар.

Илмий-амалий конференциянинг биринчи кунида иштирокчилар спектрал КТнинг юрак ва таянч-ҳаракат аппаратини текширишда, онкологик амалиётда у қандай қўлланилиши мумкинлиги ҳақида сўз юритдилар, шунингдек МРТ ёрдамида мураккаб диагностик вазифаларни ҳал қилиш усулларини таҳлил қилдилар. Иккинчи кун мутахассислар қизиқарли клиник ҳолатларни таҳлил қилдилар ва инновацион тиббий жиҳоз ва дастурий таъминот амалиётда қандай қўлланилишининг шоҳиди бўлдилар.

Конференцияга тиббиёт фанлари доктори, олий тоифали врач-рентгенолог Музаффар Мақсудов модераторлик қилди. Тадбирнинг асосий қисмида эса Россия ССВ «ФЮК МТТМ» ФДБМ, «М,Ф.Владимирский номидаги Москва вилояти илмий-тадқиқот клиник институти» МВ ФДБМ, Бакулев номидаги ЮҚЖ ИТТМнинг етакчи врач-рентгенологлари, шунингдек, "Philips" компаниясининг КТ ва МРТни қўллаш бўйича мутахассислари чиқиш қилдилар.

— Мана 97 йилдирки, М. Федорович номидаги клиник санаторийда юксак даражадаги тиббий ёрдам кўрсатилади. Бу ерда турли мамлакатлардан тажрибали профессионалларни жамлай олганимиз ва улар учун тажриба алмашиш маконини ярата олганимиздан мамнунмиз, — дейди М. Федорович номидаги клиник санаторий врач-рентгенологи, тиббиёт фанлари доктори Музаффар  Мақсудов. Аминманки, конференция илғор технологиялар ва услублар ҳақидаги билимларни кенгайтиришга ёрдам бериб, мутахассисларга ўз тажрибаларини бойитиш имконини берди, бу эса, пировардида, мамлакатда тиббий ёрдам янада юқори даражага кўтарилишига сабаб бўлади

— М. Федорович номидаги клиник санаторий – Ўзбекистон Республикасидаги хусусий тиббиёт соҳасининг етакчиларидан бири, — дейди «Philips Соғлиқни сақлаш»нинг Марказий Осиёда бизнесни ривожлантириш йўналишининг раҳбари Александр Мадраҳимов. — Бу ерда мижозлар ҳар доим сифатли ва аниқ диагностикага умид боғлашлари мумкин ва биз учун тиббий муассаса врачлари ўз фаолиятларида «Philips» инновацияларидан фойдаланишлари муҳимдир. Бу ерда мавжуд жиҳозларнинг имкониятлари стандарт вазифалар билан чекланиб қолмайдиган тадқиқотларни ўтказиш, шунингдек илмий-клиник фаолият билан шуғулланиш имконини беради. Мутахассислар ҳам назарий, ҳам амалий масалаларни муҳокама қилиш имкониятига эга бўлган конференциянинг ҳамкори сифатида қатнашиш катта шараф. Умид қиламизки, тез орада Ўзбекистондаги яна кўплаб клиникалар юксак технологик диагностиканинг афзалликларини тўғри баҳолайдилар.

Маълумот ўрнида: М. Федорович номидаги клиник санаторий нафақат Ўзбекистон аҳолисига, балки ундан ташқарида ҳам яхши маълум. Мазкур тиббий муассаса 1926 йилдан буён физиотерапевтик шифохона сифатида фаолият кўрсатиб келмоқда. Бу ерда маҳаллий тиббиётнинг энг яхши анъаналарини ривожлантиришда давом этиб, Нидерландия, Германия, Италия, Швейцария, АҚШ, Франция каби мамлакатлардаги етакчи ишлаб чиқарувчи фирмаларнинг энг янги жиҳозлари базасида диагностика ва даволаш хизматларининг кенг кўламини тақдим этиб келмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?