Тошкентда наркосавдогар ва унинг шериги қўлга олинди

13:34 26 Январь 2026 Дунё
267 0

Фото: ДХХ

Тошкент шаҳрида гиёҳванд моддалар савдоси билан шуғулланган 46 ёшли эркак ва унинг шериги қўлга олинди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, Тошкент вилоятининг Чиноз туманида ўтказилган тезкор тадбирда Бекобод шаҳрида яшовчи, 1980 йилда туғилган шахс (муқаддам гиёҳвандлик воситалари савдоси билан боғлиқ жинояти учун судланган) шартли харидорга 200 г «гашиш» моддасини 50 млн сўмга сотган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Тезкор тадбир давом эттирилиб, наркосавдогар ушбу пул маблағидан 6,9 млн сўмини 1989 йилда туғилган ҳамшаҳарига берган вақтида у ҳам ушланиб, унинг ёнидан 500 г «гашиш» моддаси олинган.

Ҳозирда уларга нисбатан Жиноят кодексининг 273-моддаси 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Бошқа ҳолатда эса Бекобод тумани ҳудудида «Cobalt» русумли автотранспорт воситасида йўловчи сифатида кетаётган Тошкент шаҳрида яшовчи, 1973 йилда туғилган шахснинг ёнидан 600 г «опий» моддаси олинган.

У мазкур гиёҳвандлик воситасини Бекобод шаҳрида истиқомат қилувчи, 1986 йилда туғилган танишидан 5 минг АҚШ доллари ҳамда 5 млн сўмга сотиб олганлиги аниқланиб, тезкор тадбир давом эттирилган.

Натижада бекободлик наркосавдогарнинг яшаш хонадонидан 1 кг 47 г «опий» ҳамда унинг 2 нафар жиноий алоқаларидан эса 335 г «опий» моддаси олинди. Тергов давомида ушбу гиёҳвандлик воситалари Тожикистондан контрабанда йўли билан олиб келинган.

Қайд этилишича, уларга нисбатан Жиноят кодексининг 246-моддаси 2-қисми ва 273-моддаси 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер