Тошкентда «Кулоллар сайли» ташкил этилди
Пойтахтимиздаги «Наврўз» этнографик боғида «Кулоллар сайли» -миллий кулолчилик маҳсулотлари аукцион савдоси хайрия тадбири ташкил этилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 23 мартдаги «Кулолчиликни жадал ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ижроси доирасида Республика «Ҳунарманд» уюшмаси ҳамда Республика Савдо-саноат палатаси томонидан ташкил этилган ушбу тадбирда юртимиздаги барча кулолчилик мактабларининг вакиллари бўлган уста кулоллар, ҳунармандлар, тадбиркорлар, мутасадди вазирлик идора ва ташкилотлар вакиллари иштирок этишди.

— Сўнгги йилларда халқ ҳунармандчилиги, хусусан, кулолчиликни ривожлантиришга қаратилаётган эътибордан мамнунмиз, — дейди риштонлик уста кулол Ғанижон Элибоев. — Бугунги кунда туманимизда барпо этилган Кулоллар шаҳарчаси фикримизнинг далилидир. Ҳозирда шаҳарчамизда ўнлаб кулоллар ижодий фаолият олиб бормоқдалар.
Тадбирда соҳада амалга оширилаётган бир қатор хайрли ишлар ҳам таъкидлаб ўтилди. Жумладан, Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида 2018-2020 йилларда 32,6 млрд сўмлик 1 126 та кулолчилик лойиҳаси амалга оширилган. ўтган йили уста-ҳунармандларни жалб қилган ҳолда кулолчилик йўналишида 256 та ўқув курси ташкил этилиб, 1 мингдан ортиқ шогирдлар касб-ҳунарга ўргатилган.

Хайрия тадбирида кулолчилик мактаблари вакиллари бўлган уста кулоллар, авлоддан-авлодга ўтиб келаётган сулола вакиллари, халқ усталарининг маҳсулотлари кўргазмаси, маҳорат дарслари намойиши, сумалак сайли ва халқимиз севган санъаткорлар иштирокида концерт дастури бўлиб ўтди.
— Миллий кулолчилик маҳсулотларини ташқи бозорларда кенг тарғиб этиш ва савдосини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда, —дейди «Ҳунарманд» уюшмаси раиси Улуғбек Абдуллаев.—Шу мақсадда 16 та хорижий мамлакатнинг 24 та шаҳридаги элчихоналар биноларида, йирик шаҳарларда очилган доимий ишлаб турувчи кўргазма зали ва савдо-дўконларида жами 1,7 минг кв метр майдонда кулолчилик маҳсулотлари кўргазмаси ва савдоси ташкил этилиши амалга оширилмоқда.
Хорижий мамлакатларда ташкил этилаётган шоурум, кўргазма зали ва савдо-дўконларига «Ҳунарманд» уюшмаси тасарруфидаги “Craft and art«МЧЖ томонидан қиймати 2 млрд сўмлик 8 минг та кулолчилик маҳсулоти етказиб берилади.
Шунингдек, «Кулоллар сайли» тадбири доирасида миллий кулолчилик маҳсулотлари аукцион савдоси хайрия тадбири ҳам ўтказилди.
Ушбу аукцион савдода 20 нафар кулолнинг 30 дан ортиқ ижодий ишлари сотувга қўйилган. Кулолчилик маҳсулотлари аукцион савдосидан тушган маблағларнинг бир қисми меҳрибонлик уйларига хайрия тарзида ўтказилади. «Кулоллар сайли» тадбирлари ва аукцион савдоси эртага ҳам давом этади.
М. Холматова
(«Халқ сўзи»)
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Нодавлат суд-эксперти сифатида фаолият юритиш янада соддалаштирилади
- «Истанбул Башакшеҳир» меҳмондан ғалаба билан қайтди
- «E-ekspertiza» платформаси орқали электрон ҳужжатлар алмашинувини йўлга қўйиш тартиби тасдиқланди
- Украинанинг уч вилоятида портлашлар қайд этилди. Қурбонлар бор
- Бу йил Ўзбекистон Пролигасида 14 та жамоа иштирок этади
- Шавкат Мирзиёев Вашингтон шаҳрида Тинчлик кенгашининг дастлабки йиғилишида иштирок этди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг