Тошкентда кир ювиш кукуни қадоғида наркотик сақлаётган лаборатория фош қилинди

18:24 07 Август 2024 Жамият
428 0

Фото: Божхона қўмитаси

Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманида 2 млрд сўмлик наркотик моддаларни сақлаган нарколаборатория фош қилинди. Бу ҳақда Божхона қўмитаси ахборот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, Андижон вилояти божхона бошқармаси тезкор тузилмалари ходимлари томонидан Божхона қўмитасининг Контрабандага қарши курашиш бошқармаси, ДХХ ва ИИВ вакиллари билан ҳамкорликда кўп босқичли тезкор тадбирлар ўтказилган. Унда кучли таъсир қилувчи моддаларни республикамизга олиб кириш ва тарқатиш билан шуғулланган жиноий гуруҳ фаолиятига чек қўйилди.

“Дўстлик” чегара божхона пости орқали пиёда равишда кириб келган йўловчилардан бирининг қўл сумкаси белгиланган тартибда кўздан кечирилганда унинг ичида гўёки кир ювиш порошоклари дея кўрсатилган, аслида эса жами 33 кг. оғирликдаги 11 дона қадоқда “прегабалин” кучли таъсир қилувчи моддасига ўхшаш модда яшириб қўйилгани аниқланди.

Шундан сўнг, тезкор-қидирув тадбирлари пойтахтимизнинг “Олой” бозори атрофида давом эттирилиб, ушбу порошокларни қабул қилиб олувчи 2 нафар шахслар ҳам қўлга олинди.

Тезкор тадбирнинг навбатдаги манзиллари Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманидаги 2 та хонадон бўлди. Бу ерда кучли таъсир қилувчи дори воситаларини қўлбола усулда тайёрлаш ва қадоқлашга мўлжалланган яширин лабораториялар ташкил қилинган бўлиб, унда қиймати салкам 2,1 млрд сўмлик 56,5 кг.га яқин кучли таъсир қилувчи моддалар, 90 дона “Тропикамид”, 1020 дона “Регапен” кучли таъсир қилувчи дори воситалари, 15 минг дона “Регапен” бўш капсулалари ва 11 минг дона “Тропикамид”нинг бўш идишлари ҳамда 24 дона лаборатория жиҳозлари борлиги аниқланди.

Ўтказилган тезкор тадбирлар якунида жами 7 млрд 570 млн. сўмлик кучли таъсир қилувчи дори воситалари ва уларни тайёрлашда ишлатиладиган прекурсорлар ҳамда лаборатория жиҳозлари далилий ашё тариқасида олинди.

Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан жиноят иши қўзғатилган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?