Тошкентда Халқаро табиатни муҳофаза қилиш иттифоқи ваколатхонасини очиш масаласи муҳокама қилинди

01:40 18 Май 2023 Сиёсат
825 0

Табиат ресурслари вазири Азиз Абдуҳакимов Швейцарияда Халқаро табиатни муҳофаза қилиш иттифоқи (ХТМИ) Бош директори Бруно Оберле билан учрашди.

Учрашувда Ўзбекистон Республикасининг ушбу нуфузли халқаро иттифоққа аъзо бўлганидан кейинги ҳамкорлик даражаси, эришилаётган ютуқлар алоҳида таъкидланди. 

Шунингдек, зооноз касалликлар (фақат ҳайвонларга хос бўлган, лекин ҳайвонлардан одамларга юқиши мумкин бўлган инфекцион ва инвазион касалликлар гуруҳи)нинг олдини олиш, муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларни бошқаришнинг самарали тизимини яратиш, биохилма-хилликни сақлаш ва экотизимларни тиклаш бўйича бир қатор жорий ва режалаштирилаётган грант дастурлари ҳамда лойиҳаларини тайёрлаш, уларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Таъкидлаш керакки, Ўзбекистонда ҳам, Марказий Осиё минтақасида ҳам ХТМИ лойиҳалари кўлами кенгайиб бормоқда. Шу сабабли музокаралар давомида жорий йил охирига қадар Тошкентда Халқаро табиатни муҳофаза қилиш иттифоқи ваколатхонасини очиш масаласи ижобий кўриб чиқилди.

Шу билан бирга, Бруно Оберле Ўзбекистон томонига Иттифоқнинг “Марказий Осиёда барқарор ландшафтлар учун табиатга асосланган ечимларни кенгайтириш” мавзусидаги минтақавий семинар ўтказиш ташаббусини қўллаб-қувватлагани учун миннатдорлик билдирди. Семинар Тошкентда жорий йилнинг 15–17 июнь кунлари ўтказилади.

Учрашув якунида ХТМИ Бош директори Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтадиган БМТнинг учта йирик тадбири – чўлланиш бўйича глобал тадбир (UNCCD CRIC-21), Ёввойи ҳайвонларнинг кўчиб юрувчи турларини сақлаб қолишга доир Конвенциясининг 14-Томонлар конференцияси (CMS COP-14) ва Бутунжаҳон туризм ташкилоти (UNWTO) Бош Ассамблеясининг 25-сессиясига таклиф этилди. Бруно Оберле ушбу таклифни мамнуният билан қабул қилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер