Тошкентда халқаро экологик марказ очилади

12:47 05 Декабрь 2025 Жамият
111 0

Самарқандда бўлиб ўтаётган CITES CoP20 Конвенциясига аъзо томонларнинг 20-сессияси мазмунли мулоқотлар ва кенг қамровли муҳокамалар билан давом этмоқда. Сессия доирасида миграция қилувчи турларни сақлашдан тортиб, чиқиндиларни бошқариш, илмий дастурларни ривожлантириш ва 2026 йилга мўлжалланган глобал экологик тадбирларга тайёргарликкача бўлган муҳим масалалар кўриб чиқилмоқда.

Тадбирда Қирғизистон ва Тожикистон учун Экологик ўзгаришлар атласини яратиш бўйича амалга оширилаётган ишлар алоҳида эътироф этилди. Шу муносабат билан Ўзбекистон Марказий Осиё мамлакатлари учун миллий ва минтақавий экологик атлас ишлаб чиқиш ташаббусини илгари сурди. У атроф-муҳитнинг барқарорлик параметрлари, экотизимлар ҳолати ва асосий экологик кўрсаткичларни ўз ичига олади. Шунингдек, томонлар атмосфера ҳавоси сифати бўйича тадқиқотларни чуқурлаштириш, биргаликда таҳлилий ҳисоботлар ва тавсиялар тайёрлашни давом эттиришга келишиб олдилар.

Сессияда муҳим келишувга эришилди: дунё бўйича режалаштирилаётган 18 та минтақавий техник ва илмий кўмак марказларидан бири 2026 йилдан Тошкентдаги «Green University» базасида ташкил этилади. Марказ миллий ва минтақавий тренинглар, тажриба алмашиш дастурлари ва CITES стандартларига мос техник ечимларни жорий этиш билан шуғулланади.

CITES CoP20 доирасида кўчиб юрувчи турларнинг қонун доирасида олинишини тартибга солишга қаратилган янги Глобал ташаббус ҳам тақдим этилди.

Ушбу ташаббус — Ёввойи ҳайвонларнинг кўчиб юрувчи турлари тўғрисидаги Конвенция (CMS), Буюк Британия, Ўзбекистон ва Ёввойи табиатни муҳофаза қилиш жамиятининг қўшма лойиҳасидир. Ташаббусни амалий жиҳатдан ишга тушириш 2026 йил март ойида CMSга аъзо томонларнинг 15-сессиясида режалаштирилган.

Лойиҳа мамлакатларга миллий табиатни муҳофаза қилиш сиёсатини CMS мажбуриятлари ва биохилма-хилликни сақлаш бўйича глобал мақсадлар билан уйғунлаштиришда кўмаклашишга қаратилган. Янги платформа CMS, CITES, Биохилма-хиллик бўйича глобал доиравий дастур ва бошқа халқаро механизмлар асосида шакллантирилган бўлиб, соҳа ва секторлар ўртасида билим алмашиш, ҳаракатларни мувофиқлаштириш ва миграция қилувчи турларни асраш бўйича амалий чораларни кенгайтириш имконини беради.

Бу эса ҳукуматлар, мутахассислар ва халқаро ташкилотлар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, миграция қилувчи турлардан ноқонуний фойдаланишнинг олдини олишда ягона ёндашувни шакллантириш ва табиатни муҳофаза қилиш сиёсатини янада кучайтиришга хизмат қилади.

Абдулазиз ЙЎЛДОШЕВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?