Тошкентда ҳокимлик ерини 420 минг АҚШ долларига сотмоқчи бўлган фирибгарлар ушланди
Фото: Ўзбекистон Республикаси Давлат Хавфсизлик хизмати
Тезкор ўтказилган тадбирлар давомида Тошкент шаҳри, Самарқанд, Жиззах ва Сирдарё вилоятларида ноқонуний ер сотиш ҳолатларига чек қўйилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Давлат Хавфсизлик хизмати хабар берди.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги «Муниципал активларни бошқариш маркази» ДУК ходими ўзининг 3 нафар жиноий шериги билан келишган ҳолда, Тошкент ҳалқа автомобиль йўли бўйида жойлашган ва Тошкент тумани ҳокимлиги захирасида бўлган 30 сотих ер майдонини кўп қаватли турар-жой барпо этиш учун юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали ажратиб берилишини ваъда қилиб, эвазига қурилиш фирмаси раҳбаридан 420 минг АҚШ доллари талаб қилишади. Улар сўралган пул маблағидан 42 минг долларини аванс сифатида олган вақтларида Давлат хавфсизлик хизмати ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаменти ходимлари томонидан ушланди.
Шунингдек, Самарқанд вилоятида кузатилган ҳолатда эса Ургут туманида яшовчи, 1997 ва 1998 йилда туғилган 2 нафар фуқаро ўзганинг номида бўлган фермер хўжалигига тегишли 50 сотих сувли ер майдонини фирибгарлик йўли билан харидорга 65 минг АҚШ долларига сотишга келишиб, пулнинг ярмини олган вақтида ДХХ ва Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг ҳудудий бошқармалари ходимлари томонидан ушланди.
Самарқанд вилоятининг бошқа бир тумани хусусан, Жомбойда яшовчи, 1999 йилда туғилган шахс ҳам Давлат кадастрлар палатасининг мазкур тумандаги филиали ходими билан келишган ҳолда, ҳокимлик захирасида бўлган 25 сотих бўш ер майдонини харидор номига расмийлаштириб бериш эвазига 24 минг АҚШ доллари олган вақтида қўлга олинган.
Давлат кадастрлар палатасининг Жиззах вилоятидаги туман филиалларидан бирининг раҳбари маҳаллий фуқаронинг яшаш хонадони ёнида жойлашган 38 сотих ер майдонини аукцион орқали сотиб олишда кўмаклашиш ва кадастр ҳужжатларини расмийлаштириб бериш эвазига ундан 6,5 минг АҚШ доллари миқдорида пора талаб қилади. ДХХ ҳамда Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг ҳудудий бошқармалари ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда мазкур мансабдор шахс сўралган пул маблағидан 6 минг АҚШ долларини олган вақтида ушланди.
Сирдарё туманида яшовчи, 1992 йилда туғилган фуқаро ҳам ўзганинг ишончига кириб, Гулистон тумани ҳокимлиги захирасида бўлган 6 сотих ер майдонини кадастр тизимидаги танишлари орқали унинг номига расмийлаштириб бериш эвазига 4 минг АҚШ доллари олган вақтида ДХХ ва ИЖҚК Департаменти ходимлари томонидан ушланди. Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Олдинроқ, Самарқандда 30.000 АҚШ долларига ер сотаётган адвокат ушланган эди. Шунингдек, фуқарога 50 гектар ер олиб беришни ваъда қилган икки муҳандис қўлга олингани ҳақида хабар берган эдик.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Абдуқодир Ҳусанов яна бир бор «Реал Мадрид»га қарши ўйнайди
- Ўзбекистоннинг 7 та моддий ва номоддий маданий мерос объектлари AYSESKO рўйхатига киритилди
- Болалар саратонига қарши кураш: халқаро ҳамкорликдаги муҳим қадам
- Суперлиганинг 2026 йилги мавсуми бошланмоқда
- Ҳар бурчагида тарих яширинган шаҳар — Лондондан фоторепортаж
- Эркаклар аёлларга нисбатан кўпроқ калория истеъмол қилиши керакми?
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг