Тошкент вилоятидаги боғчаларда болалар сифатсиз сут маҳсулотидан заҳарланди

09:58 25 Сентябр 2025 Жамият
124 0

Иллюстратив фото

Тошкент вилоятининг Пискент ва Бўка туманларидаги бир неча мактабгача таълим ташкилоти тарбияланувчилари овқатдан заҳарланди. Бу ҳақда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги хабар берди.

Маълум қилинишича, жорий йилнинг 24 сентябрь куни Пискент ва Бўка туманларидаги бир неча мактабгача таълим ташкилоти тарбияланувчилари саломатлигида ўзгариш бўлгани сабабли тиббиёт бирлашмаларининг юқумли касалликлар бўлимига мурожаат қилинган.

Дастлабки тиббий кўриклар хулосаси асосида бемор болаларга «Ошқозон ичак фаолиятининг ўткир функционал бузилиши, овқат токсикинфекцияси» ташхиси қўйилиб, зарурий муолажалар амалга оширилган ҳамда шу куннинг ўзида аксарият болаларнинг соғлиғи яхшилангани туфайли уйларига жавоб бериб юборилган. Оғир аҳволдаги беморлар аниқланмаган.

Мазкур вазият дарҳол ММТВ томонидан назоратга олиниб, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан биргаликда ўрганиш ишлари бошланган.

Тахминларга кўра, болалар соғлиғидаги ўзгаришларга сифатсиз сут маҳсулотлари сабаб бўлган. Мактабгача таълим ташкилотларига шу куни олиб келинган 3,2 фоизли кефир маҳсулоти Оққўрғон туманидаги цехларнинг бирида ишлаб чиқарилгани аниқланган.

Билдирилишича, ҳозирда тиббий ёрдамга мурожаат қилган беморлардан олинган таҳлиллар ҳамда истеъмол қилинган озиқ-овқатлар намуналари тегишли лабораторияларда текширувдан ўтказилмоқда. Қайд этилган ҳолат юзасидан эпидемиологик суриштирув ишлари давом этмоқда.

«Ўрганишлар якунларига кўра, ҳолат юзасидан қўшимча маълумотлар берилади», дейилади хабарда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?