Тошкент давлат юридик университетида махсус 3 йиллик дастур асосида бакалаврлар тайёрланади
Тошкент давлат юридик университетида махсус 3 йиллик дастур асосида бакалаврлар тайёрланади. Бу ҳақида «таълим хабарлари» Telegram-канали хабар берди.
Унда айтилишича, Тошкент давлат юридик университетига мазкур университет ҳузуридаги академик лицейлар, юридик техникумлар битирувчилари ҳамда олий маълумотга эга бўлган шахслар учун улар танловига кўра кириш мумкин бўлган бакалавр таълим йўналишлари бўйича кадрларни тайёрлашнинг махсус уч йиллик таълим дастури жорий этилиши тўғрисидаги Ҳукумат қарори лойиҳаси муҳокамалар порталига жойлаштирилган.
Мазкур лойиҳага мувофиқ, 2026-2027 ўқув йилидан бошлаб Тошкент давлат юридик университетига унинг ҳузуридаги академик лицейлар, юридик техникумлар битирувчилари ҳамда олий маълумотга эга бўлган шахслар учун улар танловига кўра кириш мумкин бўлган бакалавр таълим йўналишлари бўйича кадрларни тайёрлашнинг махсус уч йиллик таълим дастури жорий этилиши, уларни қабул қилиш ва ўқитиш алоҳида қабул квотаси ва тўлов-контракт асосида амалга оширилиши таклиф этилмоқда.
Шунингдек қарорга илова сифатида қуйидагилар тасдиқланиши режалаштирилган:
- Тошкент давлат юридик университети ҳузуридаги академик лицейлар битирувчиларини Тошкент давлат юридик университетига ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ;
- Юридик техникумлар битирувчиларини Тошкент давлат юридик университетига ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низом 2-иловага мувофиқ;
- Олий маълумотга эга бўлган шахсларни Тошкент давлат юридик университетига ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низом 3-иловага мувофиқ.
Абитуриентлар қабул параметрларидан ташқари Университет томонидан ички имкониятлардан келиб чиққан ҳолда, белгиланган ўринлар сонига мос равишда тўлов-контракт асосида Университетнинг махсус уч йиллик таълим дастурига ўқишга қабул қилинади.
Бунда қабул параметрларидан ташқари ўринлар сони ҳақидаги маълумотлар ҳар йили 10 июнга қадар Университетнинг расмий веб-сайти ва ижтимоий тармоқлар орқали эълон қилинади.
Университетнинг махсус уч йиллик таълим дастурига ўқишга қабул қилиш суҳбат натижаларига кўра рейтинг тизими бўйича тўпланган баллар асосида амалга оширилади.
Абитуриентлар қуйидаги мезонлар асосида суҳбатдан ўтказилади:
- академик лицейлар дастурлари доирасида ҳуқуқий фанлар бўйича билим савияси ва ўзлаштириш даражаси;
- юридик мутахассисликни танлашдаги мотивацияси (юридик мутахассисликнинг моҳияти ва ижтимоий аҳамиятини тушуниши ҳамда унга доимий қизиқиши);
- нутқ маданиятининг шаклланганлиги, ўз фикрини равон ифода этиши ва танқидий фикрлаш салоҳиятига эгалиги;
- умумий дунёқарашнинг шаклланганлиги, мунтазам равишда ўз устида ишлаши ва ижодкорлик қобилияти.
Битирувчилар ҳар йили 20 июнга қадар Университетнинг махсус уч йиллик таълим дастурига суҳбат асосида тест синовларисиз ўқишга кириш учун тавсия қилишни сўраб махсус комиссияга ариза беради.
Махсус комиссия фақат комиссия ташкил этилган тегишли ўқув йилидаги битирувчиларнинг аризаларини кўриб чиқади.
Аризага қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади:
- битирувчининг хорижий тилни билиш даражасини белгиловчи миллий ёки халқаро сертификат;
- битирувчининг шахсий ютуқлари, академик лицейнинг ижтимоий ҳаётидаги фаол иштирокини (маънавий-маърифий тадбирлар, жамоат ишлари, лойиҳалар, танловлар, олимпиадалар ва бошқа тадбирлар) тасдиқловчи ҳужжатлар.
Махсус комиссия ҳар йили 20 июндан бошлаб беш иш куни ичида битирувчиларнинг ҳужжатларини комиссия мажлисида кўриб чиқади.
Махсус комиссия қуйидаги минимал талабларни инобатга олган ҳолда, Университетнинг махсус уч йиллик таълим дастурига суҳбат асосида тест синовларисиз ўқишга кириш учун тавсия қилади:
- битирувчининг академик лицейдаги умумий ўзлаштириш кўрсаткичи рейтинг натижалари бўйича 71 фоиз ва ундан юқори фоизни ташкил қилиши, шунингдек, 5 баҳолик тизимда 4 баҳо ва ундан юқори бўлиши керак. Бунда махсус комиссияга битирувчининг умумий ўзлаштириш кўрсаткичи тўғрисидаги маълумот академик лицей томонидан тақдим этилади;
- битирувчининг хорижий тилни билиш даражасини белгиловчи камида B2 даражасидаги миллий ёки халқаро сертификатга эгалиги;
- битирувчининг шахсий ютуқлари, академик лицейнинг ижтимоий ҳаётидаги фаол иштироки (маънавий-маърифий тадбирлар, жамоат ишлари, лойиҳалар, танловлар, олимпиадалар ва бошқа тадбирлар);
- битирувчининг академик лицейдаги ўқиш даврида унга нисбатан интизомий жазо чораси қўлланилмаганлиги.
Махсус комиссиянинг қарори билан тавсия қилинган абитуриентлар ҳар йили 5 июлдан 25 июлга қадар ТДЮУ ректори номига университетнинг махсус уч йиллик таълим дастурига ўқишга қабул қилиш ҳақида Интернет жаҳон ахборот тармоғи орқали электрон шаклда ариза юборади.
Якка тартибда суҳбат муваффақиятли ўта олган абитуриентлар тўлов контракт асосида ўқишга қабул қилинади.
Олий маълумотга эга бўлган шахслар учун қабул параметрлари университетнинг илмий-педагогик салоҳияти ва моддий-техник базаси ҳисобга олинган ҳолда Университет кенгаши томонидан белгиланади ҳамда ҳар йили 1 июлга қадар Университет расмий веб-сайтига жойлаштирилади.
Ушбу абитуриентлар ҳар йили 10 июлдан 10 августга қадар Билим ва малакаларни баҳолаш агентлигининг махсус электрон тизими орқали рўйхатдан ўтади.
Абитуриентлар рўйхатдан ўтишда махсус электрон тизимга ўзининг шахсий маълумотларини киритади ва қуйидаги ҳужжатларни юклайди:
- олий маълумот тўғрисидаги ҳужжатнинг нусхаси (ёки дипломдан кўчирма – Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларини давлат гранти асосида ўқиб тугатганлар учун);
- олий маълумот тўғрисидаги ҳужжатнинг илова нусхаси.
Олий маълумотга эга бўлган шахсларни Университетнинг «юриспруденция» таълим йўналишининг махсус уч йиллик таълим дастурига абитуриентларни ўқишга қабул қилиш Билимни баҳолаш агентлиги томонидан ўтказиладиган тест синовлари шаклида амалга оширилади.
Олий маълумотга эга бўлган шахслар «юриспруденция» таълим йўналишининг фақат мутахассислик фанлари ва чет тили доирасида тест жараёнларига қатнашади. Бунда, умумий тартибдаги кириш имтиҳонларида қўлланиладиган имтиёзлар (хорижий тилни билиш бўйича сертификатлар бундан мустасно) махсус уч йиллик таълим дастурига татбиқ этилмайди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- «E-ekspertiza» платформаси орқали электрон ҳужжатлар алмашинувини йўлга қўйиш тартиби тасдиқланди
- Нодавлат суд-эксперти сифатида фаолият юритиш янада соддалаштирилади
- «Истанбул Башакшеҳир» меҳмондан ғалаба билан қайтди
- Украинанинг уч вилоятида портлашлар қайд этилди. Қурбонлар бор
- Бу йил Ўзбекистон Пролигасида 14 та жамоа иштирок этади
- Январь ойида юз нафардан ортиқ америкалик ўқиш учун Ўзбекистонга келди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг