Тошкент давлат аграр университетида 4 қаватли янги ўқув биноси фойдаланишга топширилди

18:16 04 Сентябр 2025 Жамият
150 0

Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 34 йиллиги муносабати билан Тошкент давлат аграр университетининг янги 4 қаватли замонавий ўқув биноси фойдаланишга топширилди.

Янги ўқув биноси 1350 ўринга мўлжалланган бўлиб, унда 8 та замонавий лаборатория, 8 та кенг қамровли маъруза зали, 38 та семинар хонаси, профессор-ўқитувчилар учун алоҳида хоналар, факультет деканатлари ва ёрдамчи бўлимлар жойлашган.

Эндиликда мазкур бинода «Ўрмон хўжалиги ва ландшафт дизайни» ҳамда «Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлаш ва қайта ишлаш» факультетлари фаолият олиб боради.

Тадбирни Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов очиб бериб, ёш авлодни етук мутахассис сифатида тарбиялашда замонавий шароитларнинг аҳамияти ҳақида таъкидлади.

«Бугунги кунда қишлоқ хўжалиги тараққиётида ёш кадрлар энг муҳим бўғин ҳисобланади. Уларнинг билимни чуқурроқ эгаллаши учун бундай замонавий ўқув масканлари барпо этилаётгани — давлатимиз эътиборининг ёрқин ифодасидир», — дейди қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов.

Тадбир якунида меҳмонлар янги бинодаги қулайликлар, замонавий жиҳозлар ва шинам хоналар билан яқиндан танишди. Янги ўқув биноси Тошкент давлат аграр университети моддий-техник базасини янада мустаҳкамлаш, таълим жараёнини юқори босқичга кўтариш ва талабаларга халқаро стандартларга мос шароитларда таълим олиш имконини беришга хизмат қилади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?