“Тошкент-2023” II Халқаро ҳайкалтарошлик симпозиуми очилди

12:22 04 Сентябр 2023 Маданият
898 0

Фото: “Халқ сўзи”

Тошкентдаги Бадиий академия Марказий кўргазмалар залида “Тошкент-2023” II Халқаро ҳайкалтарошлик симпозиуми бўлиб ўтди.

Тадбир Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Бадиий академияси Бадиий ижодкорлар уюшмаси томонидан ташкил этилди.

Симпозиумни Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов кириш сўзи билан очиб, барчани Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 32 йиллиги билан самимий табриклади.

Вазир, шунингдек, симпозиумнинг аҳамиятига тўхталди.

“Мазкур симпозиум ҳайкалтарошлик санъати орқали экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш мавзусини халқимиз онгига чуқурроқ сингдиришга хизмат қилади. Шу билан бирга, Тошкент шаҳрининг маданий муҳити ва бадиий-ландшафт қиёфасини ривожлантириш учун мармардан ҳайкалтарошлик асарлари яратиш, хорижлик ҳайкалтарошлар билан самарали ижодий ҳамкорлик, тажриба алмашиш учун қулай шарт-шароитни юзага келтириш мақсад қилинган”, деди Азиз Абдуҳакимов.

Таъкидлаш жоизки, бу галги симпозиумда Буюк Британия, Италия, Испания, Аргентина, Ҳиндистон, Туркия, Эрон, Россия, Грузия ва Белоруссия каби давлатлардан 10 нафар хорижий ва 11 нафар ўзбекистонлик ҳайкалтарошлар қатнашмоқда.

Симпозиум давомида тажрибали ҳайкалтарошлар томонидан урбанизация, “яшил” ривожланиш, иқлим ўзгариши, Орол фожиаси оқибатлари ҳақида монументал ва декоратив асарлар яратилади. Қолаверса, хорижлик ва маҳаллий профессионал ҳайкалтарошлар иштирокида маҳаллий ёшлар учун “мастер-класс”лар ташкил этилади, экотуристик объектлар, истироҳат боғлари, “яшил парк”ларда экологик тарғибот монументлари ўрнатилади. Симпозиум бир ой давом этади.

Маълумот учун, ушбу тадбир илк бор 2022 йилда Самарқанд шаҳрида ўтказилган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?