Томорқа шунчаки томнинг орқаси эмас

17:24 27 Февраль 2025 Жамият
259 0

Темур ЭШБОЕВ/«Халқ сўзи». Навоий вилоятида «Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан белгилаб берилган янги тизим асосида аҳолининг томорқа ва ижара ерларидан самарали фойдаланиш орқали даромадларини ошириш чора-тадбирлари» мавзусидаги кўргазмали семинар бўлиб ўтди. Унда республикамизнинг турли ҳудудларидан келган тажрибали томорқа ер эгалари, соҳа раҳбарлари ва маҳалла фаоллари иштирок этишди.

Семинар вилоятда бу борада амалга оширилаётган илғор тажрибалар билан танишиш, шароити оғир маҳаллаларда томорқа ва ижара ерларидан самарали фойдаланиш орқали аҳоли даромадларини ошириш мақсадида ташкил этилгани боис иштирокчилар уч йўналишда — Кармана, Навбаҳор ва Қизилтепа туманларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш, уни ички бозор ва экспортга чиқариш жараёнлари билан танишди.

Хусусан, Қизилтепа туманидаги Маликобод маҳалласида «Бир контур — бир маҳсулот« тамойили асосида картошка ва кунгабоқар етиштириш лойиҳаси ташаббускори Нусрат Тўраев экин майдонларида бўлишиб, ерни тайёрлашдан тортиб, эришиладиган натижаларгача тўлиқ маълумот олишди.

— Оиламизнинг тўрт аъзоси бандлигини таъминлаганмиз, — дейди Н. Тўраев. — Шунинг ортидан ҳар биримиз 25 миллион сўмгача соф даромад оламиз. Ҳар йили ерни тўрт мартагача юклаймиз.

Вилоятнинг Кармана тумани Уйрот маҳалласида ташкил этилган «Саид барокатли» оилавий корхонаси эса интенсив усулда балиқ чавоқчилиги билан шуғулланиб, йилига ўртача 700-800 минг дона чавоқ етиштиради. Корхонанинг ойлик соф фойдаси 77 млн. сўмни ташкил этади. Шунингдек, оилавий корхонада кўчат етиштириш йўлга қўйилган.

— Мамлакатимиз раҳбарининг бир йиғилишда ариқ ва зовур бўйларидаги ташландиқ ерлардан фойдаланиш ҳақидаги даъватидан сўнг, маҳалламиз ҳудудидан ўтган канал бўйидан шу ерларни ўзлаштирганман, — дейди Элмурод Кенжаев. — Тупроғимиз елка терлатиб ишлагандан ўз марҳаматини аямайди. Шу ерга экилган кўчатлардан ҳар йили 70 миллион сўмгача даромад оламиз. Ўтган йилдан эътиборан цитрус мевали кўчатларни етиштиришни ҳам йўлга қўйдик.

Семинар иштирокчилари Кармана туманидаги «ZARAFSHAN GOLDEN GROUP» компанияси томонидан гидропоника усулида йўлга қўйилган иссиқхона фаолияти билан ҳам танишди. 23 гектарлик мазкур иссиқхона Голландия технологияси асосида энерготежамкор технологиялар асосида фаолият кўрсатади. Агротехнологик тадбирлар автоматлаштирилган ва компьютер ёрдамида бошқарилади. Етиштирилган маҳсулотларнинг 90 фоизга яқини экспортга йўналтирилади. Иссиқхона ҳудудида тўрт гектарлик «Экобоғ» ташкил этилиб, банан, ананас, апельсин, мандарин, авакадо, папайя, киви каби тропик мевалар етиштирилади.

— «Экобоғи»миз бир вақтнинг ўзида 700 меҳмонга хизмат кўрсатиш қувватига эга, — дейди компания раҳбари Фозил Бозоров. — Меҳмонлар сўлим боғда сайр қилиш билан бирга унинг ҳудудида ташкил этилган турли кўнгилочар тадбирларда иштирок этишади. Шунингдек, болалар учун ҳам алоҳида турли хизматлар йўлга қўйилган.

Шу куни иссиқхона ёнида компания томонидан 4 гектарлик майдонда Голубика боғининг тамал тоши қўйилди. Унда ушбу ноёб ўсимликнинг «Дуке» нави етиштирилади. Лойиҳа қиймати 800 000 АҚШ доллари бўлган боғ 30 кишини иш билан таъминлайди.

Маълумот ўрнида таъкидлаш жоиз, ушбу ўсимликнинг асил ватани Шимолий Америка бўлиб, ҳосилининг бир килограмми 20-30 долларгача нархланади. Сабаби инсон организмида соғломликни таъминлашда қатор хусусиятларга эга. Хусусан, иммунитетни мустаҳкамлаш, кўриш қобилиятини яхшилаш, юрак-қон томир тизимини ҳимоя қилиш, ошқозон-ичак тизими фаолиятини мўътадиллаштириш ва онкологик касалликларга қарши профилактика шулар жумласидан.

— Ушбу ўсимликни Туркиядан келтириб, иссиқхонамизда синовдан ўтказдик, — дейди компания таъсисчиси Улуғбек Файзиев. — Бунда етказиб берувчи турк компаниялари корхонамиз агрономларига голубикани парваришлашнинг сиру синоатларини ўргатишди. Натижага қараб бугун унинг алоҳида боғига асос солмоқдамиз.

Семинар иштирокчиларининг бир гуруҳи Қизилтепа туманидаги «Тавоис» маҳалласида бўлди. Ушбу маҳаллада 160 та оила асаларичилик билан шуғулланиб, йилига 10 минг тоннадан ортиқ асал йиғиб олишади.

— Асалариларимизнинг йилига тўрт марта жойини алмаштирамиз, — дейди Шоди Саидов. — Асаларилар ўзимизга даромад келтириш билан бирга пахта ва бошқа ўсимликларни чанглантириб, фермерларимизга ҳам нафи тегади.

Семинар дастури доирасида Қизилтепа туманида қишлоқ хўжалиги йўналишида амалга оширилаётган ишлар, етиштирилаётган маҳсулотлар, эришилаётган ютуқлар акс этган кўргазма ва арзонлаштирилган савдо ярмаркаси ташкиллаштирилди. Тадбирда томорқасидан самарали фойдаланаётган бир гуруҳ қизилтепаликларнинг меҳнати эътироф этилиб, мотокултиваторлар, янги мавсум олдидан бир гуруҳ фермерларга янги қишлоқ хўжалиги техникаларнинг калитлари топширилди.

Семинар якуни билан Навоий шаҳрида йиғилиш ўтказилди. Унда республика вазирлик ва идора раҳбарлари, вилоятдаги камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлими бошлиқлари, мутасаддилар, оғир аҳволдаги 41 та маҳаллада фаолият кўрсатаётган маҳалла раислари, ҳоким ёрдамчилари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди. Йиғилишда Президентимиз томонидан белгилаб берилган янги тизим асосида аҳолининг томорқа ва ижара ерларидан самарали фойдаланиш орқали даромадларини ошириш, «Бир маҳалла – бир маҳсулот» тамойили асосида ҳар бир маҳаллани аниқ бир йўналишга ихтисослаштириш, шунингдек, хонадонларни кооперация усулида бириктириш ва етиштирилган маҳсулотни марказлашган ҳолда реализация қилинишини йўлга қўйиш, аҳоли бандлигини таъминлашга қаратилган долзарб вазифалар белгилаб олинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер