“Тойлоқ саховати”: эътироф ва рағбат

“Тойлоқ саховати” мева-сабзавотчилик фестивалидан кўзланган мақсад Тойлоқ туманида етиштирилган маҳсулотларни кенг жамоатчиликка таништириш, деҳқон ва фермерларнинг меҳнатини эътироф этиш, тажриба алмашиш, қишлоқ хўжалигида инновацион ечимларни тарғиб қилишга қаратилди.
Зарафшон дарёси ва Дарғом канали оралиғида жойлашган бу ҳудудда сув таъминоти қулай, тупроқ унумдорлиги юқори бўлгани сабабли дала ва боғлардан мўл ҳосил олинади. Жорий йилда 44,2 минг тонна сабзавот, 70 минг тонна картошка, 17,6 минг тонна мева ва 52 минг тонна узум етиштирилгани ҳам шундан далолат беради.
Бугунги кунда 2 618 гектар токзор ва 881 гектар боғ майдонларидан олинган ҳосилнинг муайян қисми қайта ишланиб, 10 минг тоннага яқини экспортга юборилмоқда.
— Туманимиз азалдан мева-сабзавотчиликда мўл-кўл ҳосил манбаи бўлиб келган, — дейди “Дўстлик” ордени соҳиби Тўхта Худойназаров. — Бугунги кунда ер майдони бир пайтлардагидек кўп бўлмаса-да, ҳосилдорлик кўрсаткичи ортиб бормоқда. Бу қишлоқ хўжалигида илм-фан ютуқларидан кенг фойдаланилаётгани самараси деб биламан. Биргина мисол, “Ихтиёр-Маҳмадмурод-Элипок даласи” фермер хўжалиги деҳқонлари гектарида 60 тоннадан ортиқ картошка оляпти. “Баҳрон Х” фермер хўжалиги далаларида эса ҳар гектаридан 100 центнердан ғалла етиштирилди. Олинаётган ҳосилнинг аксарият қисми ўзимизда қайта ишланаётгани ҳам катта ютуқ ҳисобланади.
“Тойлоқ саховати” фестивалида Самарқанд, Ургут, Булунғур ва Жомбой туманларида етиштирган мева-сабзавот маҳсулотлари кўргазмаси ҳам бўлиб ўтди. Иштирокчи туманлар ўзига ажратилган павильонларда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини намойиш этишди.
Шунингдек, қайта ишлаш корхоналари, логистика тизимлари, экспортчи ташкилотлар, ўсимликларни ҳимоя қилиш ва сақлаш корхоналари ўз маҳсулот ва хизматларини тақдим қилди.
Фестиваль доирасида ўтказилган илмий-амалий конференцияда томчилатиб суғориш, иссиқхона хўжаликлари, биотехнологиялар, мўл ҳосил олиш учун янги навлар яратиш ва рақамли мониторинг тизимлари каби замонавий технологиялардан кенг фойдаланиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
“Тойлоқ саховати” мева-сабзавотчилик фестивали ва илмий-амалий конференция нафақат ҳудуд аграр салоҳиятини намойиш этиш, балки қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилар учун тажриба алмашиш, соҳадаги янги ғоялар, инновациялар, илм-фан ютуқлари ва ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш учун самарали майдон бўлиб хизмат қилди.
Фестиваль доирасида концерт дастурлари, ҳунармандлар ярмаркаси, миллий қадриятларни акс эттирувчи кўргазмалар ва болалар учун кўнгилочар дастурлар ҳам ташкил этилиб, соҳада фаоллик кўрсатган деҳқон ва фермерларнинг меҳнати муносиб тақдирланди.
Абдулазиз ЙЎЛДОШЕВ
«Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Саудия Арабистонида «Ўзбекистон маданияти кунлари» давом этмоқда
- Тошкентда «Ўзбеккосмос» ва «NASA» агентликлари ҳамкорлигида «NASA Space Apps Challenge 2025» Ҳакатон тадбири ўтказилмоқда
- Супер ой: Бугун Ернинг табиий йўлдоши одатдагидан анча катта кўринмоқда
- ЖССТ: Ғазода бирорта шифохона тўлиқ ишламаяпти
- Аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тартиби белгиланди
- Марказий Осиё педагоглари Нукусда жам бўлди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг