Тўй бойликни намойиш этиш воситаси эмас

Жамиятимизда анчадан буён қизғин муҳокамаларга сабаб бўлаётган тўйлар ва бошқа оилавий тадбирларни ихчамлаштириш масаласи нафақат юртдошларимизнинг шахсий даромадлари барқарорлигини сақлаш, балки ҳар бир хонадоннинг тинчлиги ва осойишталиги, қолаверса, ёшларимиз келажаги билан боғлиқ долзарб муаммодир. Унга ҳамма учун маъқул бўлган самарали ечим топиш чуқур илмий ёндашувни, социологик тадқиқотларни талаб этади.
Шундан келиб чиқиб, Оила ва гендер илмий-тадқиқот институти ташаббуси билан “Янги Ўзбекистонда тўй, оилавий тантана, маърака ва маросимларни ихчам ва камхарж ўтказишнинг оилалар иқтисодиётига ҳуқуқий ва маънавий таъсирини таҳлил қилиш” мавзуида ўрганишлар олиб борилди.
Лойиҳа доирасида тўй, оилавий тантана, маърака, маросимларнинг жамият ривожига таъсири ҳамда уларни миллий қадриятлар, урф-одатлар асосида ихчам ва камхарж ўтказиш, дабдабабозликка йўл қўймаслик юзасидан юртдошларимизнинг фикрларини ўрганиш мақсадида социологик сўровнома ўтказилди. Хулосалар катталар ва ёшларнинг бу борадаги қарашларида анчагина фарқ борлиги, мамлакатимизда мазкур йўналишда олиб борилаётган тарғибот ишлари ҳамма жойда ҳам бирдек натижа бермаётганини кўрсатди.
Муаммонинг илдизи қаерда?
Муаммонинг илдизи халқимизнинг азалдан тўйларни катта дабдаба билан ўтказишга одатлангани, бу анъана қон-қонимизга сингиб кетганига бориб тақалади. Ҳашаматли тўю тантаналар, турли маърака ва маросимлар, ҳатто кишининг вафоти билан боғлиқ тадбирлар ҳам жамиятда оиланинг обрўсини кўрсатиш воситаси сифатида қабул қилинади. Кўпчилик оилалар эса бошқалардан қолишмаслик учун катта харажатга қўл уришади. Тўйлар ва шу каби йиғинлар орқали оилалар ўзининг ижтимоий мақомини баланд кўрсатишга интилади.
Сирасини айтганда, тўйларга оиланинг бойлиги ва мавқеини намойиш этиш воситаси сифатида қаралади. Оқибатда сўнгги йилларда тўйларга бўлган харажатларнинг кескин ошиб кетиши, исрофгарчилик ва ортиқча маросимларнинг урфга кириши кўплаб оилалар учун жиддий муаммоларни келтириб чиқармоқда. Ҳукумат ва жамоатчилик томонидан тўйларни ихчамлаштириш бўйича олиб борилаётган саъй-ҳаракатларга қарамай, бу масала ҳамон долзарблигича қолмоқда.
Ўтказилган сўровномада бу масалага ёндашувлар турлича эканлиги аниқланди. Социологик тадқиқот 9 та ҳудудда — Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Бухоро, Наманган, Самарқанд, Сирдарё, Қашқадарё, Тошкент вилоятлари ва Тошкент шаҳрида ўтказилди. Ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос хусусиятлари эътиборга олиниб, сўровнома тўртта алоҳида гуруҳда — никоҳланувчи шахслар, ёш оилалар, ота-оналар ва маҳалла фаоллари ўртасида ташкил этилди. Жорий йилнинг апрель — июль ойларида ўтказилган мазкур тадбирда 2 мингга яқин респондентлар қатнашди. Саволлар халқчил, самимий бўлиб, респондентларнинг бу борадаги қарашларини, позицияларини аниқ билдира олишларига қаратилди. Ҳар бир гуруҳдаги иштирокчилар учун алоҳида 25 — 30 тадан савол тузилди. Саволлар маросимларни ўтказишда оила бюджети ва даромадларини ҳисобга олиш қанчалик муҳимлиги, тадбирларда маҳалла фаолларининг ўрни, яшаш ҳудудида тўйлар, дафн маросимлари, марҳумларни хотирлаш билан боғлиқ ўзига хос анъаналарнинг мавжудлиги, ёш оилаларда учраётган низоли вазиятларда анъанавий тадбирларининг таъсири каби йўналишларни ўз ичига олди.
Социологик сўровномада олинган натижалар институтимизнинг ёш олимлари билан бирга, тажрибали педагоглар томонидан умумлаштирилди, таҳлил қилинди, тегишли хулосалар чиқарилди. Жумладан, оилашунос Ҳасанбой Абдусаматовнинг хулосаларига кўра, оилавий тадбирлардаги асосий маънавий тамойил ифодалилик, одоб, самимият ва муҳаббатдан иборат бўлиши лозим бўлса-да, сўровлар ва кузатувлар кўпгина тўй маросимларида бу тамойиллар эътибордан четда қолиб, унинг ўрнини ўзини кўз-кўз қилишга қаратилган “инстаграмбоп” форматлар эгаллаётганини кўрсатмоқда. Респондентларнинг Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси Кенгашларининг “Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказилишини тартибга солиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қўшма қарори ҳақида хабардорлик даражаси ўрганилди.
Сўралганларнинг 60 фоизи бу ҳужжат ҳақида хабардор, аммо қолган 40 фоизининг бу борадаги билимлари етарли эмас. Шунингдек, тўйларни тартибга солиш масаласини фақат “шахсий иш” сифатида баҳоловчилар ҳам кам эмас. Респондентларнинг тахминан 35 — 40 фоизи бу борада жамоатчилик ёки давлат аралашувига эҳтиёж йўқ, деб ҳисоблайди. Бу эса шахсий манфаат ва умумжамият эҳтиёжлари ўртасидаги номутаносибликни кўрсатади.
Шу ўринда таъкидлаш керакки, тўйлар орқали жамиятимизда мавжуд бир қатор ижтимоий муаммолар ҳам намоён бўлаётир. “Фалончи шундай тўй қилди, биз ҳам ундан кам бўлмаслигимиз керак” деган фикр рақобатга асосланган стереотипларни кучайтиради. Одамларнинг чинакам инсоний фазилатлари, ақл-идроки эмас, уларнинг қандай тўй қилгани кўпроқ диққат марказида бўлмоқда. Бу эса инсон қадрининг моддийлик билан ўлчанишига олиб келади. Сўровнома хулосаларига кўра, кўплаб инсонларнинг ихчам, самимий тадбирларни маъқул кўраётгани ижобий ҳол, албатта. Бундай маросимларда меҳмонлар сони чекланади, ортиқча дабдабаю тансиқ таомлар эмас, балки руҳий яқинлик, ўз хурсандчилигини самимий, кўнгилга яқин инсонлар даврасида нишонлашга эътибор қаратилади. Муҳими, тадбир ҳақида инсонларнинг қалбларида эзгу хотиралар қолади, оилалар ўртасида қадр-қиммат, ўзаро муҳаббат ва ҳамжиҳатлик мустаҳкамланади.
Социологик сўров жойлардаги жамоатчилик кенгашлари фаолиятини ҳам яна бир бор кўриб чиқиш лозимлигини кўрсатмоқда. Респондентларнинг фақат 30 фоизи уларнинг фаолиятидан хабардор. Айниқса, ёшлар ва ёш оилалар бундай тузилмалар ҳақида деярли маълумотга эга эмас. Мамлакатимизда тўй ва маъракаларни тартибга солишга қаратилган ҳуқуқий база мавжуд, фақат унинг ижросини таъминлаш механизмларини кучайтириш, янги модулли дастурлар ишлаб чиқиш талаб этилади. Шу билан бирга, сўров иштирокчиларининг 72 фоизи тўйларни ихчамлаштириш бўйича қўшимча қонунчилик чораларини қўллаб-қувватлашни билдирган. Бу эса жамиятнинг аксар қисми маросимларни меъёрлаштиришни ижобий қабул қилишга тайёр эканини кўрсатади.
Таҳлиллар нимани кўрсатди?
Социолог Шоҳида Содиқованинг таҳлилларига кўра, тўй ва маъракаларнинг шаклларини ўзгартириш — давр талабидир. Сабаби, дабдабали тўйлар оқибатида оиланинг иқтисодий аҳволи ёмонлашиб, ёшлар ва қудалар ўртасида турли низоларнинг келиб чиқишига сабаб бўлмоқда. Сўровномада тўй учун кредит олиш қарори ҳақида сўралганда, 22 фоиз респондент бу яхши вариант эканини таъкидлаган. 12 фоизи эса тўй бир марта бўлади, шунинг учун ҳам қарз ёки кредит олиб бўлса-да, тўйни бугунги кун талабларига асосан яхши ўтказиш тарафдори. Афсуски, амалиётда бу каби қарорлар оила бюджетига салбий таъсир кўрсатиб, кейинчалик кредитни қайтариш учун чет элга ишга кетаётган муҳожирлар сонининг ошишига ҳам сабаб бўлмоқда.
Тўй хизматлари бозоридаги нархларнинг ошиб кетиши ва турли хил янги таклифларнинг пайдо бўлиши харажатларни янада оширмоқда. Тўйгача ва тўйдан кейин ташкил этилаётган “Мarry me”, “Love story”, “Bride party” каби қўшимча тадбирлар ёшлар орасида урфга айланмоқда. Бундан тўйларни ташкиллаштиришга ихтисослаштирилган фирмалар ва шоу бизнес вакиллари манфаатдор. Шу сабабли, ижтимоий тармоқларда бу каби тадбирлар билан боғлиқ роликлар тез-тез кўзга ташланмоқда. Сўровномада иштирок этган ёш респондентлар фикри бу борада иккига бўлинади. Аудиториянинг ярми бу хилдаги замонавий “party”лар ўзи учун унчалик аҳамиятга эга эмаслигини, аксинча уларга сарфланган харажатларни тўйдан кейин оилавий дам ёки таълим олишга сарфлашни афзал кўришини билдирса, айрим ёшлар тўйлардаги тадбирларни ижтимоий тармоқларга қўйиш учун ҳам ўтказишга ҳаракат қилишини билдирган.
Эътиборлиси, ёшлар орасида ҳам масалага тўғри ёндашиб, тўй, маросимларни ихчамлаштириш эвазига тежаб қолинган маблағлардан оқилона фойдаланиш лозимлигини тушунаётганлар сони ортиб бораётгани қувонарли ҳол. Аммо баъзи ўринларда ёшлар ўз ихтиёрига қарши борган ҳолда катталарнинг мажбурлаши оқибатида дабдабали тўйлар қилинаётганини ҳам таъкидлаб ўтишган.
“Оддий тўй — бахтли оила”
Социологик сўров натижалари бизни айрим долзарб хулосалар чиқаришга ундайди. Яъни тўй ва маросимларни камхарж, самимий руҳда ўтказиш фақат моддий ёки ҳуқуқий масала эмас. Бу жамиятдаги инсоний муносабатлар маданияти, ёшларнинг катта ҳаётга тайёрлиги, ахлоқий нормалар, миллий қадриятларимиз билан боғлиқ мураккаб масаладир. Шундан келиб чиқиб, мутахассисларимиз томонидан, аввало, олий ва ўрта таълим муассасаларида тўйлар, никоҳ, оилавий масъулият мавзуларига бағишланган дарслар ва тренинглар ташкил этиш таклиф қилиняпти. Аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида ижтимоий тармоқларнинг оммалашганини ҳисобга олиб, “Оддий тўй — бахтли оила” хэштеги остида вайнлар, видеоблог, подкаст ва реал ҳаётий кейсларни тарқатиш ҳам яхши самара бериши мумкин.
Ихчам ва ибратли бўлсин
“Тўй рақобат эмас, ибрат” шиори остида ижтимоий челленжлар уюштириш, машҳур инфлюенсерлар иштирокида #маънавийТўй медиакомпаниясини жорий этиш ҳам мутахассисларимиз томонидан таклиф этилаётган замонавий ечимлардан бири. Жамиятда тўйлар ва шу каби оммавий тадбирларни шахсий иш эмас, ижтимоий масъулият сифатида қабул қилинишига эришиш учун ҳар бир ҳудудда “Ихчам ва ибратли тўй” намунавий тажрибалар тўпламларини яратиш ҳам ижобий ташаббуслардан бири сифатида эътироф этилди. Чунки бугунги кунда орамизда тўйларни ихчамгина ўтказиб, келин-куёвни дам олишга юбораётган ёки улар учун янги уй олишга тўлов қилаётган оилалар ҳам анчагина. Ихчам тўйлар оилалар учун иқтисодий жиҳатдан фойдалилиги, ортиқча харажатлардан воз кечиш оила бюджетини тежаш ва бу маблағни ёшларнинг келажагига йўналтириш имконини беришини айнан шу мисоллар орқали янада кучайтириш мумкин.
Яна бир муҳим йўналиш сифатида экспертларимиз тўй хизматлари бозорини тартибга солиш, нархларни назорат қилиш ва хизматлар сифатини ошириш муҳимлигини таъкидламоқда. Илмий социологик сўровнома натижалари асосида ишчи гуруҳи томонидан бир неча йўналишларда услубий қўлланма ва буклетлар, флеерлар ҳам тайёрланмоқда. Улар юртимиздаги 9 мингдан ортиқ маҳаллаларнинг ҳар бирига етказиб берилади.
Оила ва гендер илмий-тадқиқот институти томонидан оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш веб-платформаси ҳам (https://oilaqadriyat.uz) яратилди, унга 5 та йўналишда 100 га яқин оилавий маънавий қадриятлар ҳақида маълумот берувчи “Оилавий қадриятлар каталоги”, ўндан ортиқ миллат вакилларининг оилавий қадриятлар тизими таҳлили асосида “Янги Ўзбекистон — кўп миллатли оила” рукни, дунё мамлакатларидаги оилавий қадриятлар таҳлили, инфографикалар ва фойдали ресурслар жойлаштирилди. Аҳолига қулайлик яратиш мақсадида “Менинг оилам” мобиль иловаси ишлаб чиқилди ва унга аҳоли учун фойдали бўлган 70 дан ортиқ маълумотлар, видеоролик, буклет ҳамда флеерлар жойлаштирилди. Масъулиятли ота-оналик мезонлари ишлаб чиқилди ҳамда республиканинг барча туман ва шаҳарларига татбиқ этилди. Институт томонидан 2024 йилда 14 та ўқув-услубий қўлланма, 14 та буклет — умумий сонда 231 300 нусхада нашр қилинди. Бу қўлланмалар “Китоблар карвони” лойиҳаси доирасида маҳаллаларга етказилди.
Тўйларни ихчамлаштириш Янги Ўзбекистон жамияти учун муҳим ва долзарб вазифадир. Бу вазифани муваффақиятли амалга ошириш учун ҳукумат, давлат ва жамоат ташкилотлари, ҳар бир оила биргаликда ҳаракат қилиши зарур. Шундагина биз исрофгарчиликларнинг олдини олиш, оилаларнинг иқтисодий фаровонлигини ошириш ва жамиятда ижтимоий адолатни таъминлашга эриша оламиз.
Фарида АБДУРАҲИМОВА,
Оила ва гендер илмий-тадқиқот институти бўлим бошлиғи,
педагогика фанлари номзоди, профессор.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Жаҳон олимлари нигоҳи яна Ўзбекистонга қаратилди
- Ўзбекистонда доллар курси пастлади
- «Бунёдкор» мураббийи Сергей Арсланов вафот этди
- Президент Ўзбекистон ўқитувчи ва мураббийларига табрик йўллади
- Экрандаги қабоҳатнинг ҳаётдаги акси ёки енгил-елпи сериаллар жамиятга нима беряпти?
- Нью-Йорк манзаралари
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг