Тижорат банклари: Кредит маблағи ва янги иш ўринлари

Фарҳод ЭСОНОВ/«Халқ сўзи». Сурхондарёда жорий йилда тижорат банклари томонидан тадбиркорлик субъектлари ва жисмоний шахсларга 6 триллион 134 миллиард сўм кредит маблағи ажратилган. Бунинг эвазига 50 мингдан ортиқ янги иш ўрни яратилган.
Сурхондарё вилоят ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси ташаббуси билан вилоят ҳокимлиги масъуллари, Марказий банк вилоят бош бошқармаси, тижорат банкларнинг вилоят бошқармаси раҳбарлари иштирокида матбуот анжумани ўтказилди.
Термиз шаҳридаги Матбуот уйида ташкил этилган анжуманда марказий ҳамда маҳаллий оммавий ахборот воситалари вакиллари, журналист ва блогерлар иштирок этди.
Вилоят ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси бошлиғи Захриддин Тўраев бошқарган йиғилишда сўзга чиққанлар сўнгги йилларда Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан банк-молия тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар, айниқса, тадбиркорлик ривожига қаратилаётган эътибор ҳаётимизнинг барча жабҳаларида янгиланиш ва туб ўзгаришларга замин ҳозирлаганини алоҳида таъкидлади.
— Иқтисодий ислоҳотлар самараси юртдошларимиз ҳаётидаги ўзгаришларда намоён бўлмоқда, — дейди вилоят ҳокимининг матбуот котиби Муродбек Давлатов. — Биргина вилоятимиз мисолида айтадиган бўлсак, барча соҳаларида муҳим ўзгаришлар юз бериб, аҳолининг яшаш ва ишлаш шароити ривожланиб бормоқда. Ҳудудлар инфратузилмаси кун сайин ўзгаряпти, равон йўллар, ижтимоий объектлар аҳолига қулайликлар яратмоқда. Бунда, албатта, тижорат банкларининг ҳам ҳиссаси катта. Буни жорий йилнинг 9 ойида ҳудудлардаги тижорат банклари барча молиялаш манбалари ҳисобидан 6 триллион 134 миллиард сўм кредит маблағи ажратиб, тадбиркорлик субъектлари ва жисмоний шахсларни қўллаб-қувватлаганидан, шунингдек, ажратилган кредитлар эвазига 50 мингдан ортиқ янги иш ўрни яратилганидан ҳам билиш мумкин.
Маълумотларга кўра, айни пайтда вилоятда 13 та тижорат банки ва уларнинг 16 та филиали, 98 та минибанк ҳамда банк хизматлари кўрсатиш марказлари, 96 та барча турдаги банк хизматларини кўрсатувчи офислар фаолият юритмоқда. Аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига кўпроқ қўшимча қулайлик яратиш учун жойларда 10 та аҳоли тўловларини қабул қилувчи махсус коммунал жамғарма кассалари ташкил этилган. Шунингдек, ҳудудда 4 та ломбард ва 2 та микромолиялаш ташкилоти мижозларга ишончли хизмат кўрсатмоқда.
— Жорий йилда тижорат банклари томонидан ажратилган кредит маблағининг 2 триллион 632 миллиард сўми кичик бизнес субъектларига йўналтирилди, — дейди Марказий банк вилоят бош бошқармаси бошлиғи Азамат Ражабов. — Бу маблағнинг 811 миллиард 465 миллион сўми саноатни, 737 миллиард 756 миллион сўми қишлоқ хўжалигини, 503 миллиард 959 миллион сўми савдо ва умумий овқатланишни, 301 миллиард 100 миллион сўми қурилишни, 69 миллиард 854 миллион сўми маиший ва хизмат кўрсатишни, 48 миллиард 295 миллион сўми транспорт ва алоқа тармоғини, 160 миллиард 395 миллион сўми бошқа йўналишларни ривожлантиришга йўналтирилди. Дастурлар доирасида жами 43 минг 908 нафар аҳоли ва тадбиркорлик субъектига 1 триллион 3 миллиард сўмлик кредит маблағи ажратилди.
Анжуманда Президентимизнинг тегишли қарорлари асосида амалга оширилган ишлар хусусида маълумотлар берилди.
Матбуот анжуманидан сўнг тадбир иштирокчилари учун Термиз туманидаги «Термиз халқаро савдо маркази» эркин савдо зонасига пресс-тур ташкил этилди. Қатнашчилар у ерда мижозларга кўрсатилаётган банк хизматлари ва «Сурхон Сендвич» масъулияти чекланган жамиятининг йиллик қуввати 30 минг тонна бўлган базальт минерал тошидан иссиқлик сақловчи қоплама ишлаб чиқариш лойиҳаси билан ҳам яқиндан танишди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Жаҳон олимлари нигоҳи яна Ўзбекистонга қаратилди
- Президент Ўзбекистон ўқитувчи ва мураббийларига табрик йўллади
- Ўзбекистонда долларнинг расмий курси ўзгарди
- Президент Исмоил Жўрабеков вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирди
- Ўзбекистон ва Туркманистон: барқарор ривожланиш йўлидан бораётган давлатлар
- Тадбиркорлар янгича ёндашувлар асосида қўллаб-қувватланади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг