«Тил номуси»ни қачон ҳис қиламиз?
Менда ҳам кўп савол туғилган, тилимиз ва бу ҳодиса атрофидаги ислоҳотлар ҳақида. Аслида, кўпдан бери шу мавзуда ул-бул қоралаб, баъзи далилларни ҳам тўплаб юргандим. Бугун шунинг вақти экан, эълон қилмоқдаман.
Тарих титаман: ўтган аср 30 йилларида араб тили ва ёзуви гўё эскилик, маданиятсизлик белгиси деб Ўзбекистондан сиқиб чиқарилган ва ўрнига лотин ёзуви киритилган. 40 йилларга келиб эса кирилл алифбоси ўрнатилган. Миллат алифбоси (ёзуви) қонун билан ўзгартирилганида қанча адабиёт ва ёзма мерос йўқолган экан-а? Бир манбада, 1940 — 1988 йилларда ўзбек тилида 50 миллион нусхадан ортиқ сара адабиёт (бунга газета-журналлар, дарсликлар, техник регламентлар, илмий ишлар кирмайди) чиқарилгани ҳақида маълумотга кўзим тушди...
Тасаввур қиляпсизми? Энг ёмони, бу масалада ҳеч ким жавобгар бўлмаган. Аксинча, янги алифбони ўзлаштиролмаганидан ўзи билган ёзувда ёзиш қораланган. Ҳар қандай давлатда тил икки унсурда ҳуқуқий ҳимояга эга бўлади. Биринчиси, ёзув (алифбо) билан, иккинчиси сўзлашув (диалектика) томонидан. Афсус, тарихимиздаги икки вазиятда ҳам тилимиз тўлиқ ҳимоя қилинмаганини кўрсатади.
Ҳозирда-чи? Тилимиз қонун билан ҳимояланган, аммо муаммоларимиз ҳали кўп. Баъзилар: «Ўзбек тили ҳақида шунча жон куйдирсангизлар ҳам нега унинг қадри баланд эмас? Бошқа миллатлар тилига бунчалик қайғуришмайди-ку?» каби саволлар беради. Бунга менда икки хил жавоб бор: Аввало, ўзбек тилидаги таълим сифати етарли эмас (Халқ таълимини айблашдан ҳолиман), бу ҳақиқат. Қолаверса, ўзбек тили давлат тили сифатида мажбурий тарзда мамлакатнинг юридик, бизнес ва илм манбалари тили мақомига эга бўлмас экан, унинг қадри ўсмайди. Яъни, Ўзбекистонда ҳар қандай шахс яхши яшаш ва тирикчилик учун ўзбек тилини ўрганиши зарурлигини ўзига шарт деб қабул қилиши керак. Муаммо шундаки, бунга ҳалигача киришмадик (ахир, орадан 31 йил ўтяпти)...
Фактларни қаранг: Европа мамлакатларида амалдаги 260 та сўзлашув тиллари биз ўйлаганчалик улушларга эга эмас. Бу қитъа давлатларида инглиз тилидан кўра (378 млн.), испан тилида (442 млн.) одамлар кўпроқ муомала қилади. Яна, испан (223 млн.), француз (76,8 млн.) ва немис (76 млн.) тиллари муқим сўзлашув тили мақомини олган мамлакатлар ҳам кўп. Тўғри, бизга нима, дерсиз. Балки, буни биларсиз ҳам. Лекин, Нидерландия каби тил борасида мард мамлакатлар кўп. Гаага шаҳрига бориб қолсангиз ва инглиз тилида гапирсангиз – ҳамма жавоб беради, аммо ўзаро мулоқот 100 фоиз голландча. Бирор жойда инглиз тилидаги пешлавҳа, жой номини топмайсиз, фақат голланд тилида ёзилган. Ваҳоланки, дунёнинг 200 дан ортиқ халқаро ташкилоти шу шаҳарда жойлашган, ҳатто энг нуфузли бутунжаҳон суд органлари бор.
Бизда-чи? Миллий характеримиздаги тилга муносабатимизда журъат етишмайдими? Саъдий домла айтган «Тил номуси»ни қачон ҳис қиламиз? Ўзбек бўлатуриб, ўз юртида ўзиникилар билан тиллашганда, ўзга тилга хос сўзларни қўшиб гапиришни одат қилганларни кўрсам, шу саволлар яна миямда айланади.
Саволлар айланаверади: «Биз-чи – мен, сиз? Нима қиляпмиз, тилимиз учун? Онамиз алла айтиб йўргаклаганда, отамиз ҳаётни ўргатиб, насиҳат қилганида шу тильда гапирган эди-ку? Наҳот, ота-она билан боғлиқ асл ширин ва меҳр-муҳаббатга тўла хотиралар эсимиздан чиққан? Бунга ҳаққимиз борми? Тилимиз шу хотиралар ҳурматига нолойиқми?» Йўқ. Асло!
Аслида, она тилига ҳурмат, унга муҳаббат туйғуси бутун дунёда бир хил қабул қилинади, ифода топади. Қуёш тизимини кузатган машҳур астрономик олим Николай Черных буюк адиб, дунёга авар деган халқни танитган Расул Ҳамзатовнинг ўз тилига муҳаббати ифодаси – «Она тилим» шеърини ўқигач, янги кашф этган осмон жисмига «Гамзатов» номини берган. Буни нега қилганини билмоқчи бўлсангиз, шу шеърни топиб ўқиб кўринг.
Ер юзида ҳар ой битта ё иккита тил умуман йўқолиб бормоқда. Яхшиямки, Ўзбек тили жами 7100 дан ортиқ мавжуд тиллар қаторида, сўзлашувчилар сони бўйича кенг тарқалган 40 та тилнинг бири сифатида мулоқот мувозанатини сақлаб турибди. Айниқса, 30 йил ичида биринчи марта БМТ бош минбарида давлатимиз раҳбари баралла ўзбек тилида гапирганида, буларни яна эсладик.
Баридан аввал, амалдаги «Давлат тили ҳақида»ги қонунни миллий манфаатларимиз ва мамлакат нуфузини кўзлаб такомиллаштириш зарур. Бу ҳақда бир йил олдин «Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» Президент фармонида ҳам қайд этилган эди. Ҳақиқатан, амалдаги Қонун моддаларига эътибор қаратилса, мажбурият қоидаларидаги «давлат тилида, шунингдек, бошқа тилларда ҳам...» ибораси ўзбек тилининг ҳақиқий мақоми мантиқий сояда қолиб кетганини кўрсатгандек. Давлат тили ўзбек тили бўлгач, устун жиҳатлар ҳам бўлиши шарт. Ҳар қалай, қардош халқлар – тожик, қирғиз, қозоқ ва туркман давлатининг шу қонунларида бу устун жиҳат аниқ ифода этилган. Хуллас, қонунчилик ташаббуси борасида ҳам қиладиган ишимиз кўп.
Ўзбек тили ҳақидаги фикрларни Ҳазрат Алишер Навоий номини қўшмасдан ифодалаш мумкин эмас. “Mуҳокамат-ул-луғатайн” («Икки тил муҳокамаси») монографияси илк бор ўзбек тилида яратилган биринчи соф лингвистик илмий-тадқиқот саналади. Асарнинг қадимги нусхаси Истанбулдаги Тўпқопи саройи музейи (Реван кутубхонаси)да сақланади. Уни энг эски нусха дейишади. Яна бир нусхаси Истанбулдаги Сулаймония кутубхонасида, Навоий куллиётида. Тўртинчиси эса, Будапештда сақланади. Олдимизда китобнинг ана шу нусхаларини қандай қилиб бўлса ҳам Ўзбекистонга қайтаришдек катта ишлар турибди ҳали.
Умиджон ЖАББОРОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси фракцияси аъзоси
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- «E-ekspertiza» платформаси орқали электрон ҳужжатлар алмашинувини йўлга қўйиш тартиби тасдиқланди
- Нодавлат суд-эксперти сифатида фаолият юритиш янада соддалаштирилади
- «Истанбул Башакшеҳир» меҳмондан ғалаба билан қайтди
- Украинанинг уч вилоятида портлашлар қайд этилди. Қурбонлар бор
- Бу йил Ўзбекистон Пролигасида 14 та жамоа иштирок этади
- Шавкат Мирзиёев Вашингтон шаҳрида Тинчлик кенгашининг дастлабки йиғилишида иштирок этди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг