Тезлик, тўқнашув ва тақдир...

10:15 07 Август 2025 Жамият
153 0

Манзилга бехатар ва бехавотир етиб олишда йўлларимизнинг текис ва равон бўлиши ва ҳайдовчининг ҳушёрлиги муҳим аҳамиятга эга. Аммо бугунги кунда асоссиз тезликни оширадиган, кимўзарга бир-бирини қувиб ўтадиган ҳайдовчилар ҳам топилади. Албатта, бу йўл-транспорт ҳодисаларининг келиб чиқишига сабаб бўлмоқда.

Афсуски, бундай ҳолатларни Самарқанд шаҳрида ҳам кузатиш мумкин. Шаҳарнинг Рудакий кўчасида рўй берган аянчи автоҳалокат юракларни ларзага солганига ҳали кўп бўлгани йўқ. Шошма-шошарлик 7 кишини жароҳати ва бир инсоннинг вафоти билан якунланди. Ушбу аянчли автоҳалокат сабаб 3 нафар бола онасиз қолди, эркак эса турмуш ўртоғидан айрилди.

Бундан ташқари шаҳар кўчалари бўйлаб никоҳ тўйи маросимларида ўзи ва ўзгалар ҳаётига хавф туғдириб автомашина бошқараётган “шоввозлар” ҳам тез-тез учраб турибди. Яқинда Самарқандда вояга етмаган мактаб ўқувчиси транспорт воситасини ижарага олиб, тунги пайтда бошқариб юрганлиги аниқланди.

Президентимиз раислигида йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, инфратузилмасини яхшилаш ва тирбандликларни камайтириш юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида охирги 7 йилда йўлларни қуриш ва таъмирлашга 61 триллион сўм ажратилган бўлишига қарамасдан, 2024 йилда 9 минг 364 та йўл-транспорт ҳодисаси содир этилгани, автоҳалокатлар туфайли 2 минг 203 нафар одам ҳалок бўлгани, қарийб 9 минг фуқаро жароҳат олганини афсус билан қайд этди. Йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида юртимизда кунига ўртача 6 нафар инсоннинг ҳалок бўлаётгани нафақат статистика, балки ҳар бир юртдошимиз учун чуқур қайғу ва фожиа ҳисобланади. Бу барчани қаттиқ ташвишга солиши керак.

Умуман, ажратилаётган маблағ ва амалга оширилаётган ислоҳотлар марказида инсон ҳаёти, унинг саломатлиги ва хавфсизлиги туради. Энди бу жараёнларда барча давлат органлари, сенаторлар, депутатлар, маҳаллий ҳокимликлар ҳамда кенг жамоатчилик фаол иштирок этиши лозим. Шундагина йўлларимиз бехатар ва автотранспорт ҳаракати тартибли бўлади.

Абдулазиз ЙЎЛДОШЕВ,

“Халқ сўзи”

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер