Термиз мулоқот майдонига айланмоқда

11:17 01 Апрель 2026 Жамият
152 0

«Термиз халқаро савдо маркази» эркин савдо зонасида «Ўзбекистон — Россия: Евросиё маконида стратегик шериклик» мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди.

Анжуман Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти ҳамда Россиянинг Валдай халқаро мунозара клуби ҳамкорлигидаги доимий экспертлар платформаси доирасида ташкил этилди.

Тантанали очилишда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директори Элдор Арипов, «Валдай» халқаро мунозара клубини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш жамғармаси кенгаши раиси Андрей Бистрицкий, Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов, Россия Федерацияси ташқи ишлар вазири ўринбосари Михаил Галузин икки давлат ўртасидаги муносабатлар барқарор ва прагматик асосда ривожланаётганини таъкидладилар.

Қайд этилганидек, бугун Ўзбекистон ва Россия ўртасида 400 дан ортиқ ҳужжат амал қилмоқда. Сўнгги йилларда товар айирбошлаш ҳажми 2016 йилдаги 4,2 млрд доллардан 13 млрд долларгача ўсди.

Анжуманда транспорт-логистика алоқаларини ривожлантириш, савдо йўлакларини кенгайтириш ва саноат кооперациясини чуқурлаштириш масалалари муҳокама қилинди.

Конференциянинг Термиз шаҳрида ўтказилиши ҳам рамзий аҳамиятга эга. Бугун ушбу ҳудуд Марказий ва Жанубий Осиёни боғловчи муҳим нуқтага айланмоқда. Хусусан, савдо марказида 3 мингдан ортиқ дўкон фаолият юритиб, йиллик экспорт ҳажми 1,2 млрд долларни ташкил этмоқда.

Мазкур анжуман Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги стратегик шерикликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Фарҳод ЭСОНОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер