“Телефонсиз мактаб”: Натижалар кутилганидек

15:12 16 Февраль 2026 Жамият
305 0

Вилоятимизнинг барча мактабларида “Телефонсиз мактаб” лойиҳаси босқичма босқич йўлга қўйилмоқда. Мазкур лойиҳани амалга оширишда “Қуш уясида кўрганини қилади” деган нақл диққат марказимизда бўлмоқда. Яъни ўқувчининг смартфон ва у орқали интернетдаги фойдасиз эрмаклар билан машғул бўлишини чеклаш бўйича мактабдаги каби оилада ҳам қатъий назорат ўрнатилмоғи шарт деб белгиладик. Шу боис ҳар бир умумий ўрта таълим масканида “Телефонсиз мактаб” лойиҳаси ота-оналар билан маслаҳатлашилган ҳолда жорий қилинмоқда. Айни масала бўйича ота-оналар қўмиталари йиғилишлари ўтказилмоқда. Эътиборлиси, “Телефонсиз мактаб” лойиҳаси бўйича таклиф ва тавсиялар барча ота-оналарга маъқул.

Йиғилиш жараёнида ота-оналарга телефоннинг зарарлари тўғрисида видеоролик намойиш этилаяпти. Шунингдек, телефондан ҳаддан ташқари кўп фойдаланиш болаларининг ўқиши, тарбияси ва соғлиғига салбий таъсир кўрсатиши ҳақида фикрлар билдирилмоқда ҳамда фарзандларини телефонга қарамликдан асраш, китоб ўқиш, жонли мулоқот ва спортга қизиқтириш бўйича улар билан доимий ҳамкорлик ўрнатилмоқда.

Эътиборлиси, “Телефонсиз мактаб” лойиҳасини амалга ошириш учун ҳеч қандай маблағ сарф этилмайди. Энг аввало қатъий назорат ва телефонларни сақлаш учун битта қути бўлса кифоя. Қутини ҳам қайгадир буюртма бериб олиш шарт эмас. Дейлик, Ховос туманидаги 1-умумтаълим мактабида уни шу таълим масканининг технология фани ўқитувчиси ясаб берди. Ўқувчилар мактабга киришда телефонларини ана шу қутига қўяди. Фақат зарур ҳолларда ўзиники ёки синф раҳбарларининг телефонидан фойдаланади.

Айтиш лозимки, “Телефонсиз мактаб” лойиҳаси жорий қилинган мактабларда кутилган натижалар қайд этилмоқда. Хусусан, ўқувчиларнинг дарсларни ўзлаштириши, фанлар ва тўгарак машғулотларидаги фаоллиги ортмоқда. Аксарият ўқувчилар телефонларини уйда қолдиряпти, олиб келганлари ҳам мактаб остонасидаги қутига жойлаб, сўнг синфларга киряпти.

“Телефонсиз мактаб” лойиҳаси самарадорлигини янада ошириш учун синфлар ўртасидаги мусобақаларни кўпайтириш ва тез-тез ўтказиб туриш керак. Масалан, мактабда телефондан фойдаланмаслик қоидаларига риоя қилганлиги учун “Энг интизомли синф”, мунтазам, ҳатто танаффусда ҳам мутолаа билан машғул бўлганлиги учун “Китобхон синф”, тадбирлардаги фаол иштироки учун “Фаол жамоа”, фарзандларининг телефондан ортиқча фойдаланишларини чеклашда қатъийлик кўрсатгани учун “Энг намунали ота-она” каби номинацияларда мусобақалар ташкил этилса мақсадга мувофиқ бўлади. Вилоятимиз мактабларида ҳам ўқувчиларни чуқур таълим, ҳам ибратли тарбия олишига хизмат қилувчи ана шундай тадбирлар кўпаймоқда. Натижада ўқувчилар диққат-эътиборини телефонга эмас, китоб ўқишга, жамоат ишларида фаол бўлишга, дарсларни мукаммал ўзлаштиришга қаратмоқда.

Наргиза ХОЛБОЕВА,

Сирдарё вилояти мактабгача ва мактаб

таълими бошқармаси бошлиғи, “Дўстлик” ордени соҳибаси.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?