“Ташаббусли бюджет”: муштарак мақсад йўлидаги ҳамжиҳатлик

16:18 13 Октябр 2025 Жамият
307 0

Ўзбекистон тумани марказидан 12 километр олисда жойлашган “Бегобод” маҳалла фуқаролар йиғинида кўп йиллик муаммолар “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси доирасида бартараф этилмоқда.

Яқин йилларда маҳалланинг электр таъминоти тубдан яхшиланди, ички йўллар асфальт қилинди. Шу тариқа навбат тоза ичимлик суви муаммосини ҳал этишга қаратилиб, бу борада ҳам маҳалладошлар фаоллик кўрсатди.

Уларнинг муштарак мақсад йўлидаги ҳамжиҳатлиги туфайли шу йўналишда илгари сурилган таклиф энг кўп овоз тўплади ва ғолиб деб топилди. Натижада бюджетдан йўналтирилган 1 миллиард 500 миллион сўмлик лойиҳа асосида ҳудудда янги ичимлик суви қудуғи қазилиб, 1 минг 600 метрдан зиёд тармоқ тортилди. Янги сув минораси ўрнатилиб, сув иншооти барпо этилди.

Шу кунларда тўлиқ якунига етказилаётган лойиҳа натижасида маҳалладаги 300 дан ортиқ хонадоннинг тоза ичимлик суви таъминоти яхшиланишига эришилади.

— Маҳалладаги 850 та оилада 4400 нафар аҳоли истиқомат қилади,—дейди “Бегобод” МФЙ раиси Ражавали Султонов. — Ҳаётбахш дастурлар доирасида сўнгги йилларда бу каби муҳим муаммо ва масалалар тўлиқ ҳал этилди. Бу эса халқимизнинг дунёқараши, турмуш тарзи ўзгариб, фаровонлиги яхшиланиб боришида муҳим омил бўлмоқда.

Айтиш жоиз, “Ташаббусли бюджет” лойиҳасининг биргина жорий йилги иккинчи мавсумида Фарғона вилоятида 274 та, Ўзбекистон туманида 14 та лойиҳа ғолиб бўлди. Шунингдек, иккинчи мавсумда вилоят миқёсида 35 та лойиҳа қўшимча ғолиб деб топилиб, маҳаллий бюджетнинг маблағлари ҳисобидан 47 миллиард 657 миллион сўм ажратилди.

Ботир МАДИЁРОВ

«Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?