Тараққиёт манзиллари

11:08 31 Октябр 2025 Жамият
244 0

Фото: Жамшидбек Аҳмадалиев.

Наманган вилоятида кейинги пайтда саноат, қишлоқ хўжалиги, энергетика, қурилиш материаллари каби иқтисодиётнинг муҳим соҳаларида катта ютуқлар қўлга киритилмоқда. Президентимиз таъбири билан айтганда, “Наманганда катта марралар забт этиляпти”. Бу натижаларнинг замирида фақат инвестиция ёки замонавий технологиялар кенг жалб этилаётгани эмас, балки инсон меҳнати, ишончи ва юртига бўлган муҳаббати мужассам.

Адирликдаги саноат мажмуаси

Бағрида чўп ҳам кўкармаган, табиатнинг изғирин шамолларига таслим бўлган чўллашган маскан эди бу адирлик. Бир қарашда умидсизлик тимсоли эди. Энди эса инсон қўли билан обод масканга айланди. Мана шу кенгликда замонавий ишлаб чиқариш мажмуаси – “Мегатон” газоблок заводи қад ростлади. Бу йирик лойиҳа фидокорона меҳнат, мустаҳкам ирода ва беқиёс меҳр маҳсулидан яралган ҳаёт манзарасидир.

Мамлакатимизда урбанизация жараёни кучайиб бораётган бир пайтда, қурилиш материалларига бўлган талаб йил сайин ошмоқда. “Мегатон”нинг газ-бетон маҳсулотлари эса ушбу эҳтиёжни сифат ва миқдор жиҳатдан қондиришда муҳим роль ўйнамоқда.

“Наманган” эркин иқтисодий зонасида амалга оширилган ушбу лойиҳа доирасида 40 миллион долларлик иш қилинди. Мажмуа Хитой, Германия ва Дания каби илғор давлатлардан келтирилган замонавий ускуналар билан жиҳозланди. Айниқса, Германиянинг энергия тежамкор технологияси жорий этилгани иш самарадорлигини ошириш имконини беряпти. Электр энергияси сарфи 45 фоизгача камайгани бунинг яққол исботидир.

Маҳсулот ишлаб чиқариш учун юқори сифатли цемент “Мегатон”га қарашли “Наманган цемент” заводи томонидан етказиб бериляпти. Натижада қўшилган қиймат занжири яратилди. Айни пайтда корхонада 500 нафарга яқин ишчи меҳнат қилаётган бўлса, улар орасида вақтинча ишсизлар, меҳнат мигранциясидан қайтганлар, “темир дафтар” рўйхатидаги фуқаролар бор.

– Одамлар ишли бўлса, оиласи тинч, турмуши фаровон бўлади, — дейди корхона директорининг ўринбосари Мирмуҳсин Ҳайдаров. — Биз маҳаллий аҳоли учун барқарор иш ўринлари яратиш мақсадида фаолиятимизни кенгайтириш устида изланяпмиз.

Бугун юзлаб чустликлар завқини ошириб, янги умидлар билан яшашига ундаётган корхонанинг олдинда ҳали янги-янги лойиҳалари кўп. Масалан, “Мегатон” мажмуасининг иккинчи босқичида автоклав газоблок, махсус кимёвий қоришмалар, елим ва бошқа қурилиш материалларини маҳаллийлаштириш кўзда тутилган.

Норин хонбалиқлари

Қадимда ботқоқликдан иборат Норин тумани ерлари йиллар ўтиб, маданийлашди. Бунда асл мироб ва асл деҳқонларнинг хизматлари катта бўлган. Қирғиз Республикасидан Ўзбекистонга оқиб ўтган Норин дарёси дастлаб, Учқўрғон, сўнг Норин тумани далаларини суғоради... Шу боис деҳқончилик туман аҳлининг тирикчилик манбаи бўлган. Энди эса балиқчилик ҳар бир хонадонга кириб боряпти.

Президентимиз вилоятга ташрифи давомида “Fishwell Nоrin” корхонаси фаолиятига алоҳида эътибор қаратди. Уч миллион долларлик сармоя, икки гектар ер майдонидаги 76 та инновацион ҳовуз, йилига 2 минг тонна хонбалиқ (форель) етиштириш қуввати – буларнинг барчаси замонавий агробизнеснинг ривожидан далолат. Айни пайтда 40 та ҳовуз ишга туширилган бўлиб, лойиҳа тўлиқ якунлангач, экспорт ҳажми 5 миллион долларга етиши кутиляпти.

Суперинтенсив усулда балиқ етиштириш – кам харажат эвазига юқори маҳсулдорликни кўзлайди. Айтайлик, энергия тежамкор ускуналардан фойдаланилиши туфайли электр энергияси сарфи икки баробарга камайган. Пировардида маҳсулот таннархи тушиб, рақобатбардошлиги ортмоқда.

– Личинкаларни ўзимизда етиштиряпмиз, озуқа эса Германия ва Эрондан олиб келинади, — дейди тадбиркор Азизбек Даминов. — Ҳовузларда сувнинг тинимсиз айланиши, покиза сақланиши, озуқанинг ўз вақтида берилиши – буларнинг бари юқори маҳсулдорлик гаровидир.

Табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш масаласи ҳам инобатга олинган. Норинда ер ости сувлари юзага яқин жойлашган. Шу сабабли зах — шўр сувлардан халос бўлиш учун тик қудуқлар қазилган. Улардан чиқаётган соф мелиоратив сув эса айнан форель парваришлашга мос. Битта ана шундай қудуқда йилига 13-20 тоннагача балиқ етиштириш мумкин экан.

Бугунги кунда Хўжақўрғонча маҳалласидаги 25 хонадон корхона билан кластер тизимида ҳамкорлик қилмоқда. Уларнинг ҳар бири йилига 150 миллион сўмгача даромад кўраётгани рақамлар ортида турган ҳаётни, теран ўзгаришларни кўрсатади.

Туман ҳокимининг ўринбосари – инвестициялар, саноат ва савдо бўлими бошлиғи Шуҳратжон Юлдашевнинг айтишича, балиқчилик туман иқтисодиётини диверсификация қилишнинг самарали йўналишига айланди. Янада муҳим томони – аҳоли иштирокида кластер шаклланди, бу эса таълим, технология, инвестиция ва маҳсулот занжирининг уйғунлигини таъминлаяпти.

“Яшил” энергия даври

Бир қарашда сув – табиий неъмат. Аммо у билан тўғри “муомала”да бўлиш, ундан ҳаёт учун манфаатли энергия ҳосил қилиш осон эмас. Бунга билим, замонавий технология ва юксак ишонч билан эришилади. Шу маънода, “Норин ГЭСлар каскади” лойиҳаси нафақат Наманган, балки бутун мамлакатимиз энергетика барқарорлигини таъминлаш йўлида ташланган муҳим қадам бўлди.

- Ушбу лойиҳа қиймати 428 миллион доллардан ошиқ бўлиб, умумий қуввати 228 мегаватт тенг, — дейди станция бошлиғи Жалолиддин Аҳмадалиев. – Ҳозирда 430 минг хонадонни электр энергияси билан таъминлаяпмиз. Табиий газ тежалиб, 300 миллиард сўмлик иқтисодий манфаат келтирилиши катта натижа, албатта.

Эътиборли жиҳати шундаки, бу ердаги 1-ГЭС тўлиқ маҳаллий ускуналар асосида барпо этилган. Демак, бу биринчи миллий ГЭС сифатида тарихга кирди. Технологиялар замонавий, энергетик самарадорлик юқори, экологик зарар эса “нол”га тенг. Сув орқали “яшил” энергия ишлаб чиқариш нафақат истиқбол, балки миллий ифтихор ҳамдир.

Иқтисодий натижалар фақат рақамларда эмас, балки инсонлар ҳаётига сифат ўзгаришлари олиб кириши билан алоҳида аҳамиятга эга. Наманганда амалга оширилаётган йирик ва истиқболли лойиҳалар янгиланиш, янгича фикрлаш ва ёрқин келажак сари ташланаётган қадамлардир. Давлатимиз раҳбарининг ишончи бу саъй-ҳаракатларга руҳ ва куч бағишламоқда.

Улуғбек РЎЗИМАТОВ,

“Халқ сўзи”.

Фото: Жамшидбек АҲМАДАЛИЕВ.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер