Таниқли шоир Асрор Мўмин 70 ёшга тўлди
Шоир, таржимон ва журналист Асрор Мўмин 70 ёшга тўлди. “Халқ сўзи” ва “Народное слово” газеталари таҳририяти жамоаси Асрор Мўминни таваллуд куни муносабати билан самимий табриклаб, ижодий зафарлар тилайди.
Омадсизликда
Йиқилаётиб тоққа суянсанг,
Тоғ қулар.
Чўкаётиб кемага ёпишсанг,
Кема ғарқ бўлар...
* * *
Ширин жоним сизга қарзи ҳасана,
Ёр билан ўтказган ҳар куним сана.
Эй Асрор, умрингни этсанг сарҳисоб,
Сана деб атаган кунларинг сана.
Дўстларни асранг
(Машҳур авар шоири Расул Ҳамзатовдан)
Эй дўст,
ажрат дўстинг ким, душманинг ким?
Ўйламай хулоса чиқарма фақат.
Дўстинг билмай хато қилгандир балким,
Сен унга шошилиб сочмаган нафрат.
Дўстинг сал янглишди, ранжитди сени,
Бу хато – беғараз қилинган хато.
Дўстинг узр сўради, кечиргин уни,
Хатосини унут, эслама асло.
Одамлар, қариймиз ва ақл паришон,
Ўтган йиллар ортга қайтмайди тайин.
Дўстдан воз кечамиз осондан-осон,
Ҳолбуки, дўст топиш қийиндан-қийин.
Синалган тулпоринг қоқилса йўлда,
Жаҳл устида айтган сўзларингдан кеч.
Тулпоринг айблама, сўқмоқни айбла,
Синалган тулпоринг ўзгартирма ҳеч.
Одамлар, илтимос қиламан сиздан,
Меҳрингиз аяманг бир-бирингиздан.
Дўстликни қадрланг, дўстларни асранг,
Ахир, чин дўстларни топгансиз аранг.
Ўзим ҳам биламан каму кўстимни,
Юзимга солманглар уларни эслаб.
Нетай, ташлаб кетдим қанча дўстимни,
Қанча дўстим мени кетгандир ташлаб.
Шундан кейин қанча бўлдим пушаймон,
Мушкулот кўндаланг турса йўлимда.
Қанчалар ачиндим, юрмасдим гирён
Йўқотган дўстларим бўлса ёнимда.
Сизни кўргим келар дўст-қадрдонлар,
Хушламасангиз ҳам келинг, тортинманг.
Сизни кечирганман аллақачонлар,
Сиз мени кечира олмасангиз ҳам.
Асрор МЎМИН
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига кириш нархлари эълон қилинди
- Трамп Эрондаги ҳарбий операция «деярли якунланганини» маълум қилди
- МИБ директорига янги ўринбосар тайинланди
- Тошкент – Самарқанд пуллик йўли қурилиши 2 миллиард доллардан зиёдга баҳоланмоқда
- Тошкентда туннель девори ўпирилиб тушди
- Бир асрлик тарихга гувоҳ бино тақдири
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг