Тадбиркорлар учун янгилик: уларнинг молиявий хизматлардан фойдаланиш имконияти кенгаяди

Фото: Акмал Муҳаммадов / “Халқ сўзи”
Олий Мажлис Сенатининг тўртинчи ялпи мажлисида “Тадбиркорлик субъектларини молиявий қўллаб-қувватлаш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун муҳокама қилинди.
Қонунда бозор муносабатларини янада ривожлантириш шароитларида тадбиркорлик субъектларини молиялаштиришнинг янгича ва муқобил воситаларини ишлаб чиқиш, айниқса, тадбиркорлик субъектларига кафолат тарзида ёрдам кўрсатиш соҳасини кенгайтириш, банк кредитларига муқобил бўлган пул талабномасидан бошқа шахс фойдасига воз кечиш эвазига молиялаш механизмларини такомиллаштиришга қаратилган нормалар белгиланмоқда.
Хусусан, мазкур Қонунга кўра факторинг объекти сифатида юридик шахсга ёки тадбиркорлик субъектига нисбатан келиб чиқадиган пул талабномасини белгилаш, пул талабномасидан бошқа шахс фойдасига воз кечиш бўйича тақиқни бузганлик учун жавобгарликни бекор қилиш ва мижознинг контрагенти норезидент бўлганда факторинг операцияларини хорижий валютада амалга оширишга рухсат берилади.
Факторингда қарздорнинг ҳуқуқий ҳимоясини кучайтириш мақсадида молия агенти томонидан тўлов амалга ошириладиган давлат ва валюта тури ўзгартирилишига йўл қўйилмаслиги, шунингдек, факторингда фирибгарлик ҳолатларининг олдини олиш учун пул талабномасидан воз кечиш тўғрисидаги хабарномаларни гаров реестрида рўйхатга олишни йўлга қўйиш назарда тутилмоқда.
Мазкур ҳужжат билан тадбиркорлик субъектларига кредит ташкилоти олдидаги пул мажбуриятини бажариш бўйича кафолатлар (кафилликлар) бериш фаолиятини профессионал асосда амалга оширувчи, шунингдек, қонунчиликда назарда тутилган бошқа хизматлар кўрсатувчи кафолатлар бериш ташкилоти ҳамда факторинг хизматлари кўрсатишга ихтисослашган факторинг ташкилоти институтлари жорий этилмоқда.
Эндиликда Қонунга асосан устав фондининг энг кам миқдори кафолатлар бериш ташкилоти учун 100 млрд сўм, факторинг ташкилотлари учун эса 2 млрд сўм этиб белгиланмоқда. Мазкур ташкилотлар Марказий банкда ҳисоб рўйхатидан ўтказилиши, уларнинг фаолияти Марказий банк томонидан тартибга солинади ва назорат қилинади.
Қонунда нобанк кредит ташкилотлари фаолиятига қўйилган айрим чекловларни юмшатиш ва такомиллаштириш назарда тутилиб, уларни акциядорлик жамияти ёки масъулияти чекланган жамият шаклида ташкил этилиши мумкинлиги, уларнинг устав фондидаги улушнинг 10 фоиздан 20 фоизгача бўлган қисмини бевосита ёки билвосита олганда Марказий банкни хабардор қилиш, 20 ва ундан ортиқ фоизини олганда эса Марказий банкнинг дастлабки рухсатномасини олиши шартлиги белгиланмоқда.
Мазкур Қонуннинг қабул қилиниши тадбиркорлик субъектларининг молиявий хизматлардан фойдаланиш имкониятларининг кенгайишига, бизнесни қўллаб-қувватлаш хизматлари турларининг ортишига, тадбиркорлик лойиҳаларини молиялаштиришнинг янги йўналишлари яратилишига хизмат қилади.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Фото: Акмал Муҳаммадов / “Халқ сўзи”
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Саудия Арабистонида «Ўзбекистон маданияти кунлари» давом этмоқда
- Супер ой: Бугун Ернинг табиий йўлдоши одатдагидан анча катта кўринмоқда
- Самарқандда ЮНЕСКОнинг 43-сессиясига тайёргарлик авжида
- Аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тартиби белгиланди
- Марказий Осиё педагоглари Нукусда жам бўлди
- Ҳудудларда 34 та юқори технологияли саноат лойиҳалари амалга оширилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг