Табиий ресурс тармоқларига ноқонуний уланиш ҳолатлари фош этилмоқда

14:28 29 Январь 2024 Жамият
249 0

Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Ғозғон шаҳар бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда “G.S.” МЧЖ масъул шахслари тошни қайта ишлаш заводининг электр трансформаторига қасддан ташқи таъсир ўтказиб, 667,3 млн сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдаланганликлари аниқланган.

Департаментнинг Олмазор туман бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда ЯТТ “Қ.Ж.” умумий овқатланиш шохобчасини электр тармоқлари корхонаси билан шартнома тузмасдан умумий фойдаланишдаги электр тармоғига ўзбошимчалик билан улаб, 306,4 млн сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдаланганлиги аниқланган.

Департаментнинг Наманган туман бўлими томонидан туман ЭТК ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган терговга қадар текширувда “N.T.” ва “N.” МЧЖ раҳбарлари ҳеч қандай ҳужжатсиз умумий овқатланиш ошхонасини тижорат мақсадида умумий фойдаланишдаги электр тармоғига улаб, жами 260,2 млн сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдаланганликлари аниқланган.

Шу каби, Департаментнинг Бўстонлиқ туман бўлими томонидан ИИБ ва ЭТК ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро Б.С. дала ҳовлисини тўғридан-тўғри электр ҳисоблагичдан ташқари ўғирлик йўли билан умумий фойдаланишдаги электр тармоғига улаб, жами 241,8 млн сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдаланганлиги аниқланган.

Департаментнинг Бухоро шаҳар бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда ЯТТ “Б.А.” ва фуқаро Ж.Б. новвойхона ва бильярдхона биносини ўзбошимчалик билан умумий фойдаланишдаги электр тармоғига улаб, 185,2 млн сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдаланганлиги аниқланган.

Департаментнинг Каттақўрғон шаҳар бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда эса, фуқаро Ж.Х. ўзи яшаб турган уй томорқасидаги иссиқхонани ҳеч қандай ҳужжатсиз тижорат мақсадида газ тармоғига улаб, жами 177,1 млн сўмлик табиий газдан ноқонуний фойдаланганлиги аниқланган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 169-моддаси (ўғрилик) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?