Сув тежовчи технологиялар – аграр соҳа тараққиёти кафолати

17:26 05 Март 2025 Жамият
208 0

Одилбек ОДАМБОЕВ/«Халқ сўзи». Қадим Хоразмда бўйи етган қизга суғориш тармоқларининг охирида жойлашган қишлоқлардан совчи келса, ота-онаси кўп ҳолларда розилик бермаган. Сабаби, бундай қишлоқларга сув етиб бориши қийин бўлиб, натижада деҳқончилиги яхши бўлмайдиган оилаларда ҳаёт тарзи анча қийин кечган. Умуман, Амударёнинг қуйи минтақасида жойлашган Хоразмда сув таъминоти, обиҳаётдан тежамкорлик билан фойдаланиш азалдан ўта муҳим аҳамият касб этиб келган.

Академик Яҳё Ғуломов «Хоразмнинг суғорилиш тарихи» монографиясида воҳада сунъий суғориш тизимларининг юзага келиши ва ривожланиш босқичларини тўла тадқиқ қилган. Унда баён қилинишича, Хоразмда суғорма деҳқончилик маданияти азалдан ривож топган, ирригация ва мелиорация тизимлари жуда пухта илмий ҳисоб-китоблар асосида бунёд этилган. Мироблик хонликдаги энг нуфузли касб саналиб, энг адолатли, илмли кишилар бу вазифага тайинланган. Ҳар йили ариқ-зовурларни лойқадан тозалаш учун қазув, яъни «бегор» эълон қилиниб, унга ҳар бир оила жалб этилган.

Бугунги кунга келиб ушбу анъанавий суғориш усуллари ўрнини замонавий сув тежовчи технологиялар, жумладан, томчилатиб ва ёмғирлатиб суғориш, далаларни лазер ёрдамида текислаш усуллари эгалламоқда. Мақсад сувдан тежаб, самарали фойдаланиш, қурғоқчиликнинг салбий таъсирини камайтириш. Ўтган йил вилоятда қарийб 43 минг гектар майдонда сув тежовчи технологиялар қўлланилди. Бугунги кунда вилоятдаги барча экин майдонлари лазер ёрдамида текисланган. Мутахассисларнинг ҳисоб-китобларига кўра вилоятда лазер билан текисланган майдонларда чел олиш ишлари, сувчилар сони ва бошқа хизматлар қисқариши ҳисобига 83 млрд. сўм маблағ иқтисод қилинар экан.

— Халқимиз бежизга сувни зарга, сувчини заргарга қиёсламайди, — дейди Шовот туманидаги «Уста Матсафо» фермер хўжалиги раҳбари Шуҳрат Ўдабоев. — Фермер хўжалигимиз далаларида туманда биринчилардан бўлиб томчилатиб суғориш тизимини жорий этдик. Очиғи, ўша пайт кўпчилик бунга бўлмайдиган иш, деб қараганди. Ўзимда ҳам бироз хавотир бўлгани бор гап. Кейинчалик бу усулга барчанинг фикри ижобий томонга ўзгарди. Фермер хўжалигимиз мисолида олиб қарасак, биринчи йилдаёқ харажатимиз қоплана бошлади. Хусусан, давлатимиз раҳбарининг қарорига асосан, янги технология жорий этилган ҳар гектар ер учун 8 миллион сўмдан субсидия олдик. Энг муҳим жиҳати эса ҳосилдорлик ошгани ва тежамкорликда бўлди. Биринчидан, сув тежалиши ҳисобига ғўзалар танқислик сезмади, натижада ҳосилдорлик ва шунга мос равишда даромадимиз анча ошди. Иккинчидан, ишчи кучи, ўғит, ёқилғига сарфлайдиган харажатларимиз сезиларли даражада камайди. Шу боис сув тежовчи технологияларни барча далаларимизда жорий қилиш ҳаракатидамиз.

Вилоятда бошқа тармоқларда бўлгани каби сув хўжалигида ҳам рақамлаштириш жараёнлари жадал давом этмоқда. Бу қишлоқ хўжалигига йўналтирилаётган ҳар томчи сувнинг қатъий ҳисоб-китоб асосида сарфланишини таъминлайди, беҳуда исроф бўлишининг олдини олади.

— Вилоятда соҳани рақамлаштириш дастури доирасида 357 дона гидропостларга «Ақлли сув» қурилмалари, 684 дона мелиоратив қудуқларга «Дайвер» қурилмалари, 249 дона насос станцияларга сув ва энергия ресурсларини реал вақт режимида ўлчаш қурилмалари ўрнатилди, — дейди Қуйи Амударё чап қирғоқ ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси бошлиғи Одилбек Тоҳиров. — Шунингдек, 4 та йирик иншоотлар автоматлаштирилди, белгиланган лойиҳалар доирасида 38 та объектда 152 млрд сўмлик қурилиш ва реконструкция ишлари амалга оширилди. Натижада ўтган йилда 26 минг гектар ернинг сув таъминоти ва 28 минг гектар майдоннинг мелиоратив ҳолати яхшиланди, 6,5 минг гектар ерлар қайта фойдаланишга киритилди.

Ирригация тармоқларидаги сув йўқотишларининг бир қисми обиҳаётнинг ер остига сингиб кетиши билан боғлиқ. Бунинг олдини олиш мақсадида вилоятда 2100 километр ички ариқлар, 5,4 км хўжаликлараро каналлар бетонлаштирилди. Умуман, ўтган йил вилоятда сувни тежаш бўйича амалга оширилган барча тадбирлар ҳисобига бир миллиард метр куб сувни иқтисод қилинишига эришилди.

Ўтган йилнинг 7 ноябрь санасида ўтказилган қишлоқ хўжалигида сув ва энергия ресурсларидан унумли фойдаланиш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида мамлакатимиз Президенти сув насосларини янгилаш ҳамда уларнинг электр таъминотини қуёш панеллари ёрдамида амалга ошириш бўйича «Хоразм тажрибаси»ни кенг оммалаштириш юзасидан топшириқ берди.

Бугунги кунда Хоразм вилоятида қишлоқ хўжалиги экинларини суғориш учун давлат ҳисобидаги ва фермер хўжаликлари балансидаги 2146 та насос агрегатлари ишлатилади. Сув насосларининг самарадорлигини ошириш ва муқобил энергиядан фойдаланиш мақсадида ўтган йил фермер хўжаликлари тасарруфидаги 134 та насос агрегатларига 8300 кВт/с қувватга эга қуёш панеллари ўрнатилди. Ушбу тадбирни амалга ошириш орқали йиллик 13 млн 827 минг кВт/с ёки 12 млрд 444 млн сўмлик электр энергиясининг тежалишига эришилди. Бу 1382 та хонадоннинг 1 йиллик электр энергияси истеъмолига тўғри келади. Шунингдек, 92 та фермер хўжаликларига ўрнатилган 102 та насос станцияларида ишлаб чиқарилган эҳтиёждан ортиқча 1 млн 958 минг кВт/с электр энергияси сотилиб, фермер хўжаликлари 1 млрд 410 млн сўм қўшимча даромадга эга бўлди.

— Фермер хўжалигимиз экин майдонлари 106 гектар бўлиб, олдинги йилларда суғориш насослари учун электр энергиясига ҳар 15-20 млн сўм тўлар эдик, — дейди Хонқа туманидаги «Тўтижон Бекметова» фермер хўжалиги раҳбари Камоладдин Юсупов. – Сув насослари учун 75 кВт қувватга эга қуёш панеллари ўрнатгач электр учун тўланадиган сарф-харажатлар ёнимизга қоляпти. Бунинг устига қуёш панелларидан олинган ортиқча энергияни туман электр тармоқлари корхонасига 720 сўмдан сотиб яхшигина фойда ҳам оляпмиз.

Мутахассисларнинг ҳисоб-китобларига кўра, битта фермер хўжалигида мавжуд сув насослари қуввати 110 кВт/соатни ташкил қилса унинг электр истеъмолини тўлиқ қоплаш учун 150 кВт қувватга эга қуёш панеллари зарур бўлади. Бу ўртача 600 млн сўмни ташкил қилади ва 2 йилда тўлиқ ўзини қоплайди.

2025 йилда вилоятда 3250 гектарда томчилатиб, 1300 гектарда ёмғирлатиб суғориш, 9 минг 100 гектарда бошқа технологияларни жорий қилиш режалаштирилган. Бу каби қўшимча чора-тадбирлар натижасида 20-25 фоиз сув ресурслари тежалади, иқтисодий самарадорлик 10-15 фоизга ошади. Бундай имкониятлар юртимизда мўл-кўлчиликни таъминлаш, аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтиришга хизмат қилади.

Сув – тириклик манбаи, инсоният ҳаёти давомийлигини таъминловчи бебаҳо неъматдир. Халқимиз «обиҳаёт» деб эъзозлайдиган, поклик тимсоли бўлган сувнинг ҳар томчиси бежиз тиллога менгзалмайди. БМТ қошидаги Жаҳон чўлланиш ва қурғоқчиликка қарши кураш ташкилоти томонидан 2022 йилда эълон қилинган баёнотда 2050 йилга бориб қурғоқчилик дунё аҳолисининг тўртдан уч қисмидан кўпроғига таъсир қилиши мумкинлиги маълум қилинди. Жаҳон табиий ресурслар институти ва Британиянинг «Economist Intelligence Unit» ташкилоти тадқиқотларига кўра эса 2040 йилга бориб, сув танқислигига энг кўп учраши тахмин қилинаётган 33 давлат орасида Марказий Осиё мамлакатлари, хусусан, Ўзбекистон ҳам бор. Бу эса юртимизда сувдан тежамкорлик билан фойдаланиш, хусусан, қишлоқ хўжалигида сув тежовчи технологияларни кенг жорий этишга бугундан жиддий киришишни тақозо этади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?