Сурхондарёда ноёб туризм маскани барпо этилмоқда

14:37 22 Декабрь 2025 Жамият
242 0

Шеробод туманидаги “Хўжаикон” туз кони ҳудуди яқин йилларда нафақат вилоят, балки бутун минтақанинг энг ноёб туризм масканларидан бирига айланиши кутилмоқда. Бу ерда Эроннинг “Kapa yurt salt taun” масъулияти чекланган жамияти Германиянинг “Bizayla” компанияси билан ҳамкорликда қиймати 50 миллион долларга тенг “Саломатлик туризми” шаҳарчасини бунёд этиш ишларини бошлади.

— Янги лойиҳа 2025–2035 йилларда босқичма-босқич амалга оширилади, — дейди вилоят ҳокими ўринбосари, туризм бошқармаси бошлиғи Жўрабек Тўраев. — Бу ташаббус ҳудуднинг табиат томонидан берилган ноёб имкониятларини замонавий туризм ва иқтисодий ривож йўлига сафарбар этади. Энг муҳими, маҳаллий ва хорижий сайёҳлар оқимини сезиларли даражада оширади.

Ҳудудда бир вақтнинг ўзида 500 нафар сайёҳни қабул қила оладиган меҳмонхона мажмуаси, шунингдек, ноодатий архитектурага эга капсула уйлар қурилади. Тузли бассейнлар, туз ванналари, соғломлаштириш марказлари барпо этилиб, амфитеатр, ҳунармандчилик маркази ва туз музейи ташкил этилади. Сунъий туз кўли, яшил ҳудудлар дам олувчилар учун бетакрор манзара ва қулай муҳит яратади.

Лойиҳа доирасида ҳудуднинг инфратузилмаси ҳам тубдан янгиланади: электр энергияси, газ, интернет ва мобил алоқа сифатини ошириш, темир йўл тармоғига улаш режалаштирилган. Шунингдек, “Тоҳиршоҳ ота” мақбараси ободонлаштирилиб, зиёратчилар учун муносиб шароитлар яратилади.

Айни пайтга қадар сармоядорлар томонидан 20 дан ортиқ капсула уй барпо этилди. Лойиҳа тўлиқ ишга тушгач, йилига ўртача 200 минг нафар маҳаллий ва хорижий турист ташриф буюриши, 250 дан зиёд янги иш ўрни яратилиши кўзда тутилмоқда. Шу билан бирга, туз кони жойлашган Чорбоғ маҳалласига “Туризм қишлоғи” мақомини бериш бўйича тайёргарлик ишлари ҳам олиб борилмоқда. Келгусида у воҳадаги энг гавжум тиббий, эко ва зиёрат туризми масканларидан бирига айланиши шубҳасиз.

Эътиборлиси, оқ ва қизил туз қатламларидан иборат бу ҳудудда хорижий инвесторлар замонавий технологиялар асосида туз қазиб олиш, қайта ишлаш ва қадоқлаш линиясини ҳам йўлга қўйишни режалаштирмоқда. “ЎЗСАЛТ” бренди остида сифатли истеъмол тузи ишлаб чиқарилиб, унинг бир қисми экспортга йўналтирилади. Шунингдек, табиий туз бўлакларидан турли сувенирлар тайёрлаш ҳам режада бор.

Фарҳод ЭСОНОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер