Сурхондарё вилоятида қум бўронларига қарши саксовулзорлар барпо этилмоқда
Кейинги йилларда республикамизда экологик муҳитга салбий таъсир этувчи омиллар кучайиб, кучли шамол ва қум бўронлари тез-тез кузатилмоқда. Айниқса, Сурхондарё вилоятида «афғон шамоли» деб аталувчи қумли бўронлар деярли ҳар йили такрорланиб, аҳоли саломатлиги ва атроф-муҳитга жиддий зарар етказмоқда. Бу ҳолат чўлланишга қарши курашиш, ер ресурсларини муҳофаза қилиш ҳамда экологик барқарорликни таъминлаш бўйича тизимли ва амалий чора-тадбирларни кучайтиришни тақозо этмоқда.
Шу йўналишда Жарқўрғон туманида муҳим экологик лойиҳа амалга оширилди. Ўзбекистон Республикаси «Жонли табиат» жамоат бирлашмасининг Сурхондарё вилояти бўлими ҳамда Ўзбекистон экологик ҳаракати ташаббуси билан Қораянтоқ маҳалласи ҳудудида 20 гектар майдон кўкаламзорлаштирилди.
Лойиҳа доирасида қумли ва шўрланган ер шароитига мос бўлган 200 минг туп саксовул кўчати экилиб, қўшимча равишда 300 килограмм саксовул уруғи қадалди. Мутахассислар таъкидлашича, саксовулзорларни кенгайтириш шамол эрозияси, қум кўчишининг олдини олиш ҳамда чўлланиш жараёнларини секинлаштиришда энг самарали табиий ечимлардан бири ҳисобланади.
Мазкур ташаббус нафақат ҳудуднинг экологик ҳолатини яхшилаш, балки аҳоли турмуш сифатини ошириш, табиий муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгаришига мослашиш йўлидаги муҳим қадам сифатида аҳамият касб этади.
Фарҳод ЭСОНОВ, «Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- «E-ekspertiza» платформаси орқали электрон ҳужжатлар алмашинувини йўлга қўйиш тартиби тасдиқланди
- Нодавлат суд-эксперти сифатида фаолият юритиш янада соддалаштирилади
- «Истанбул Башакшеҳир» меҳмондан ғалаба билан қайтди
- Украинанинг уч вилоятида портлашлар қайд этилди. Қурбонлар бор
- Бу йил Ўзбекистон Пролигасида 14 та жамоа иштирок этади
- Шавкат Мирзиёев Вашингтон шаҳрида Тинчлик кенгашининг дастлабки йиғилишида иштирок этди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг