Суд ҳужжатларининг ижро этилиши ҳолати юзасидан юборилган парламент сўрови натижалари кўриб чиқилди

17:06 19 Декабрь 2025 Сиёсат
191 0

Фото: Юнус Бўриев/«Халқ сўзи»

Ялпи мажлисда суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларининг ижро этилиши ҳолати юзасидан Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси директори М.Эгамбердиевга юборилган парламент сўрови натижалари кўриб чиқилди.

Таъкидланганидек, парламент сўровида акс этган масалалар бўйича муайян ишлар амалга оширилган.

Фото: Юнус Бўриев/«Халқ сўзи»

Хусусан, ҳисобот даврида 4,2 млн та ижро ҳужжати бўйича қарздорликлар амалда ундирилиб, бу кўрсаткич 2024 йилнинг мос даврига нисбатан 48 фоизга ортган.

Шу даврда жами 29,9 трлн сўм, жумладан давлат фойдасига 17,9 трлн сўм ундирилиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан умумий ундирув 2,9 трлн сўмга (11 %), давлатга ундирув 7,6 трлн сўмга (73 %) ошган.

Фото: Юнус Бўриев/«Халқ сўзи»

Мажбурий ижро соҳасига IT — технологияларини кенг жорий этиш ва ижро жараёнида инсон омилини камайтириш мақсадида “МИБ — Портал” дастури 39 та вазирлик, идора ва ташкилотларнинг 68 та ахборот тизимига интеграция қилинган. Соҳани рақамлаштириш натижасида Бюрода 20 тадан ортиқ ахборот тизимлари ишлаб чиқилган ва 95 млрд сўм маблағлар тежалишига эришилган.

Шу билан бирга, парламент сўровидаги айрим масалалар ҳамон долзарблигича қолаётгани қайд этилди.

Фото: Юнус Бўриев/«Халқ сўзи»

Жумладан, “Алимент тўловлари” жамғармаси ҳисобидан тўлаб берилган маблағлар ҳамда уларнинг жамғармага қайтарилиши юзасидан етарлича чора-тадбирлар амалга оширилмаган.

Суд ҳокимиятининг ҳужжатлари барча давлат органлари ва бошқа ташкилотлар, мансабдор шахслар ҳамда фуқаролар учун мажбурийлигини амалда таъминлаш борасида кўрилаётган чоралар етарли бўлмаганлиги боис, айрим ҳокимликлар, давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган ва бюджет ташкилотлари томонидан қарздорлик ўз вақтида тўланмасдан қолмоқда.

Фото: Юнус Бўриев/«Халқ сўзи»

Сенаторлар соҳага сунъий интеллект технологияларини жорий қилиш, қонунчиликни такомиллаштириш, мажбурлов механизмидан фойдаланмаган ҳолда ижро этиладиган ҳужжатлар тоифаси янада кенгайтириш каби йўналишларга эътибор қаратиш лозимлиги ҳақида ўз фикрларини билдирди.

Муҳокама якунида Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?