Солиқ тўловчилари соҳадаги янгиликлардан хабардорми?
Сўнгги йилларда солиқ тизимида улкан янгиликлар, туб ўзгаришлар амалга ошириляпти. Бу эса тадбиркорларни ҳам, жисмоний шахс сифатида солиқ тўловчиларни ҳам бефарқ қолдирмаяпти. Чунки солиқ тизимида ислоҳотларни амалга оширмай туриб эртанги кунимизни, фаровон жамият қуришни тасаввур қилиб бўлмайди.
2022 йилдан эътиборан солиқ сиёсатига киритилаётган янгиликлар, хусусан, Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 29 декабардаги “Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун ҳамда давлатимиз раҳбарининг тегишли қарорлари соҳа ривожида муҳим ўрин тутмоқда.
Таъкидлаш керакки, Солиқ кодексининг амалдаги 75 та моддасига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Шунингдек, Президент қарори билан солиқ тўловчиларга бир қатор ҳуқуқ ҳамда енгилликлар тақдим этилди.
Қашқадарё вилояти давлат солиқ бошқармаси томонидан ушбу янгиликларни солиқ тўловчиларга етказиш мақсадида кўргазмали амалий семинар ташкил этилди.
Семинар давомида қонунчиликдаги янгиликлар ҳақида батафсил маълумотлар бериб ўтилди.
Жумладан, тадбиркорларга улар умумий майдони 1 000 кв. метрдан (10 сотихдан) ортиқ бўлган ер участкаларига ва (ёки) бино (иншоот)ларга мулк ҳуқуқини қўлга киритганда мол-мулк ҳамда ер солиғи бўйича тўловларни олти ойга кечиктириш ҳуқуқи берилмоқда.
— Суғориладиган ер майдони 25 гектардан кўп бўлган қишлоқ хўжалиги корхоналари қўшилган қиймат солиғи тўлашга ўтказиляпти, — дейди Қашқадарё вилояти давлат солиқ бошқармаси бошлиғи Алишер Қодиров. — Амалда 50 гектардан кўп ер майдонига эга корхоналар қўшилган қиймат солиғи тўлашга ўтарди. Бугунги кунда вилоятда суғориладиган ер майдони 25 гектардан 50 гектаргача бўлган ва қўшилган қиймат солиғи тўлашга ўтмаган 274 та корхоналарни ушбу тизимга ўтказиш орқали, уларда ҳисобга олинган (техника хизмати, уруғ, ёқилғи, минерал ўғит ва бошқа товарлар сотиб олинганда) қўшилган қиймат солиғи суммасини бюджетдан қоплаб бериш имконияти яратилади.

Ёшларни қўллаб-қувватлаш мақсадида олий ва профессионал таълим муассасаларида ўқиш учун тижорат банкларидан олинган таълим кредитларини (фоизлари билан) қоплашга йўналтирилган маблағлар, ёш оила томонидан олинган ипотека кредитларини ва улар бўйича ҳисобланган фоизларни 15 млн. сўмгача миқдорда қоплашга жалб қилинган суммалар даромад солиғидан озод қилди.
Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, солиқ имтиёзлари ҳисобига 80 млн. сўм маблағлар фуқаролар ихтиёрида қолдирилади.
— Бугун ўтказилган семинар давомида барча маълумотларга эга бўлдик. Ўйлайманки, бу янгиликлар фаолиятимизда дастуриламал бўлиб хизмат қилади, — дейди “Инженер меъмор қурилиш лойиҳа” МЧЖ ҳисобчиси Ғайрат Ҳақбердиев. — Бу каби семинарлар доимий ўтказилишини ҳар томонлама фойдали бўлади.
Семинарда солиқ тўловчиларни янгиликлар юзасидан барча саволларига жавоблар қайтарилди.
“Халқ сўзи”.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- «E-ekspertiza» платформаси орқали электрон ҳужжатлар алмашинувини йўлга қўйиш тартиби тасдиқланди
- Нодавлат суд-эксперти сифатида фаолият юритиш янада соддалаштирилади
- «Истанбул Башакшеҳир» меҳмондан ғалаба билан қайтди
- Украинанинг уч вилоятида портлашлар қайд этилди. Қурбонлар бор
- Бу йил Ўзбекистон Пролигасида 14 та жамоа иштирок этади
- Шавкат Мирзиёев Вашингтон шаҳрида Тинчлик кенгашининг дастлабки йиғилишида иштирок этди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг