Сўхликларнинг ушалаётган орзулари
Сўхни тепадан кузатганмисиз? Уйлару далаларни баланд тоғлар қуршаб олганини кўрганда, табиатнинг ҳақиқий гўзаллигига шоҳид бўласиз. Осмонўпар тоғлар бағрида жойлашган бу водийнинг ҳар бир гўшаси олис мозийдан сўзлайди. Тоғ қишлоқларида ҳаво бироз совуқ бўлса-да, баҳор кириши билан боғлар, адирлар ва гулзорлар янада яшнаб, водийга алоҳида ҳусн бағишлайди.

Сўхликлар азалдан деҳқончилик ва боғдорчиликда катта тажрибага эга. Қишу ёз ҳовлилар ва иссиқхоналарда гуллар яшнаб туради. Сўх кўчалари ҳам йилдан-йилга ривожланиб, янги йўллар, уй-жойлар ва мактаблар билан янада ободлашмоқда. Бу эса туманни Фарғона вилоятининг намунавий ҳудудларидан бирига айлантирмоқда.
— Илгари энг катта муаммо ишсизлик эди, — дейди фахрий ўқитувчи Салоҳиддин Завҳаров. — Кўплаб ёшлар иш излаб хорижга кетар, улар юборган маблағлар оилаларнинг асосий даромад манбаи бўларди. Бугун эса вазият тубдан ўзгарди. Энди ота-оналар фарзандларининг билим олиши, тил ўрганиши ва касб-ҳунар эгаллашига алоҳида эътибор қаратмоқда. Мактаблар, спорт ва санъат тўгараклари, ижтимоий марказлар ҳамда маҳаллий устахоналар ёшлар учун кенг имкониятлар эшигини очмоқда.
Ҳокимлик ва маҳаллий кенгашлар аҳолининг деҳқончилик билан шуғулланиши учун шарт-шароитларни кенгайтирмоқда. Ер участкалари ажратиш, ундан оқилона фойдаланиш, замонавий агротехника ва боғдорчилик усулларини жорий этиш орқали оилалар барқарор даромад манбаига эга бўляпти. Маҳаллий тадбиркорлар қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, маркетинг ва экспорт масалаларида ҳам амалий ёрдам кўрсатмоқда. Шу тариқа, илгари муаммо бўлиб кўринган ҳолатлар бугун замонавий билим, тадбиркорлик ва маҳаллий имкониятлар асосида ижобий ечим топмоқда.

Сўхликларнинг бугундан кўнгли тўқ, эртадан эса умиди баланд. Бунинг сабаби — мамлакатимиздаги ҳаётбахш ислоҳотларнинг нафаси Фарғонанинг энг чекка ҳудудларигача етиб бораётганидир. Жорий йилда “Мулгон” ва “Себзор” маҳалла фуқаролар йиғинида “Янги Ўзбекистон” қиёфасини шакллантириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилди. 24/7 режимида ишловчи хизмат кўрсатиш объектлари фаолият бошлади, тунда ҳам чароғон кўчалар аҳоли учун қулайлик яратди. Электр ва ичимлик суви таъминоти сезиларли даражада яхшиланди, ички йўллар кенгайтирилди. Обод маҳаллаларда рамзий маънода “Янги Ўзбекистон қиёфасидаги маҳалла” стелалари ўрнатилди. Бу нафақат инфратузилма, балки инсонлар қалбига ҳам янги ҳаёт ва умид кириб келганининг белгисидир.

— Бу йил Сўхга 25 мингдан ортиқ маҳаллий ва хорижий сайёҳларни жалб этишни мақсад қилганмиз, — дейди тадбиркор Аббосжон Мамажонов. — Шу мақсадда Сеяко массивидаги дарё бўйида 15 гектар майдонда 30 та замонавий балиқчилик кластери барпо этилмоқда. Дарё қирғоғи 1 километр масофада мустаҳкамланиб, 3 километрли автомобиль йўли қуриб битказилади. Лойиҳа доирасида форель балиғини етиштириш ва қайта ишлаш режалаштирилган бўлиб, инвестиция ҳажми 3 миллион АҚШ долларини ташкил этади.
Ушбу лойиҳа Сўхнинг балиқчилик салоҳиятини ошириш билан бирга, иқтисодий фаолликни кенгайтиради, экотуризмни ривожлантириб, сайёҳларни табиатнинг бетакрор гўзалликлари билан ошно қилади.

— Сўх ёшларининг орзулари чексиз, — дейди “Келажак бунёдкори” медали соҳиби, “Сариканда” МФЙ ёшлар етакчиси Додоҳайит Ҳасанов. — Айни пайтда туманда 24 минг нафар ёш спортнинг турли йўналишлари билан шуғулланмоқда, улар орасида чемпионлар ҳам талайгина. Касб-ҳунар ва хорижий тиллар марказлари самарали ишламоқда. “Бир миллион сунъий интеллект етакчиси” лойиҳаси доирасида 500 нафар ёш сунъий интеллект ва инновацион технологиялар асосларини ўзлаштирмоқда. Маҳаллаларда 1000 та кичик лойиҳа ишга туширилади. “Бизнесга биринчи қадам” дастури учун 6 миллиард сўм, оилавий тадбиркорлик учун эса 17 миллиард сўм имтиёзли кредит ажратилган. Шунингдек, “Бир контур — бир маҳсулот” тамойили асосида 89,2 гектар ер майдонида намунавий лойиҳалар амалга оширилади.
Бугун Сўхда ҳаёт тобора яхшиланиб бормоқда. Ҳудудий инвестиция дастурлари, саноат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти, тадбиркорликдаги истиқболли лойиҳалар кенг кўламда амалга оширилмоқда.

— Кўрсатилаётган эътибор ва рағбат туфайли йил якунигача туманда камбағаллик даражасини 4,7 фоизга, ишсизликни эса 4,3 фоизга тушириш режалаштирилган, — дейди “Ҳазрати Али” МФЙ раиси, халқ депутатлари Фарғона вилояти Кенгаши депутати Субҳонали Нишонов. — Туризм ва тиббиёт туризми драйвер соҳалар сифатида жадал ривожланмоқда. Саноат, хизмат кўрсатиш, картошкачилик, боғдорчилик ва шоличиликда илм-фан ютуқлари асосида замонавий ёндашувлар жорий этилмоқда.

Сўхликлар орасида бир гўзал одат бор: уйига кўп меҳмон кирган одам ҳурматли инсон ҳисобланади. Меҳмон кутилаётган ҳовлиларда эса доимо файзли дастурхон ёзилади. Яқин кунларда кетмон елкада, гулқайчи қўлда туман аҳли она заминдан ризқ ундириш умидида ерга уруғ сепади. Мўл ҳосил орзусида меҳнат қилади, боғ-роғлар парваришланади, чорва боқилади, қишлоқ ҳаёти янада жонланади. Ана шу саъй-ҳаракатлар ҳаётимиз фаровонлиги, турмуш даражамиз йилдан-йилга юксалиб бораётганининг яққол ифодасидир.
Ботир Мадиёров, «Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатларидан иборат делегация аъзолари Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди (+фоторепортаж)
- 16 январь куни баъзи жойларда қор ёғади
- Кўрфаз араб давлатлари бозорига божсиз кириш имкони яратилади
- Дунё бўйлаб қон ва кўзёш билан ўтган бир ҳафта — 20 та суратда
- “Аналог турмуш тарзи”. Инсонларда сунъий интеллектга қарши кайфият кучаймоқда
- Ўзбекистон дунёдаги сайёҳлар оқими энг тез ўсаётган етти мамлакатдан бири — БМТ ҳисоботи
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг