Сирдарёда туризм имкониятлари

Аҳмадали ШEРНАЗАРОВ/«Халқ сўзи». Сирдарё вилоятида туризмни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш, ушбу соҳани миллий иқтисодиётимизнинг устувор йўналишларидан бири сифатда шакллантиришга доир муҳим ишлар бажарилмоқда. Шу билан бирга, бу борада ижобий натижалар ҳам кузатиляпти.
2025 йилнинг январь – май ойлари давомида вилоятга 200 минг нафар маҳаллий ҳамда 28 мингдан ортиқ хорижий туристлар ташриф буюрган. Бу рақамлар соҳада ўсиш ва ижобий тенденциянинг мавжудлигини кўрсатади. Сайёҳлар асосан қўшни мамлакатлар – Тожикистон, Қозоғистон ва Қирғизистондан тиббиёт ва саёҳат туризми мақсадида, Хитой, Жанубий Корея, Россиядан эса бизнес ҳамда ишбилармонлик туризми бўйича келган. Буларнинг бари Сирдарё вилоятида туризмнинг турли йўналишларини жорий этиш имконияти борлигини тасдиқлайди.
Эътиборлиси, тиббиёт туризми секторида ҳам ижобий ўзгариш кузатилмоқда. Жорий йилнинг 5 ойи мобайнида 2 433 нафар хорижлик фуқаро вилоятдаги тиббиёт муассасаларида даволаниб, 1,4 миллиард сўмлик туризм экспорти амалга оширилди. Бу рақам ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 30 фоизлик ўсишни англатади.
Ушбу маълумотлар вилоят раҳбари Эркинжон Турдимов томонидан туризм соҳасида олиб борилаётган ишлар натижалари бўйича ўтказилган муҳокамада маълум қилинди. Ўз навбатида, соҳада ижобий натижалар билан бир қаторда ҳали қилинажак ишлар, вазифалар кўплиги билдирилди. Жумладан, 135 та туризм объектларида вилоят ҳокимлиги ишчи гуруҳи томонидан ўтказилган ўрганишда аниқланган камчиликлар айтилиб, ҳокимликлар ҳамда хусусий секторлар ҳамкорликда фаол ҳаракат қилмаётганлиги, тизим ривожи учун инфратузилмани яхшилаш устувор вазифалардан бўлиши зарурлиги билдирилди. Жойлаштириш воситалари сонини ошириш, санитар-гигиеник талабларга жавоб берадиган муассасалар яратиш ва овқатланиш шохобчаларини модернизация қилиш юзасидан аниқ вазифалар белгилаб берилди. Хусусан, йил охиригача 10 га яқин меҳмонхона ва хостеллар ташкил этилади.
Хорижий мамлакатларда ўтказиладиган халқаро тадбирларда (roadshow) Сирдарё вилояти туризм салоҳиятини намоён этувчи видеоконтентлар билан иштирок этиш, ҳар бир хорижий хизмат сафари чоғида ҳудудларнинг туризм салоҳиятини намоён этувчи видеолавҳалар, тақдимотлар ва ҳамкорлик меморандумларини тузиш ишларини доимий йўлга қўйишга эътибор кучайтирилади. Соҳада пировард натижани ошириш, ҳамкорликни кенгайтириш, замонавий маркетинг ва тарғибот воситаларини жорий этиш орқали вилоятда туризм соҳасини янада юқори босқичга олиб чиқиш ва жорий йил охирига қадар ҳудудга 300 минг маҳаллий туристни жалб этишга астойдил ҳаракат қилинади.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Саудия Арабистонида «Ўзбекистон маданияти кунлари» давом этмоқда
- Супер ой: Бугун Ернинг табиий йўлдоши одатдагидан анча катта кўринмоқда
- Аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тартиби белгиланди
- Самарқандда ЮНЕСКОнинг 43-сессиясига тайёргарлик авжида
- Марказий Осиё педагоглари Нукусда жам бўлди
- Ҳудудларда 34 та юқори технологияли саноат лойиҳалари амалга оширилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг