Сирдарё ишсизликдан ҳоли ҳудудга айланмоқда

12:05 26 Июнь 2025 Жамият
146 0

Аҳмадали ШEРНАЗАРОВ/«Халқ сўзи». Маълумки, давлатимиз раҳбари 2022 йилнинг ноябрда Сирдарё вилоятини «ишсизликдан ҳоли ҳудуд»га айлантириш бўйича топшириқ бериб, ушбу вазифани тўла-тўкис бажариш учун нима қилиш керак, қайси йўналишларга эътибор қаратиш, қандай йўл тутиш лозимлигини аниқ ва лўнда кўрсатиб ўтган. Хўш, ўтган қарийб уч йил давомида мазкур долзарб ижтимоий-иқтисодий масала бўйича қандай натижаларга эришилди?

Сирдарё вилояти камбағалликни қисқартириш ва бандлик бошқармасидан маълум қилинишича, 2023 йили вилоятда жами 125 мингта янги иш ўринлари яратиш юзасидан чора-тадбирлар ишлаб чиқилди. Бу мақсадга эришиш учун тадбиркорлик, саноат, қишлоқ хўжалиги, хизмат кўрсатиш каби йўналишларни янада ривожлантиришга урғу берилди. Шу билан бирга, қурилиш, транспорт ва коммунал соҳалар, инвестициялар, ташқи савдо ва маҳаллий саноатни ривожлантириш, қишлоқ, сув ва ўрмон хўжалиги, хизмат кўрсатиш ва тадбиркорликни ривожлантириш ҳисобига кўплаб иш ўрни яратилди. Натижада 132 минг 200 нафардан ортиқ кишининг бандлигини таъминлашга эришилди. Бу белгиланган йиллик режага нисбатан 105,8 фоиз демакдир.

Икки йил аввал, яъни 2023 йилнинг 7 апрелида Президентимиз Шавкат Мирзиёев вилоятга ташрифи чоғида ҳудудни саноат, тадбиркорлик, қишлоқ хўжалиги, таълим ва тиббиёт бўйича «илғор инновациялар ҳудуди»га айлантириш зарурлиги бўйича берган топшириқлари айни пайтда ишсизликдан ҳоли ҳудудга айлантириш вазифасини бажаришда дастуриламал бўлди — дейди Сирдарё вилояти камбағалликни қисқартириш ва бандлик бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Нурилла Маматқулов. — Давлатимиз раҳбарининг вилоят аҳолиси фаровонлигини янада оширишга қаратилган 5 та янги ташаббусни асосида ҳар бир туман, шаҳарда Хитой модели асосида саноатга ихтисослашган инновацион технопарклар ташкил қилинди. Уларнинг барчасига эркин иқтисодий зона мақоми берилиб, бир қатор имтиёзлар қўлланилди. Айниқса, аҳоли томорқасидан унумли фойдаланиб, даромадини ошириш борасида «Сайхунобод тажрибаси»нинг ҳаётга татбиқ этилиши ўзининг катта самарасини бермоқда.

Бинобарин, томорқалардан самарали фойдаланишга бўлган эътиборнинг кучайтирилгани ҳам аҳоли бандлиги таъминлашда муҳим омил бўлмоқда. Масалан, биргина Сирдарё туманининг Қуёш маҳалласидаги 1155 та хонадоннинг 1000 дан ортиғида иссиқхоналар ташкил этилди. Бу соҳада тажрибага эга фуқаролар кўмагида ушбу деҳқончилик усулининг сир-асрорлари бу борада янги иш бошлаганларга ўргатилди. Шу тариқа «Бир маҳалла – бир маҳсулот» тамойили жорий қилиниб, етиштирилган маҳсулотни четга экспорт қилиш йўлга қўйилди. Маҳалланинг ўзида 2023 йил давомида Қозоғистон ва Россия давлатларига 35 миллиард сўмлик помидор, булғор қалампири каби маҳсулотлар экспорт қилинди. Бу кўрсаткич ўтган йилда 45 миллиард сўмдан ортди. Ўз навбатида экспорт жуғрофияси ҳам кенгайди.

Айтиш лозимки, кенг кўламда ва изчил жорий этилган Сайхунобод, Уйчи, Зарбдор, Ғиждувон тажрибалари натижасида тадбиркорлик муҳити тубдан ўзгарди, одамларнинг даромади ошди, эртанги кунга ишонч пайдо бўлди. Қолаверса, банк хизматлари манзилининг маҳалла даражасигача туширилиши ҳам яхши самара берди. Хусусан, «Сайхунобод тажрибаси» асосида 220 млрд сўм кредит ҳисобига 7 мингта микролойиҳа ишга туширилиб, 4 минг 200 камбағал кишининг бандлиги таъминланди. Шу билан бирга, танлаб олинган 2 минг 300 та хонадонга 37 миллиард сўмлик учталик ва бешталик кредит пакетлари яъни, қорамол ва қўй, парранда, асалари уяси етказиб берилиши ҳисобига, 1 минг 600 нафар фуқарони даромадли қилишга эришилди. Бундан ташқари, маҳаллалардаги ҳоким ёрдамчилари тавсияси билан 25 миллиард сўм кредитлар ажратиш ҳисобига 1100 та 3-5 сотихли ихчам иссиқхоналар барпо этилиб, 1 минг 500 нафар фуқаро камбағалликдан чиқарилди.

Таҳлил ва маълумотларга кўра, вилоятда ўтган йилда камбағаллик даражаси 13,8 фоизни ташкил этган бўлса, 2025 йил бошига келиб 10,2 фоизга тушган. Жорий йил бу кўрсаткични 7,4 фоизга тушириш белгиланган. Ҳудудларда олиб борилаётган ишлардан кўриниб турибди-ки, бу саъй-ҳаракатлар билан кўзланган мақсад ортиғи билан бажарилади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?