“Шунқорлар – 2023” мусобақасида Хоразм вилояти жамоаси кубокни қўлга киритди
Фото: “Ватанпарвар” ташкилоти Матбуот хизмати
Жорий йилнинг 22-24 июнь кунлари Тошкент вилоятидаги “Чирчиқ” дала ўқув майдонида “Амир Темур издошлари” спартакиадаси доирасида Ўзбекистон Республикаси мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти томонидан “Шунқорлар” ҳарбий-спорт ўйинларининг Республика босқичи ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти Матбуот хизмати хабарига кўра, Ёшлар ишлари агентлиги билан ҳамкорликда ўтказилган “Шунқорлар” ҳарбий-спорт ўйинларида Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлар маҳаллаларида истиқомат қилаётган “Ёшлар дафтари”да рўйхатда турувчи ёшлар ҳамда “Темир дафтар” ва “Аёллар дафтари”дан ўрин олган оилалар фарзандлари иштирок этди. 17 ёшдан 22 ёшгача бўлган 140 нафар уюшмаган ёшлардан ташкил топган 14 та жамоа учта блокдан иборат синовлардан ўтказилди.
“Ҳарбий-ватанпарварлик блоки”да жамоа аъзолари Ўзбекистон ҳарбий тарихига доир билимларини намоён этдилар. Шунингдек, жамоаларнинг фотоальбомлари ва вимпеллари, “Мен нечун севаман Ўзбекистонни?” мавзусидаги презентациялари ҳамда ҳарбий-ватанпарварлик варақалари кўрикдан ўтказилди.
“Ҳарбий-амалий кўпкураш блоки”да жамоалар пневматик қуролдан ўқ отиш, ўқув гранатасини узоқликка улоқтириш ва ҳарбийлаштирилган эстафета бўйича беллашдилар. Ҳарбийлаштирилган эстафета доирасида ёшлар “АК-74” автоматини нотўлиқ қисмларга ажратиш ва тўлиқ йиғиш ҳамда газга қарши ниқобни кийиб, белгиланган масофага югуриш шартларини бажардилар.
“Спорт блоки”да жамоалар дуатлон, 100 метрга югуриш, турникда тортилиш бўйича ўзаро мусобақалашдилар.
Дўстона руҳда, шу билан бирга шиддатли ва муросасиз кечган “Шунқорлар” ҳарбий-спорт ўйинларининг Республика босқичида Хоразм вилояти жамоаси ғолибликни қўлга киритди ва Ўзбекистон Республикаси мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти Марказий кенгаши раисининг кубогини ўзида сақлаб қолди. Ўтган йили ўтказилган ўйинларда ҳам ушбу жамоа ғалаба қозонган эди. Мусобақада иккинчи ўрин Навоий вилояти, учинчи ўрин эса Самарқанд вилояти жамоаларига насиб этди.
Якунда ғолиблик ва фахрли ўринларни қўлга киритган жамоалар аъзолари “Ватанпарвар” ташкилоти ва Ёшлар ишлари агентлиги раҳбарияти томонидан дипломлар ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.
Эътиборли жиҳати, мазкур ўйинлар доирасида ўтказилган мусобақаларда юқори натижаларни кўрсатган 11 нафар йигит ва қизлар спорт разрядларига эга бўлдилар.
Таъкидлаш жоизки, республика миқёсида ўтказиб келинаётган “Шунқорлар” ҳарбий-спорт ўйинлари “Ватанпарвар” ташкилотининг “Ватанпарварлик – олий мақсадим!» концептуал ҳарбий-ватанпарварлик ғояси остида ёшларни бирлаштиришга мустаҳкам замин яратди.
“Шунқорлар” ҳарбий-спорт ўйинларини ўтказишдан асосий мақсад ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик ва Ватанга садоқат руҳида тарбиялаш, чақириқ ёшидаги ўсмирларни Қуролли Кучлар сафларида хизмат қилишга тайёрлаб бориш ҳисобланади.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- G20 саммитининг Жанубий Африкада ўтказилиши шармандали ҳолат – Трамп
- АҚШ ва Британия Сурия муваққат президенти Ахмад аш-Шаръани «қора рўйхат»дан чиқарди
- Ўзбекистон U-17 терма жамоаси Жаҳон чемпионатидаги иккинчи ўйинида мағлуб бўлди
- Ўзбекистон миллий терма жамоасининг халқаро мусобақа учун қайдномаси эълон қилинди
- Туркия суди Нетаньяҳуни Ғазода геноцид содир этганликда айблаб, ҳибсга олиш ордерини маъқуллади
- Россия НАТОга ҳужум қилиш учун шай ҳолатда — Бундесвер генерали
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг