Шунчаки ёзмоққа кўнгил тўлмайди...

15:31 16 Май 2023 Маданият
9316 0

Шунчаки ёзмоққа кўнгил тўлмайди,

Шунчаки ёзмоққа бормайди қўлим.

Шунчаки ёзмоққа чидаб бўлмайди,

Шунчаки ёзмоқ, бу — шоирга ўлим.

Ижодининг илк даврида, адабиётга кириб келаётган палласида битган бу мисралар Ўзбекистон халқ шоири Ҳалима Худойбердиева учун бир умр олтин қоидага айланди. Шунчаки ёзмоқни эмас, “шунчаки ўйлагиси”, “шунчаки куйлагиси” келмайдиган шоира бу мисраларни ўзининг шиори билиб, унга бир умр содиқ қолди. Ижодкорнинг биринчи нашр этилган китоби — “Илк муҳаббат” тўпламидан энг сўнгги сайланмасигача кузатган киши бунга яна бир бор ишонч ҳосил қилиши, шубҳасиз.

Айрим шоирлар ижодида бир гуллаш даври бўлиб, кейин сусайиб қолади. Ҳалима Худойбердиева ижодини изчил ўқиган одам ундаги шеърдан шеърга ўсиб боришни ҳис этади.

Шоира шеърларидаги чуқур мазмун ўзига мос шаклда намоён бўлади. Қаранг:

Онагинам!

...Олча гулин кўзларингга суртасан беҳол:

“Бу кунларга етганлар бор, етмаганлар бор”.

Мазкур сатрларда ўзбек аёлининг тийнати зуҳур топган. Армонда, шукроналикда, ички руҳий юксакликда уйғунлашиб кетган. “Онагинам” сўзидаги оҳанрабо бутун шеър мисраларига кўчган. “Онагинам”ни “Онажон” деб ўзгартириб кўрингчи, мазмун сақланиб қолиши мумкин, лекин шеърнинг оҳангги, таровати йўқолади.

Ижодкор шеърларининг ўзига хос тили, мусиқийлиги, жаранги бор. Санаб айтади, гоҳ бахшиёна куйлайди. Заргар олмосни тарашлаб, жилосини намоён қилганидек шоира сўзларни шундай ўрнида қўллайдики, сўз товланиб, ярақлаб кетади.

Ҳалима Худойбердиева ҳис қилганини яйраб ёзадиган шоира. Бу — Ватанга, миллатга, инсонга бўлган меҳрдан терилган марварид сатрлардир. Шу боис битганлари мухлиси кўнглига етиб бориб, ўчмас бўлиб ўрнашиб қолади:

Қалбга экинг. Қадим турк чинорлари тиклансин,

Қон-қардошнинг чин дўсту, чин ёрлари тиклансин.

Ҳар юракда бир Турон минорлари тиклансин,

Улуғ мамлакатни кўтаринг!

Ватанга муҳаббат қалбда бўлсагина ҳақиқийдир. “Эй одамдай қадимий юрт, сен осмоннинг тенгқури”, дея юртини улуғлаган шоиранинг Ватан ҳақидаги ҳар бир мисрасида адоқсиз муҳаббат балқиб туради. Меҳрга йўғрилган сатрларни ўқиган китобхонгада бу туйғу кўчади, муаллифга китобхон томонидан меҳр, иззат бўлиб қайтади.

Ҳалима опа юртга севгисини шунчаки куйламайди. Баланд пардаларда, ўз шеърий овозига мос, оққушнинг сўнгги қўшиғидек нолали куйлайди. У ўзбекнинг тоғи ҳақида куйласа, қор бўлиб зийнат беради. Чўли ҳақида куйласа, булоқ бўлиб ташна дилларни қондиради. Меҳрини мисраларида оқ олмалардек оқизиб, армуғон қилади. Унинг шеърларида самимият бор, ясамалик йўқ, тарона бор, ялламалик йўқ. Бу шундай шеъриятки, шоира айрим шеърларини гоҳида нара тортиб, гоҳида инграб, дил озурдалигидан силқиб-силқиб ёзади. Ҳар қандай ҳолатда тоза дил билан ёзади. “Она элим”даги мисраларга боқинг:

Она элим дўстинга дўсту

Душманинга хавфу хатарман.

Жилғалардай чулдираб ўсдим,

Илдизингдан келган хабарман.

“Миллий виждон кўтарсин”, “Озодликни бериб кетинг”, “Ҳуррият тожи”, “Ватан жим туради”, “Туркистон томонларда”, “Турк дунёсини ўнгловчилар”, “Байроқни бермасдан”, “Ватан деб” сингари, умуман, ватанпарварлик мавзусидаги шеърларида мана шундай шиддатли, кўтаринки руҳ устувор.

Ҳалима Худойбердиева шеърларида Турон мардлари тулпорларининг туёқ товушини эшитиб, нозбўйнинг ифорини ҳам туйиш мумкин. Чунки унинг шеърларида миллат руҳи тўлқинлари мавж уради.

Инсондаги миллатсеварлик туғма бўлса керак. Уни сунъий яратиб бўлмайди. Ҳалима Худойбердиева мана шундай Худо кўнглига миллат, инсоният дардини солган шоиралардан эди. “Гуноҳ” шеъридаги икки мисрадаги ижтимоий юкни, масъулиятни кўринг:

Ерда Инсон кўзга олар экан ёш,

Ҳали биз ювмаган айб бу, замондош.

Ҳалима Худойбердиева ўзбекнинг ориятини сатрларга кўчириб, йигитларни орли бўлишга ундаса, аёлнинг нафислигини таърифлаб, гўзаллик қадрини оширади. Аёлнинг ёрига бўлган суюмли илтижони Ҳалима опагина “Бегим, Сизни Худойим расо қилиб яратган”, дея бир мисрага жойлай олади. “Ёлғиз аёл хати”, “Онам кетиб боряпти”, “Оналар ҳақида”, “Аёл монологи”, “Тўмариснинг айтгани”, “Аёл ўтиб борар”, “Муқаддас аёл” каби шеърларининг ҳар бирини нозик хилқат вакилларига қўйилган шеърий ҳайкал дейиш мумкин.

Сен дарёсан, ўпганини қирғоқ яширар,

Жуфтим бўл, — деб чопганини     ҳар тоқ яширар,

Жаннатим, — деб қувонмасдан қумлоқ яширар,

Сен барибир муқаддассан,

Муқаддас Аёл!

Аёлнинг муқаддаслиги унинг қалби билан боғлиқ. “Ич-ичида йўлбарс ўкириб, Сиртдан майин жилмайган аёл” сиймосини Ҳалима опа сўзлар-ла тиниқ чизади.

Ижодкорнинг шахси билан асарлари чамбарчас боғлиқ. Юрагида дови бўлмаган ботирлик ҳақида ёзса, кўнгилдагидек чиқмайди. Ёки гўзалликни ҳис қилмай туриб, гул япроғидаги шабнам ҳақида ёзса, нафосат сезилмайди. Ҳалима Худойбердиева ич-ичидан ҳис қилганини ёзгани учун ҳам битиклари таъсирли. У қалбни уйғотувчи қўнғироқ бўлиб халқ юрагини жунбушга келтиришни истамаса, “Мен Туроннинг қадим қўнғироғимен, Жаранг берсам қир-даласи уйғонар” сатрлари туғилмасди.

Ҳалима Худойбердиева ҳаёт зарбаларидан туғилган надоматга қарши, адолат туғини баланд кўтариб залварли сўз айтади. Унинг лирик қаҳрамони қисмат зарбаларига қарши шунчаки бош эггувчи эмас. Унинг қалбидаги олов, довқурлик бунга йўл қўймайди. У дардини шеърга солиб, дардни енгадиган шоиралардан.

Одамнинг дунёқараши кенг бўлса, кўнгли ҳам кенг бўлади. Унинг шеърият дунёсида қизғалдоқнинг нафислиги билан уясини ҳимоя қилаётган она шернинг жасорати бор. Ҳазрат Яссавий, Амир Темурдек аждодлардан “Сув узатар томирим...» дея фархланиш бор. Айни пайтда “Кўнгли ярим одам ҳақида шеър” ҳам ёзади. Мана, шоира қалби.

Мен Ҳалима опа шеърларини самимият балқиб турган табассумли асарлар дегим келади. Негаки, табассумли инсон суҳбатдоши кўнглига ўтиришгандек шоира шеърлари ҳам китобхон кўнглига ўтиришади. У армонларини табассум-ла айта оладиган шоира.

Ҳалима Худойбердиева шеърларидан беадоқ кашфиётлар топасиз. “Баъзида гул ҳасратлардан ортиқ яшнаб кетмоғини” Ҳалима опагина тасвирлай олади. Халқ шоира шеърларини суйганидан унинг сатрлари оғиздан-оғизга кўчавериб, ҳикматли ибораларга айланиб кетган: “Бу кунларга етганлар бор, етмаганлар бор”, “ Ҳар гап ўтса мендан ўтди, Сизда гуноҳ йўқ, бегим”, “алвонланиб бораман”, “оқ дўст”, “лолазорга айлангум”, “кўнглимнинг минг синиғи”, “алвон қўшиқ”, “Турон қўнғироғи”, “эркка тўйин”, “Йиқилган байроқдек кўтариламан” ва ҳоказо.

Шоир ким деган саволга кўплар ўзича жавоб ёзишган. Буларнинг ичида энг гўзалларидан бири Ҳалима Худойбердиеванинг “Демакки, сен шоирсан” шеъридир. Адабиётимизда шоир образини бу даражада очиб берган шеър кам. Чўғ босиб ҳам, қўрдаям, тўрдаям, шўрдаям ҳайқиролган шоиргина шу номга муносиб.

Нафақат

Зар, зўрларни,

Узсанг, тўсин, тўрларни

Чайқалтирсанг, гўрларни,

Гўрдаям ҳайқиролсанг,

Демакки, сен шоирсан!

Шоира шеърлари мағзи тўқ сатрларга, бадиий санъатларга, теран мазмунга эгалиги билан ажралиб туради. Уларнинг ҳар бири ҳақида узоқ мулоҳаза юритиш, ижоди тўғрисида эса жилд-жилд китоблар ёзса арзийди.

Ҳалима Худойбердиева шеърларини мавзу кўлами ва уларнинг яратилган даври жиҳатдан таснифлаш, туркумлаш мумкин. Бу шоира асарларидаги ранг-барангликни яна бир бор кўрсатади. Чунки Ҳалима опа ижодидаги ёвқурлик, руҳий ғалаён, аёл қалбининг нозик томонларини теран ифодалаш, миллатнинг жонкуяр фарзанди сифатида уни яна мукаммал кўриш орзуси бу рангинликка жило беради.

Ҳалима Худойбердиева шеърни ҳеч кимга ўхшамаган тарзда, ўзига хос ўқирди. Бу ҳамма шоирларнинг ҳам қўлидан келавермайди. Унинг овози шеъриятимиз осмонида беқиёс қўнғироқ садоси бўлиб янграганди, шундай бўлиб қолаверади. Сўзни, оҳангни ҳис қилиш, сўз тароватини туйишнинг ҳосиласи бу.

Ҳалима Худойбердиева ижодкор сифатида “Ўзарман, ёзарман келгунча сўнг он”, “Шоир яшай билмас тилини тишлаб, Кўриб, кўрмасликка солиб ўзини” аҳдига содиқ қолди.

Назари ўткир шоира элнинг дил бирлигини истарди. “Овоз пардаларим чидаб берса бас”, деган шоира ниятига етди: ўз қарашларини юксак пардаларда куйлай олди. Шоиранинг “Мен ўлсамда, ҳисларим ила, Сезгим қолсин одамлар аро” сатрлари худди башорат бўлиб, у жисман бўлмасада, ҳамиша халқ қалбидадир.

Элни суйганни эл ҳам суяди. Ардоқлаганни ардоқлайди. Мамлакатимизда Ҳалима Худойбердиева хотирасига эҳтиром рамзи сифатида Гулистон шаҳрида ҳайкал ўрнатилгани, шоира номидаги ижод мактаби фаолият юритаётгани мана шу ардоқнинг бир кўринишидир.

Ҳалима Худойбердиеванинг улуғлиги унинг унвони миллатнинг шоири бўлганидир. Демак, миллат бор экан, шоира ҳам барҳаётдир.

Адҳамбек АЛИМБEКОВ,

адабиётшунос олим, профессор.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер