Шубҳали тўловларни амалга оширманг — Миграция агентлиги фуқароларни огоҳлантирди

Миграция агентлиги фуқароларни лицензиясиз хорижга ишга жўнатиш билан шуғулланаётган компаниялардан эҳтиёт бўлишга чақирди.
Қонунчиликка мувофиқ, хорижда ишга жойлаштириш фаолиятини фақат Миграция агентлиги ёки ушбу агентлик томонидан лицензия берилган хусусий бандлик агентликлари амалга ошириши мумкин.
Агентлик маълумотига кўра, ўтказилган назорат тадбирларида айрим фирмалар ижтимоий тармоқларда «консалтинг» ёки «ахборот хизмати» ниқоби остида фуқаролардан пул йиғиб, амалда ҳеч қандай хизмат кўрсатмагани аниқланган. Натижада улар лицензиясиз хорижга ишга жўнатиш фаолияти билан шуғуллангани фош этилган.
Шу боис, бир қатор корхоналарга жарималар қўлланилиб, судларга даъво аризалари киритилди:
Worldvisa МЧЖ — 9 апрель куни текширув, 11 апрелда 112,5 млн сўм жарима;
Everyone Consult МЧЖ — 9 апрель куни текширув, 11 апрелда 112,5 млн сўм жарима;
Adworld Group МЧЖ — 24 апрель куни текширув, 28 апрелда 112,5 млн сўм жарима;
Rich Result МЧЖ — 15 май куни текширув, 21 майда 112,5 млн сўм жарима;
Ravon Consult Group МЧЖ — 15 май куни текширув, 26 майда 112,5 млн сўм жарима.
Агентликнинг таъкидлашича, «лицензиясиз ташкилотлар орқали хорижда ишга жойлашишга уриниш молиявий ва ҳуқуқий хавф туғдиради». Фуқароларга расмий рўйхатдаги агентликлар хизматидан фойдаланиш тавсия этилди.
«Ҳар қандай шартномани имзолашдан олдин уни диққат билан ўқиб чиқинг. Шубҳали тўловларни амалга оширманг», — дейилади агентлик хабарида.
Эслатиб ўтамиз, август ойи бошида Adworld Group МЧЖ хорижга ишга жойлаштириш ваъдаси билан фуқароларни чув туширгани ҳақида хабар берилганди. Текширувларда компания ижтимоий тармоқларда Черногория, Сербия, Англия, Литва, Норвегия, Уммон ва Япония каби давлатларда иш ўринларини реклама қилгани, аслида эса лицензиясиз фаолият юритгани аниқланган.
Мазкур компания хизматлари айрим машҳур блогерлар томонидан ҳам тарғиб қилингани сабабли кўплаб фуқаролар чалғиган ва оқибатда моддий зарар кўрган.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда доллар курси пастлади
- Жаҳон олимлари нигоҳи яна Ўзбекистонга қаратилди
- «Бунёдкор» мураббийи Сергей Арсланов вафот этди
- Президент Ўзбекистон ўқитувчи ва мураббийларига табрик йўллади
- Экрандаги қабоҳатнинг ҳаётдаги акси ёки енгил-елпи сериаллар жамиятга нима беряпти?
- Нью-Йорк манзаралари
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг