Шоирга эҳтиром кўрсатилди
Фото: “Халқ сўзи”
Адабиётни боғу бўстонга қиёслашади. Бу боғдаги ҳар бир гулу гиёҳнинг ўз бўйи, кўрки бор. Улар тароватидан баҳраманд кўнгилларда эса она юрт, Ватанга меҳру муҳаббат, одамийлик туйғуси ўзгача бўй кўрсатади. Шу нуқтаи назардан юртимизнинг чекка гўшаларида яшаб ижод қилаётган шоир, ёзувчиларга ҳам эҳтиром кўрсатилаётгани кишида шукроналик ҳиссини уйғотади.

Бухоро вилояти Ғиждувон туманида истиқомат қилаётган педагог — шоир, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, “Шуҳрат” медали соҳиби Негмурод Гулиев ана шундай ижодкорлардан. Унинг “Бир қадам”, “Ёзмасам қўймас юрак”, “Шукрона қил” номли китоблари шеърият мухлислари назарига тушган. Ғазаллари санъаткорлар томонидан қўшиқ қилинган. Болаларбоп шеърлари, хусусан, математика фанига уйғунлаштириб юборилган битиклари жажжи китобхонларни ўйлашга, мушоҳада юритишга ундаши билан эътиборга лойиқ.
Шоирнинг 70 ёшга кириши муносабати билан ижодкор таҳсил олган, кейинчалик бир неча йил математика фани ўқитувчиси сифатида фаолият кўрсатган 28 – умумий ўрта таълим мактабида адабий – маърифий кеча ўтказилди. Тадбирда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси номидан сўз олган шоирлар Азиз Саид, Зикрилло Неъмат , уюшма вилоят бўлими раҳбари Шодмон Сулаймон ва бошқалар ижодкорни юбилей билан қутлашди. Шоирга уюшма раиси, Халқ шоири Сирожиддин Саййиднинг табрик хати, уюшма совғаси топширилди, шунингдек, мактаб кутубхонаси учун китоблар жамланмаси туҳфа этилди. Мактаб ўқувчилари томонидан ижодкор қаламига мансуб шеърлар ёд айтилди, ғазаллари асосида басталанган куй – қўшиқлар янгради.
Худди шундай тадбир Бухоро давлат педагогика институтида ҳам ташкил этилиб, ижодкорга ҳурмат – эҳтиром кўрсатилди.
Истам ИБРОҲИМОВ, “Халқ сўзи”.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- “Ўтган баҳсда концентрация бироз жойида эмас эди. Шу сабабли “жиннича” хатоларга йўл қўйдик” — Фабио Каннаваро
- АҚШ мудофаа харажатлари туфайли НАТО бўйича иттифоқчиларини ҳимоя қилишдан воз кечиши мумкин
- Бен Кингсли иштирок этган Ислом цивилизацияси маркази ҳақидаги фильм New York Festivals 2026 финалига йўл олди
- Шавкат Мирзиёев Саудия Арабистони Подшоҳлиги Валиаҳди Муҳаммад бин Салмон Ол Сауд билан телефон орқали мулоқот қилди
- Тошкентда қиличбозликнинг сабля йўналиши бўйича Жаҳон кубоги босқичи старт олди
- «Дронлар дуэли» ёхуд Украинадан Эронгача бўлган синов полигонларида шаклланган янги дунё тартиби
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг