Шавкат Мирзиёев ЕТТБ президенти билан учрашув ўтказди
Фото: Президент матбуот хизмати
"Марказий Осиё - Европа Иттифоқи" биринчи саммитининг ишбилармонлик дастури 3 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Европа тикланиш ва тараққиёт банки президенти Одиль Рено-Бассонинг учрашуви билан бошланди.
Мамлакатимизнинг ушбу нуфузли халқаро молиявий институт билан кенг кўламли ҳамкорлигини янада ривожлантиришнинг амалий жиҳатлари атрофлича кўриб чиқилди.
Ўзбекистон ва EТТБ ўртасидаги стратегик шериклик муносабатларида юксак даражага эришилгани катта мамнуният билан қайд этилди. Устувор тармоқлардаги қўшма лойиҳалар портфели барқарор кенгайиб бормоқда. Банкнинг мамлакатимиз иқтисодиётига киритган жами инвестициялари 5 миллиард евродан ошди, жумладан, ўтган йил якунларига кўра қарийб 1 миллиард еврони ташкил этди. Молиявий кўмакнинг асосий ҳажми хусусий секторга тўғри келмоқда.
Мамлакатимиз бўйича ўрта муддатли Шериклик стратегияси самарали амалга оширилмоқда. EТТБ экспертлари кўмагида банк соҳасини трансформация қилиш ва бизнес учун имкониятларни кенгайтириш чоралари кўрилмоқда.
Учрашувда лойиҳаларнинг ижроси сифатини яхшилаш ва самарадорлигини ошириш бўйича биргаликдаги ишлар ўз натижасини бераётгани қайд этилди. Жараёнларни мақбуллаштириш ва лойиҳаларни тайёрлашни тезлаштириш муҳимлиги таъкидланди.
Кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш, хотин-қизлар ва ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш, давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини, шу жумладан таълим, сув таъминоти, маиший чиқиндиларни қайта ишлаш каби муҳим йўналишларда кенгайтириш масалалари диққат марказида бўлди.
"Яшил" иқтисодиёт, углерод чиқиндиларини камайтириш, рақамлаштириш ва сунъий интеллект, ипотека бозори, транспорт коммуникацияларини ривожлантириш ва бошқа соҳалардаги дастур ва лойиҳалар ҳамкорликнинг устувор йўналишлари сифатида белгиланди.
Жорий йил июнь ойида Тошкент халқаро инвестиция форуми ва Хорижий инвесторлар кенгашининг навбатдаги йиғилишига тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш юзасидан ҳам фикр алмашилди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни
- Ўз халқини Сиз каби чин дилдан севадиган давлат раҳбарини учратмадим – «ACWA Power» компанияси бошқаруви раиси Муҳаммад Абунайян
- Имтиёзли шартларда пенсияга чиқиш ҳуқуқини берувчи рўйхатни тузиш тартиби белгиланди
- Иш билан боғлиқ бахтсиз ҳодисалар ва касбга оид касалликлар ҳақидаги маълумотларнинг яхлит тизими йўқлиги кўрсатиб ўтилди
- Ўзбекистонда наркожиноятлар сони 5 йилда 103 фоизга ошди
- Ҳар бир ҳудудда “Касаба уюшмалари боғлари” ташкил этилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг