Шамол қанотидаги қораўзак
Қораўзак тумани нафақат Қорақалпоғистоннинг, балки жонажон Ўзбекистоннинг энг чекка ҳудудларидан бири ҳисобланади. Бу ерда доим кучли шамол эсиб туради. Табиатнинг бу неъмати энергия манбаига айланиб, ҳар бир хонадонга умид, ишонч ва қулайлик олиб кирмоқда. Айниқса, “Нукус-1” шамол электр станцияси ишга туширилганидан аҳоли жуда миннатдор. Қорақалпоқларда “Улуснинг улуғ куни” деган ибора бор. Аҳоли шу кунни интизор кутиб, янги имкониятлар ва барқарор келажакка ишонч билан қарай бошлади. Энди Қораўзакнинг шамоли шунчаки табиат ҳодисаси эмас, балки янги имкониятлар ва ривожланиш йўлини очувчи улкан имкониятдир.
– Қораўзакдаги шамол станцияси Саудия Арабистонининг “ACWA Power” компанияси иштирокидаги йирик лойиҳанинг биринчи босқичидир, – дейди станция директори Сардорбек Маҳмудов. – Иккинчи босқичда Беруний туманида 26 та турбина ўрнатилиб, 100 МВт қувватга эга энергияни сақлаш тизими барпо этилади. Бу лойиҳани келаси йил сентябрда ишга тушириш режалаштирилган. Қўнғирот туманида эса 1,5 ГВт қувватга эга улкан шамол станцияси лойиҳаси устида ишланмоқда. Мутахассисларнинг 80 фоизи — маҳаллий ёшлар.
Бундай йирик лойиҳани амалга оширишдан аввал йиллар давомида Қораўзакнинг шамол тезлиги, ҳаво оқимларининг ўртача йўналиши ва экологик шароитлар атрофлича ўрганилди. Шу тадқиқотлар натижаси ҳудуднинг шамол энергетикаси учун энг қулай жой эканини аниқланди. Лойиҳанинг умумий қиймати 107 миллион доллар, қуввати 100 мегаватт бўлиб, унда ҳар бири 6,5 МВт қувватга эга 16 та замонавий шамол турбинаси қад ростлади. Бу турбиналар йил давомида тахминан 350 миллион кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқаради. Ҳозирда тўлиқ қувватда ишга туширилди.

– Туманимизда “Нукус-1” шамол электр станцияси ишга туширилгани ҳазилакам иш эмас, – дейди шамол электр станцияси энергетиги Тимур Сейитназаров. – Кўплар шамолдан электр олиш ғоясига шубҳа билан қараганди. Ҳозир бу лойиҳа амалда ўзини тўлиқ оқламоқда. Ҳар бир турбинадан чиқадиган энергия, ҳар бир мегаватт қувватимиз нафақат Қораўзакнинг, балки бутун мамлакатнинг энергетик мустақиллигига ҳисса қўшяпти.
Сир эмаски, бутун дунёда саноат ривожланиши маълум даражада табиатга салбий таъсир кўрсатиб келмоқда. Бугун юртимиздаги экологик вазиятдан келиб чиқиб, саноат корхоналарининг атроф-муҳитга таъсирини минималлаштириш чоралари давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Қораўзакдаги шамол электр станцияси қурилиши ва ишлаш жараёнида ҳудуднинг флора ва фаунасига алоҳида эътибор берилди. Лойиҳа ишлаб чиқаришдан аввал ҳам атроф-муҳитни ҳимоя қилиш тадқиқотлари ўтказилиб, барча технологиялар экологик стандартларга мувофиқ танланди.
– Қурилишдан олдин ҳудуднинг флора ва фаунаси синчиклаб ўрганилиб, 240 га яқин Ўрта Осиё тошбақаси махсус консултантлар назоратида 2,5 км узоқликка кўчирилди, – дейди тажрибали эколог Анвар Атамуратов. – Қушлар хавфсизлиги учун АҚШдан 6 мингта махсус жиҳоз олиб келиниб, юқори кучланишли линияларга ўрнатилди. Станция ишга туширилиши натижасида 100 миллион куб метр табиий газ тежалади, атмосферага чиқадиган 180 минг тонна карбонат ангидрид гази чиқиндиларининг тарқалиши камаяди. Бу нафақат минтақанинг экологик барқарорлиги, балки энергетика самарадорлигини ҳам таъминлайди. Агарда бу станция ишлаб чиқарадиган энергияни хонадонлар мисолида айтадиган бўлсак 140 минг хонадонни электр билан таъминлаш қувватига эга экан. Бу –бизнинг Қораўзак туманидагидек 12 та туман хонадонлари сарфлайдиган энергияни ишлаб чиқаради, деганидир.

Эътиборлиси, бу энергия эндиликда қанча кичик-бизнес лойиҳаларини энергия билан таъминлашини ҳисобга олсак, халқимиз учун қанчалик муҳим аҳамият касб этиши янада яққол кўринади.
– Олдинлари бу ерда фақат тош ва ҳак каби қурилиш материаллари чиқариларди, – дейди нуроний Қидирниёз Досназаров. – Ҳозирда гранит, темир, мис ва олтин қазиб олиниб, қайта ишланмоқда. Ишга туширилаётган шамол станцияси катта имкониятлар эшигини очди. Бу энергия нафақат хонадонларни, балки кўплаб кичик бизнес ва ижтимоий лойиҳаларни ҳам амалга оширишда муҳим аҳамиятга эга.
Қораўзак кенгликлари нафақат табиат бойлиги, балки инсон меҳнати ва замонавий технологияларнинг уйғунлигига айланмоқда. Ҳар бир шамол парчаси бу ҳудудда янги ғояларга, саноат ва иқтисодий ривожланишга илҳом бағишлайди. Энди бу шамол қанотида келган нур нафақат Қорақалпоғистонга, балки бутун юртимиз бўйлаб ёруғлик улашмоқда.
Ғайрат ОТАЖОНОВ
(«Халқ сўзи»).
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- «E-ekspertiza» платформаси орқали электрон ҳужжатлар алмашинувини йўлга қўйиш тартиби тасдиқланди
- Нодавлат суд-эксперти сифатида фаолият юритиш янада соддалаштирилади
- «Истанбул Башакшеҳир» меҳмондан ғалаба билан қайтди
- Украинанинг уч вилоятида портлашлар қайд этилди. Қурбонлар бор
- Бу йил Ўзбекистон Пролигасида 14 та жамоа иштирок этади
- Шавкат Мирзиёев Вашингтон шаҳрида Тинчлик кенгашининг дастлабки йиғилишида иштирок этди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг