Шаъбон ойининг фазилатларини биласизми?
Бизни муборак Рамазонга юзлаштирадиган ой бу Шаъбондир. Унинг фазилатлари хусусида жуда кўплаб тарихий далиллар келтириш мумкин. Уларнинг энг ишончлиси Аллоҳнинг каломи ва севимли пайғамбаримиз саллолоҳу алайҳи васалламнинг муборак ҳадисларидир.
Биз ҳозир шу баракотли ойнинг 14-15-кунларида турибмиз. Худо хоҳласа, яна 15 кундан сўнг сиз билан биз соғиниб кутаётган муборак Рамазон кириб келадилар. Фазилатли Ражаб ойидан кейин келиб, Рамазонга ёндош бўлгани учун ҳам Шаъбоннинг ҳикмати, сир-синоати юксакдир. Расулуллоҳ саллолоҳу алайҳи васаллам бу ойга ўзгача иззат-икром кўрсатиб: «Ражаб Аллоҳнинг ойи, Шаъбон менинг ойим, Рамазон бутун умматим ойидир», деганлар. Сабаби, айнан Шаъбоннинг 15-куни ҳазрат пайғамбаримиз саллолоҳу алайҳи васаллам кўпдан буён орзу қилиб келаётган Ислом тарихидаги буюк воқеалардан бири юз берган. Маълумки, Расулуллоҳ саллолоҳу алайҳи васаллам Маккада яшаган даврларида қибла Байтул Мақдис томонда эди. Шу боис, мусулмонлар ҳозиргидек Маккага эмас, балки, Байтул Мақдисга юзланиб ибодат қилишарди. Бироқ, бу ҳолатни севимли пайғамбаримиз саллолоҳу алайҳи васаллам кўп ҳам хушламасдилар ва қиблани Макка шаҳрида, Аллоҳнинг уйида бўлишини хоҳлардилар. Муборак қалбларидаги бу истак туғёнга келган дамларда, тўлин ойдек нурли юзларини осмонга тикиб, Роббисидан бу хусусда қатъий буйруқ келишини кутарди. Бу бежизга эмасди. Расулуллоҳ саллолоҳу алайҳи васаллам Ислом миллати учун энг афзал жой қибла бўлишини истардилар. Чунки, Маккаи Мукаррама Ер шарининг қоқ киндиги ҳисобланарди. Бунинг устига, пайғамбарлар бобоси Иброҳим алайҳиссалом Аллоҳнинг амри билан Каъбани қурган бу жой ер юзидаги энг мукаррам ва муборак манзил эди. Ҳазрат Иброҳим алайҳиссалом Роббисининг буйруғи билан аёли ва фарзанди Исмоил алайҳиссаломни бу жойда ёлғиз қолдираркан, Макканинг нону суви, зироати, тошу тупроғига барака тилаб дуо қилдилар. Халилининг дуога очилган қўли тушмасиданоқ, бу сўровни Аллоҳ Ўз даргоҳида қабул этди. Расулуллоҳ саллолоҳу алайҳи васаллам эса бу табаррук жойни умматнинг қибласига лозим кўрилишини жуда-жуда истарди. Ўз ҳабибининг бирор бир орзусини жавобсиз қолдирмаган Роббимиз бу истакни амалга оширди. Қуръони Каримнинг «Бақара» сураси 144-оятида бундай дейилади: «Гоҳо юзингизни осмонга тез-тез бурилганини кўрамиз. Бас, албатта, сени ўзинг рози бўлган қиблага қаратамиз. Юзингни Масжидул Ҳаром томон бур! Қаерда бўлсангиз ҳам, юзингизни у томон бурингиз. Албатта, китоб берилганлар уни Роббиларидан бўлган ҳақ эканини биладилар. Ва Аллоҳ уларнинг қилаётган амалларидан ғофил эмасдир» (шайх Муҳаммад Содиқ, Муҳаммад Юсуф, «Тафсири Ҳилол»).
Тарихий манбаларда таъкидланишича, ҳазрат Жаброил алайҳиссалом бу муқаддас оятни айнан Шаъбоннинг 15-куни Аллоҳнинг севимли пайғамбарига етказганлар.
Расулуллоҳ саллолоҳу алайҳи васаллам Шаъбон ойи келса, рўзасини тутиш билан унга иззат кўрсатардилар. Ул зотнинг бу ойдаги рўзадор кунлари узлуксиз давом этарди.
Оиша разияллоҳу анҳо айтади:
«Набий саллоллоҳу алайҳи васаллам бирон ойда шаъбондагидан кўп рўза тутмас эдилар» (Саҳиҳул Бухорий, 3-китоб).
Шаъбонинг 14-куни қуёш ботган пайтидан 15-куни шу вақтгача энг улуғ, фазилатли муддат ҳисобланади. Шу боис унинг 14-,15- кунлари кечасини ибодатда, тасбеҳу зикрда, кундузларини рўзадор ҳолатда ўтказмоқ хайрлидир.
Ибн Можанинг ҳазрат Али розияллоҳу анҳудан қилган ривоятида бундай сатрларни ўқиймиз: «Қачон Шаъбон ярми кечаси бўлса, унинг кечасини бедор ўтказинглар, кундузининг рўзасини тутинглар. Чунки ўшанда, Аллоҳ қуёш ботиши пайтида дунё осмонига тушади ва: «Қани, истиғфор айтувчи борми? Мен унга ризқ берурман. Қани балога учраган борми? Мен унга офият берурман. Қани фалончи, қани пистончи?», — дейди. Токи, тонг отгунча шундоқ бўлади», — дедилар».
Бу кеча ўлим фариштаси Азроил алайҳиссалом кейинги йил шаъбонгача умр дафтари ёпиладиган инсонлар рўйхатини ҳозирлайди. Аллоҳнинг зикрида бедор бўлганларга, жойнамоз узра дуога қўл очиб турганларга ризқ улашади, сўрагани Аллоҳдан берилади.
Шаъбоннинг яна бир фазилати бу ойда Расулуллоҳ саллолоҳу алайҳи васалламга жуда кўп саловат айтишликдир. Албатта Аллоҳнинг севимли пайғамбарига саловату салом юборишлик уммат учун энг хайрли амаллардан биридир. Бу ҳақида Қуръони Каримда муқаддас оят мавжуд.
«Албатта, Аллоҳ ва Унинг фаришталари пайғамбарга саловат айтурлар. Эй иймон келтирганлар, сиз ҳам унга саловат айтинг ва салом юборинг» («Аҳзоб» сураси, 56-оят, шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, «Тафсири Ҳилол»).
Шаъбон ойи ўзининг ана шундай гўзалликлари билан бизга юзланиб турибди. Унинг фазилатларидан баҳраманд бўлиш ҳар кимнинг ихтиёрида. Ғанимат фурсатни бой беришлик умрни зое кетказиш деган гап. Чунки кишининг яхшиликка эришиши доимо эъзозланган.
Шодиёр Мутаҳаров,
Ўзбекистон халқаро ислом академияси
мустақил тадқиқотчиси
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Нодавлат суд-эксперти сифатида фаолият юритиш янада соддалаштирилади
- «Истанбул Башакшеҳир» меҳмондан ғалаба билан қайтди
- «E-ekspertiza» платформаси орқали электрон ҳужжатлар алмашинувини йўлга қўйиш тартиби тасдиқланди
- Украинанинг уч вилоятида портлашлар қайд этилди. Қурбонлар бор
- Бу йил Ўзбекистон Пролигасида 14 та жамоа иштирок этади
- Шавкат Мирзиёев Вашингтон шаҳрида Тинчлик кенгашининг дастлабки йиғилишида иштирок этди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг