Сенаторлар фуқаролар мурожаатлари асосида жойларга чиқиб ўрганишлар ўтказмоқда
Олий Мажлис Сенати аъзолари фуқаролар мурожаатларини ўрганиш, маҳаллий даражада мавжуд муаммоларга ечим топиш мақсадида бевосита ҳудудларга бориб ишлаш амалиётини изчил давом эттирмоқда. Бу жараёнда маҳаллий Кенгашлар депутатлари, «маҳалла еттилиги», жамоатчилик вакиллари ҳамда аҳоли билан бевосита мулоқотлар ташкил этилмоқда.
Келиб тушаётган мурожаатларнинг бир қисми жойида ҳал этилаётган бўлса, мураккаб ва қўшимча ўрганиш талаб этувчи масалалар Сенат назоратига олиниб, уларни кўриб чиқишга тегишли давлат ва хўжалик бошқаруви органлари жалб этилмоқда.
Шу муносабат билан, Олий Мажлис Сенатининг Ёшлар, хотин-қизлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси аъзоси Малика Қодирхонова ҳамда Ёшлар парламенти раиси Лайло Аслонова Тошкент шаҳри Яккасарой туманида жойлашган «Юнус Ражабий» маҳалласига ташриф буюриб, аҳоли томонидан билдирилган мурожаат асосида ноқонуний қурилиш ҳолатини жойида ўрганди.
Фуқаролар томонидан билдирилган мурожаатда маҳалла ҳудудида олиб борилаётган қурилиш ишлари шаҳарсозлик талабларига зид экани, шунингдек, маданий мерос объектлари рўйхатига киритилган Амалий санъат музейига зарар етказиши мумкинлиги таъкидланган.
Ўрганиш жараёнида масъул ташкилотлар ва маҳаллий органлар вакиллари иштирокида қурилиш ишларининг ҳуқуқий асослари, белгиланган нормаларга мувофиқлиги ҳамда маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш талабларига амал қилиниши юзасидан комплекс таҳлил ўтказилди.
Ўрганиш якунларига кўра аниқланган ҳолатлар бўйича тегишли давлат органларига ҳуқуқий чоралар кўриш, қурилиш фаолиятини қонунчиликка мувофиқлаштириш ҳамда маданий мерос объектларини асрашни таъминлашга қаратилган таклиф ва тақдимномалар киритилиши белгиланди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Инвесторлар учун энг жозибадор ҳудуд ёхуд инвeстиция оқимидаги кескин тафовутнинг сабаб ва оқибатлари
- Алишер Навоий – илм ва маъно эҳтиёжи манбаи
- Бедилни халққа танитган хаттот
- Ўзбекистонда инсон аъзоларини 3D биопринтерда чоп этиш имконияти яратилмоқда
- Ўзликни англаш сари муҳим қадам: «Миллий қадриятлар атласи» китоб-альбоми тақдимот қилинди (+видео)
- Миллий нақшларда ўзлигимиз намоён
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг