Сенатор Тошкент шаҳрида жамоатчилик вакиллари билан қатор учрашувлар ўтказди

16:33 11 Сентябр 2025 Сиёсат
106 0

Олий Мажлис Сенати Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси аъзоси Гулнора Маруфова халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутатлари, тегишли идора ва ташкилотлар раҳбарлари иштирокида Тошкент шаҳрида жамоатчилик вакиллари билан бир қатор учрашувлар ўтказди.

Тадбирлар доирасида сенатор жорий йилнинг 4–5 сентябрь кунлари бўлиб ўтган Сенатнинг ўнинчи ялпи мажлисида муҳокама қилинган қонунлар ва парламент назорати доирасидаги масалалар юзасидан батафсил ахборот берди.

Хусусан, «Масъулияти чекланган жамиятлар тўғрисида», «Давлат ижтимоий суғуртаси тўғрисида», «Ноширлик фаолияти тўғрисида»ги қонунлар, Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш жараёнларини жадаллаштириш, кредиторлар талабларини қаноатлантириш тизимини такомиллаштириш, транспорт хизмати кўрсатишни ташкил этиш каби йўналишлардаги қонун ҳужжатларига киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар, шунингдек, Бош прокурорнинг ҳисоботи ва коррупцияга қарши кураш бўйича миллий маъруза мазмун-моҳияти ҳақида фикр юритилди.

Шунингдек, сенатор Тошкент шаҳар Кенгаши депутатлари ҳамда Олмазор тумани Кенгаши депутатлари билан биргаликда Олмазор туманидаги «Ғалаба», «Ниҳол» ва «Юқори Бешқўрғон» маҳаллаларида «маҳалла еттилиги» аъзолари билан ҳам учрашувлар ўтказди.

Маҳалла фаолларига Сенат ялпи мажлисида кўтарилган долзарб масалалар юзасидан маълумотлар берилди. Шунингдек, маҳалла аҳолиси томонидан турмуш шароитларини яхшилаш, ичимлик суви ва коммунал хизматлар билан таъминлаш, ички йўлларни таъмирлаш, кўча ёритгичларини янгилаш, ижтимоий ёрдамга муҳтож оилаларни қўллаб-қувватлаш, ёшлар бандлигини таъминлаш каби масалаларга эътибор қаратилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?