Сенат саноат намуналарини рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги халқаро ҳужжатга мамлакатимизнинг қўшилиши ҳақидаги Қонунни маъқуллади

13:00 18 Май 2024 Сиёсат
214 0

Фото: Акмал Муҳаммадов / “Халқ сўзи”

Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлисида “Саноат намуналарини халқаро рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги Гаага битимининг Женева актига (Женева, 1999 йил 2 июль) Ўзбекистон Республикасининг қўшилиши ҳақида”ги Қонун кўриб чиқилди.

Муҳокама чоғида Гаага битимининг Женева акти ўз маҳсулотларини, биринчи навбатда, ташқи бозорларда илгари суришдан манфаатдор бўлган субъектларга саноат намуналарини рўйхатдан ўтказишнинг амалдаги миллий тизимларга нисбатан қулайроқ тартиб-таомилидан фойдаланиш имконини бериши таъкидланди.

Хусусан, бугунги кунда мамлакатимизнинг ишлаб чиқувчиси саноат намунаси интеллектуал мулки ҳимоясини олиш учун бир қатор мамлакатларда тегишли идорага ушбу мамлакатдаги шакл бўйича ва тилда ариза беришга мажбур бўлаётгани, ҳар бир мамлакатда ушбу тартиб-таомил учун ҳар сафар алоҳида ҳақ тўлаётгани айтиб ўтилди.

Гаага битимининг Женева акти миллий ишлаб чиқувчиларга барча тартиб-таомиллар бажарилишини ва ҳужжатлар тарқатилишини ўз зиммасига оладиган Бутунжаҳон интеллектуал мулк ташкилотига (БИМТ) битта ариза бериш имконини беради.

Ҳозирги вақтда 70 та давлат, шу жумладан МДҲнинг аксарият мамлакатлари Гаага битимининг Женева акти иштирокчилари ҳисобланади.

Қонуннинг қабул қилиниши миллий ишлаб чиқарувчиларнинг интеллектуал мулкини ҳимоя қилишни кучайтириш, шунингдек, янги маҳсулотлар яратишда уларнинг жавобгарлигини ошириш ва ишлаб чиқаришда патентланган объектлардан ноқонуний фойдаланишга йўл қўймаслик имконини беради.

Бундан ташқари, мазкур халқаро ҳужжатга қўшилиш мамлакатимизнинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиши йўлидаги яна бир муҳим қадам бўлади.

Қонун Сенат томонидан маъқулланди.

Фото: Акмал Муҳаммадов / “Халқ сўзи”

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?