Сенат қўмитасида «2026 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги Қонун муҳокама қилинди

21:36 09 Декабрь 2025 Сиёсат
302 0

Сенатнинг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси мажлисида «2026 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисидаги»ги Қонун қўмита аъзолари, тегишли вазирлик ва идоралар вакиллари, маҳаллий Кенгаш депутатлари иштирокида дастлабки тарзда муҳокама этилди.

Таъкидланганидек, келгуси йил Давлат бюджетида аҳоли турмуш даражасини яхшилаш, халқ фаровонлигини юксалтириш, «яшил иқтисодиёт»ни ривожлантириш ва ижтимоий соҳа мақсадларига устуворлик берилган ҳолда, Давлат бюджети харажатларининг қарийб 55 фоизи ёки 220,1 трлн сўми ижтимоий соҳага йўналтирилмоқда.

Шунингдек, Қонунда 2026 йилда консолидациялашган бюджет даромадлари 515,8 трлн сўм, харажатлар эса 567,6 трлн сўм миқдорида шакллантирилган. Бунда консолидациялашган бйджет тақчиллиги ялпи ички маҳсулотга нисбатан 3 фоиздан ошмаслиги назарда тутилган.

Келгуси йилда қишлоқ хўжалигига 3,4 трлн сўм, сув хўжалигига қарийб 10 трлн сўм ҳамда экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилишга 908,6 млрд сўм ажратилаётгани алоҳида қайд этилди.

Қонун билан насос станцияларида энергия тежамкор ускуналарни ўрнатиш тадбирларига сарфланадиган харажатлар учун 65 млрд сўм ҳамда қишлоқ хўжалигида сув тежовчи технологияларни жорий этиш учун 250 млрд субсидия ажратилиши назарда тутилмоқда. Бу ўз навбатида келгуси йилда сув ресурсларидан оқилона фойдаланишга ҳамда йўқотишларни камайтиришга хизмат қилади.

Бундан ташқари, Қонунда ер майдонларини янгидан ўзлаштириш ва қишлоқ хўжалигида қайта фойдаланишга киритиш бўйича ирригация-мелиорация тадбирларини амалга ошириш харажатлари учун 50 млрд сўм ажратилиши назарда тутилмоқда.

Таъкидланганидек, ушбу Қонун қишлоқ ва сув хўжалиги ҳамда экология соҳаларида устувор этиб белгилаган вазифаларни бажариш, ижтимоий муаммоларни ҳал қилиш ҳамда тадбиркорлик субъектларини ҳар томонлама рағбатлантиришга, тенг ва адолатли рақобат муҳитини яратишга қаратилган.

Муҳокама якуни бўйича Қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?