Сенат қўмиталарида қонунлар дастлабки тарзда кўриб чиқилди

19:31 17 Июнь 2020 Сиёсат
1113 0

2020 йил 17 июнь куни Олий Мажлис Сенати қўмиталарининг видеоконференсалоқа шаклидаги мажлислари бўлиб ўтди. Унда сенаторлар, вазирлик ва идоралар мутасаддилари, экспертлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар. Бу ҳақда юқори палата ахборот хизмати хабар берди.

Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси мажлисида «Инновацион фаолият тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни дастлабки тарзда муҳокама этилди. Таъкидланганидек, амалдаги қонунчилигимизда инновацион фаолият соҳасидаги муносабатларни, тегишли тушунчаларни, илмий ишланмаларни амалиётга татбиқ этиш ва   муваффақиятли ўзлаштиришни тартибга солувчи ягона қонун ҳужжати мавжуд эмас эди. Шу жиҳатдан мазкур Қонун соҳанинг қонунчилик асосини мустаҳкамлайди. Қолаверса, илмий-техник ва инновацион фаолият натижаларини трансфер қилиш, ўзлаштириш ҳамда тижоратлаштиришни фаоллаштиришга хизмат қилади.

Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси мажлисида «Фуқароларнинг жамоат тартибини сақлашда иштирок этиши тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни дастлабки тарзда муҳокама этилди. Сўзга чиққанлар томонидан қайд этилганидек, қонунчиликда фуқароларнинг жамоат тартибини сақлашдаги иштирокининг ҳуқуқий асослари мавжуд эмаслиги, юртдошларимизнинг бу жараёнда ҳуқуқбузарликлар профилактикасини бевосита амалга оширувчи ички ишлар органлари ва бошқа тузилмалар билан ҳамкорлиги масалалари тартибга солинмаганлиги ушбу соҳада қатор муаммоларни келтириб чиқармоқда. Гарчи муҳокама қилинаётган Қонун юқорида белгиланган мақсадларга йўналтирилган бўлса-да, бироқ, унда бир қатор консептуал камчиликлар мавжудлиги мажлисда алоҳида таъкидланди.

Хусусан, фуқароларни жамоат тартибини сақлашга жалб қилишда уларни биринчи ёрдам кўрсатиш бўйича, ҳуқуқий, жисмоний тайёргарликдан ўтказиш, ҳимоя воситалари билан таъминлаш, уларнинг ҳаёти ва соғлиғини ўз маблағлари ҳисобидан суғурталаш каби мажбуриятлар Қонунда акс эттириш мақсадга мувофиқ ҳисобланади. Шунингдек мажлисда ушбу ҳужжатнинг бошқа бир қатор камчиликлари ҳам айтиб ўтилиб, уни такомилига етказиш зарурлиги қайд этилди.

Сўнгра мажлис иштирокчилари «Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-ижроия кодексига маҳкумларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ишончли ҳимоя қилинишини таъминлашга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини кўриб чиқдилар. Таъкидланганидек, Қонун 4 та моддадан иборат бўлиб, киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар маҳкумларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишни назарда тутади. Қайд этилганидек, мазкур Қонуннинг маъқулланиши келгусида маҳкумларнинг ҳуқуқлари, эркинликларини кенгайтириш ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш, жазони ижро этиш тизимида шахсни ахлоқан тузатиш ва жамиятга ижтимоий мослашувини амалга оширишида муҳим аҳамият касб этади.

Шунингдек, мажлисда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш ва соҳага оид қонун ҳужжатларининг ижро этилиши ҳолати юзасидан парламент сўрови юбориш тўғрисидаги масала ҳам муҳокама этилди.

Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси мажлисида Қўмита аъзоси Ж.Ходжаевнинг сенаторлик фаолиятига доир ҳисоботи эшитилди. Шунингдек, Сенат, Сенат Кенгаши ва Қўмита томонидан қабул қилинган қарорларнинг ижро этилиши ҳолати тўғрисидаги масала муҳокама этилди.

Мажлисларда кўриб чиқилган масалалар юзасидан қўмиталарнинг тегишли қарорлари қабул қилинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер