Сатрларда барҳаёт сиймолар

Истам ИБРОҲИМОВ/«Халқ сўзи». «Умрбоқий мерос» маданият ва санъат тарғибот маркази вилоят бўлими ташаббуси билан Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими ва бошқа бир қатор манфаатдор ташкилотлар ҳамкорлигида Бухоро давлат педагогика институтида «Сатрларда барҳаёт сиймолар» деб номланган республика адабий-маърифий анжумани ўтказилди. Тадбир икки зукко ижодкор – Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф ҳамда Тилак Жўра ижодига бағишланди.
Шоир, олим, таржимон Тилак Жўра билан Муҳаммад Юсуфни нафақат ижод, балки биродарлик ришталари ҳам боғлаб туради. Иккаласи ҳам ҳассос олим Ғайбуллоҳ ас-Саломнинг меҳру эътиборидан баҳраманд бўлишган. Ундан инсонийлик сабоғини олишган. Тилак Жўранинг самимий шеърлари Муҳаммад Юсуфни бефарқ қолдирмаган. Бежиз у бир шеърида:
Мен уни туғилмай туриб билардим,
Мурғак чоғ жаннатда юзин кўрганман.
Тегирмончиликни орзу қилардим,
Унга ҳавас қилиб шоир бўлганман, — дея ёзмаган.
— Тилак Жўра, Муҳаммад Юсуф каби ҳассос шоирларнинг асарларини ўқиганингда беихтиёр кўнгилдан «Бу ижодкорлар жадидларнинг муносиб давомчиларидир», деган фикр кечади, — дейди тадбир иштирокчиси, тарих фанлари доктори Шодмон Ҳайитов. —Тилак Жўра ўзининг ўтган аср етмишинчи йиллар охирида, мустабид тузум даврида ёзган «Она нияти» шеърида ҳурлик, эрк ғоясини тараннум этган. «От чоптириб чиқдинг уйингдан, От чоптириб қайтгин, илоҳим! Қўлингдаги жиловинг каби, Эркинг бўлсин ўзингда доим», мисраларини ўқиб шундай хулосага келиш мумкин.
Анжуманда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Бухоро вилоят бўлими раиси Шодмон Сулаймон, Муҳаммад Юсуфнинг рафиқаси Назира ас-Салом, «Шарқ Юлдузи» – «Звезда Востока» журналлари бош муҳаррири Сирожиддин Раупов, адабиётшунос А. Хонов ва бошқалар бу икки забардаст ижодкор ҳақидаги хотираларини сўзлаб бердилар. Ўз навбатида «Умрбоқий мерос» маданият ва санъат тарғибот маркази вилоят бўлими раҳбари Матлуба Бозорова ушбу анжуманни ўтказиш яхши анъанага айланганини таъкидлаб, Тилак Жўра туғилиб ўсган Қоракўл туманидаги Сайёд қишлоғида шоир ва олим хотирасини абадийлаштириш борасидаги режалар билан ўртоқлашди. Институт талаба-ёшлари ижросида янграган шеър ва қўшиқлар анжуманга ўзгача файз бағишлади.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Иш ҳақи, пенсия, нафақа ва стипендиялар миқдори 10 фоизга оширилади
- Эрон ва Исроил ўртасидаги зиддиятлар хронологияси ёхуд бугунги «уруш»нинг илдизи қаерда?
- Олимлар Альцгеймер касаллигидан ҳимоя қилувчи парҳез ҳақида маълумот беришди
- Доллар курси ошишда давом этмоқда
- Паркентда йилига 20 минг сайёҳни қабул қиладиган туристик мажмуа очилмоқда
- Ўзгаришларни сўз билан уйғотган журналист
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг