Самарқандда топилган қадимий артефактлардаги ёзувлар сири очиқланди

10:47 05 Ноябрь 2021 Жамият
1706 0

Фото: "Халқ сўзи"

2 ноябрь куни Самарқанд шаҳрида олиб борилган қазишмалар чоғида қадимий қабр тошлари топилгани ҳақида хабар берилганди. Топилма тез орада жамоатчилик ўртасида катта қизиқишга сабаб бўлди.

Самарқандлик таниқли тарихчи олим Комилхон Каттаев мазкур артефактлардаги ёзувлар бўйича қимматли маълумотларни тақдим этди.

Тарихчига кўра, биринчи кўктош Аштархонийлар сулоласининг Имомқулихон ҳукмронлиги (XVII асрга оид) даври ва Самарқандда Ялангтўш Баҳодир ҳокимлиги даврида яшаган бой оилага мансуб аёл кишига тегишли қабртошдир. Тошнинг олд томонида “Ҳаза ал-марқад ал-мағфури марҳуми Оқила Биби бинти Сўхий Увайс (ёхуд Абдул Вайс)” ёзуви бор. Тошнинг орқа учида: “Валфит-торихи санати исна ва ситтун ва алф (вафот санаси 1062//1651й)” деб ёзилган.

Иккинчи, кичик нақшли кўктошнинг уст томонида ўртада Калимаи шаҳодат, уст томоннинг тўрт атрофида “Оят ал-курсий” ояти тўлиқ ёзилган.

Кўктошнинг олд учида: “Ҳазаа марқал ал-мунаввар Биби София бинти Равшан” деб битилган. Қабртошнинг орқа учида: “Фит-тоърихи” 1061//1650 йил санаси келтирилган.

-Хулоса шуки, қабртошларнинг эгалари бўлмиш икки аёл қариндош бўлиб, икки йил ичида бирин-кетин вафот этишган (она ва қиз бола бўлиши мумкин). Қабртошлар палеографик жиҳатдан, тузилиши, нақшлари ва оятларнинг бир уста томонидан ёзилганлиги шуларни билдиради, - дейди Комилхон Каттаев.

Мазкур тошлар топилгач, дастлаб вилоят ўлкашунослик музейига етказилган эди. Бугун Самарқанд шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати тошларнинг Самарқанд шаҳридаги Шоҳи Зинда қабристонига олиб борилганини маълум қилди.

  Абдулазиз Йўлдошев, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?